“Демак, ишимиз бор экан, чарчаяпмиз, шукр”, дейишни унутиб қўямиз. Ваҳоланки, атрофимизда иш излаб юрганлар, меҳнат қилишга иштиёқи бўла туриб, имконияти чекланганлар қанча.
Ҳар гал мақола ёзиш учун шаҳардан ташқарига чиқиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки ишлашга имконияти чекланган одамлар билан суҳбатлашганимда шукр қилиб яшаш қийматини янада яхшироқ ҳис қиламан. Буни менга ўша одамларнинг ҳаётидан розилик ҳисси, уларга берилаётган ёрдамлардан миннатдорлик ва яхшироқ яшашга бўлган интилиши англатади.
Ҳар қандай жамиятда камбағал қатлам мавжуд. Уларнинг баъзилари ҳаётий синовлар сабаб шу ҳолга тушган бўлса, бошқалари ногиронлиги туфайли кўпроқ даромад топиш имкониятидан маҳрум. Аммо улар ҳам шу жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, мамлакат фуқаролари. Доим таъкидлаб келинган бу жумланинг амалдаги ифодаси эса юртимизда кейинги ўн йилда ўз исботини топмоқда. Яъни ҳар бир фуқарога берилаётган эътибордан оғир аҳволга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган шахслар ҳам четда қолмаяпти. Гап фақат уларга берилаётган ижтимоий кўмак, бир марталик ёрдамлар эмас, балки уларни жамиятга қўшиш, бошқа фуқаролар каби тенг шароитларда яшаши учун барча имкониятлар ишга солинаётгани ҳақида боряпти. Қизиқишларидан келиб чиқиб, ўқишга, ишга йўналтириляпти, бандлиги таъминланяпти. Бу давлатимиз ўз олдига қўйган асосий вазифа — камбағалликка бутунлай барҳам бериш ҳаракатларининг бир қисмидир.
Бу борада мамлакатимизда қатор аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, жорий йилда 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробарга ошириб, 3,5 мингтага етказиш, ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш мақсад қилинган. Бунда маҳаллалар асосий драйверга айланади. Жорий йилнинг 23 январь куни давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида шулар ҳақида сўз борди. Вазифалар аниқ, уларни амалга ошириш чоралари ҳам белгилаб берилган.
Бир оилани камбағалликдан чиқариш кўпчилик ўйлагани каби осон иш эмас. Айниқса, унда ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилса. Бу масалани янада жиддийлаштиради. Боиси, имконияти чекланган, бундан руҳий тушкунликка тушган инсонга, аввало, психологик кўмак, алоҳида эътибор зарур. Сўнг унинг қизиқишларини аниқлаштириб, шунга кўра бирор ишга йўналтириш мумкин. Бандлигини таъминлаш ҳам ихтиёрий масала, баъзилар имконияти сабаб ишлашни истамаслиги табиий. Шунда ҳам ўзини ёлғиз, кераксиз ҳис қилмаслиги учун имкон қадар бирор машғулотга йўналтириш чоралари кўрилади. Оиласининг бошқа аъзолари ҳам шу тарзда бирор ишга жалб этилади.
Яъни ҳозир юртимизда ўта оғир аҳволга тушиб қолган, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор оилалар билан шундай тизимли ишланяпти. Бунга 2024 йилдан бошлаб ҳар бир маҳаллада жорий этилган ижтимоий ходимлар масъул этиб белгиланган. Улар ўзларига бириктирилган хонадонларда доимий мониторинг ўтказиб, ҳар бир оила билан мунтазам ишламоқда. “Маҳалла еттилиги”ни ҳам ҳисобга олсак, биргина маҳалланинг ўзида фуқаролар билан тизимли ишлаш, муаммоларини ҳал этиш, ўқишга, ишга, тадбиркорликка йўналтириш учун қанча ходим меҳнат қилаётганини тасаввур қилаверинг.
Аммо ушбу ислоҳот орқали рақамларни ҳисоблаш эмас, балки аҳолининг чин маънодаги ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, фуқароларнинг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаб, фаровонлигини ошириш мақсад қилинган. Кўринаётган натижа, ўзгаришлар эса халқпарварлик сиёсатининг ёрқин намунасидир. Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масаласи бугун биринчи галдаги вазифалар қаторида кўрилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамланган “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойили амалий мазмун касб этиб, халқчил ислоҳотга айланди.
Рақамлар эмас, натижа гапирсин
Одатдагидек фотограф ҳамкасбим билан эрта тонгдан йўлга отландик. Бу галги манзилимиз Юқори Чирчиқ тумани. Чирчиқ дарёси ва Сирдарё ўртасида жойлашган бу туман Тошкент вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири. Яқин йилларгача аҳолиси фақат деҳқончилик қилиб, пахта-ғалла теримидан даромад кўриб келган. 2018 йилда туманда илк пахта-тўқимачилик кластери ишга тушиши ортидан 2 мингдан ортиқ кишининг бандлиги таъминланди. Кейинроқ ҳудудда бирин-кетин пахта-ғалла, шоличилик, боғдорчилик ва балиқчилик кластерлари пайдо бўлди. Туманга саноат кириб келиб, ишлаб чиқариш ривожланди. Энди одамлар корхоналарда меҳнат қилиб, даромад топяпти.
Бундай корхоналар кўплиги “маҳалла еттилиги” учун ҳам айни муддао. Боиси, улар оилаларнинг ижтимоий аҳволини ўрганиш асносида ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашда шундай корхоналар билан ҳамкорлик қилади. Одамлар учун олисга кетмай, ўз ҳудудида ишлаб, оиласига даромад олиб кириш анча қулай. Асосийси, тадбиркорлар имконияти чекланган, ногиронлиги бор фуқароларни ҳам фаол ишга қабул қилмоқда. Бунинг учун уларга қўшимча имтиёзлар бериляпти.
Умуман, бугун жуда кўп жойларда имконияти чекланган инсонлар меҳнат қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу уларга жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида барча шароитлар яратиб берилаётганидан далолат. Яъни улар ўз-ўзидан ишга жойлашиб қолмаяпти. Маҳалладаги ижтимоий ходим улар билан тизимли ишлаб, аввал ўқиш, кейин ишлаш учун йўналтиряпти. Соғлиғини тиклаши, тушкунликдан чиқиб, жамиятга қўшилиши учун зарур кўмаклар бериляпти. Бизга кун давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов ҳамроҳлик қилди. Йўл-йўлакай маълумотлар билан таништирди. Айтишича, 2025 йил январь-ноябрь ойи давомида Тошкент вилоятида 116 минг оила камбағаллик сўровномасидан ўтказилган. Сўровнома натижаларига кўра, 43 минг 756 оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилган. Мутасадди уларга берилаётган ёрдамлар ҳақида ҳам гапирди, аммо бизга кўпроқ амалий натижа муҳим. Ҳатто булар ҳақида эшитиб, “Имконияти чекланган бир неча кишига одатдагидек бир-икки марта моддий ёрдам берилиб, кўнгли кўтарилган бўлса керак”, деган хаёлга бордим. Аммо илк қаҳрамонимни кўриб, суҳбатлашишим биланоқ фикрим ўзгарди.
Тумандаги Шодлик маҳалласида яшовчи Манзура Эргашева билан “Баркамол авлод” болалар марказида кўришдик. Бир йилдан буён шу ерда тўгарак раҳбари сифатида болаларга ҳунар ўргатаркан. Имконияти чеклангани сабаб юришга бир оз қийналса-да, марказ биносига ўзига бўлган ишонч, қатъият билан кириб келди. Гапириш оҳанги анча дадил. Бир пайтлар ич-этини еган тушкунликдан асар йўқ, балки буни сездирмас. Ўзининг айтишича, ишга жойлашганидан кейин тушкунликдан чиқиб, умид билан яшай бошлаган. Ҳозир севимли иши муаммоларини унутишга, янги мақсадлар билан яшашига кўмак беряпти. Ҳам ҳаракат-таянч, ҳам кўриш қобилиятидаги нуқсонига қарамай, кўзларида ёниб турган шижоати одамни ҳайратга солади.
— Мендаги пай-тўқималар касаллиги 18 ёшимда нотўғри даволаш оқибатида орттирилган, — дейди Манзура опа. — Мана, 20 йилдирки, шу касаллик билан яшаяпман. Раҳматли отам соғайиб кетишимга умид қилиб, ногиронлик рўйхатига киритмаган, гуруҳ ҳам белгиланмаган. Уйимизга ижтимоий ходим келиб, аҳволни ўргангач, биринчи навбатда, ногиронлик гуруҳи белгиланди. Электрон аравача олиб беришди. Онам, акам ва унинг оиласи билан бир уйда яшаймиз. Маҳалламизда Наргиза Аҳмедова ижтимоий ходим сифатида иш бошлагач, шароитимизни ўрганиб, бугунгача нима ёрдам керак бўлса, кўмаклашиб келяпти. Унинг тавсияси билан тумандаги мономарказда бепул ўқиб, ҳунаримни янада кенгроқ ўргандим. Кўпроқ турдаги маҳсулотлар ясаб, онлайн сотувни йўлга қўйдим. 2024 йили уйимизга ҳокимнинг ўзи келиб, қандай ёрдам кераклигини сўраганида, сотувни кенгайтиришга эҳтиёжим борлигини айтгандим, эшигимиз олдига кўчма дўкон олиб келиб беришди. Мутлақо бепул фойдаланяпман. Сотув ҳам, даромад ҳам ёмон эмас. Кейинроқ “Баркамол авлод” болалар марказига ишга таклиф қилишди. Имкониятим чекланганига қарамай, эҳтиёжларим учун ўзим пул топаётганимдан қувонаман. Асосийси, шу ишим сабаб катта тушкунликдан чиқдим, ҳаётга бўлган умидим ошди. Шу йўналишда ишимни кенгайтириб, тадбиркорликни йўлга қўйишни мақсад қилганман.
Маҳалладаги ижтимоий ходим зиммасига юклатилган вазифа ҳам шу — оғир аҳволга тушиб қолган, имконияти чекланган, эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бир муаммосини ўрганиб, улар билан тизимли ишлаш, комплекс хизматлар кўрсатишдан иборат. “Шодлик” МФЙ ижтимоий ходими Наргиза Аҳмедова ўнлаб ана шундай фуқаролар билан ишлаб келмоқда. Уларга тиббий ёрдам хизматларидан тортиб, қизиқишига кўра спорт машғулотлари, ўқишга ва ишга жойлаш ҳаракатларини олиб боради.
Манзура опа Эргашеванинг саломатлиги ҳам ижтимоий ходимнинг доимий эътибори марказида. Сал аввалроқ ўзи ва онаси туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилиб, соғломлаштирилди. Ҳомийлар жалб қилиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармон харажатлари учун моддий ёрдам кўрсатиб турилади. Боиси, қаҳрамонимиз ўзи ишлаб, даромад топаётганига қарамай, баъзан жуда қимматлиги сабаб дори-дармонларига етказолмай қолади. Касаллиги эса доимий даволанишни талаб қилади. Ундаги пай-тўқималар хасталиги асорати кўзига ҳам таъсир кўрсатяпти. Шунинг ортидан бир йилдан кўпроқ вақт кўролмай қолгани, операциядан кейин кўз нури қисман қайтиб, ҳозир 5 фоиз кўришини айтди. Афсуски, бу бедаво дард бўлиб, борган сари қолган фоиз ҳам йўқолиб борар экан.
Булар ҳақида эшитяпман-у, кўзимда ёш қалқияпти, аммо унинг қатъиятини кўриб, ўзимни тийиб турибман. Билмадим, бу инсонга ачинганимданми ёки биз муаммо, синов деб нолийдиганимиз буларнинг олдида кўзга кўринмас нарса экани учунми, ичимни нимадир тирнади. Манзура опанинг ўзи эса ҳеч нолимаяпти, балки ичидан зил кетаётгандир, аммо бугунги кунига шукр қиляпти. “Шунисига ҳам шукр”, дейди қайта-қайта.
— Инсон олдинга интилиб яшаши керак. Касал эканман деб ётса, ётаверади, — дейди чин маънодаги қаҳрамоним Манзура опа Эргашева. — Энг муҳими, тушкунликка тушмаслик зарур. Баъзи кишилар кичик муаммога учраса, дарров тушкун бўлиб қолади, ҳаётдан умидини узади. Аммо одам ҳаракат қилса, ўзи қизиққан машғулот билан шуғулланса, севимли касбида ишласа, дарди ҳам унутилади. Фақат олдинга интилиш керак. Ҳамма нарса ўзимизга боғлиқ. Лекин атрофда ҳаракатимизга яраша ёки бизни ҳаракатга ундайдиган қўллов ҳам бўлиши керак. Авваллари имконияти чекланган, ногиронлиги бор шахслар деярли эътиборсиз эди. Гўёки ногиронлик уларнинг бир умр уйда кимнингдир парваришига муҳтож ҳолда яшаши учун ҳукм эди. Бугун эса бизга кўрсатилаётган эътибор, муносабатдан ўзимни соғлом инсондек ҳис қиламан. Ана шу ишонч бизга руҳий қувват беради.
Барака — меҳнатда
Бир оилани билардим. Турмуш ўртоғидан бева қолган аёл тўрт қиз, бир ўғилни ёлғиз боши билан вояга етказди. Бир қизи соғлом, қолганлари гапириш ва эшитишида нуқсон билан туғилган. Қариндошлар оила қургани бунга сабаб. Фарзандлари мендан бир неча ёш улуғроқ бўлгани боис, уларнинг улғайганини кўриб катта бўлдим. Аёлнинг арзимаган ойлик маоши ва болаларга бериладиган жуда кам суммадаги ногиронлик нафақасига кун кўришди. Аёл ногиронлик нафақасини расмийлаштириш учун ҳам доим қаергадир югурар, бир муддат фарзандларини шифохонага ётқизиб, ҳар гал имконияти чекланганини тасдиқлатиб олишига тўғри келарди. Шифохонада даволаниш бепул, аммо ўзига яраша харажатлари бўларди. Фарзандлари катта бўлиб ҳам бирор жойда ўқиёлмади, иш ҳам тополмади. Қизлари-ку, турмушга чиқиб кетди. Аммо ўғли ишлай олмади. Кўз нури ниҳоятда хира экани ишлашига панд берарди. Хуллас, оила умр бўйи ўз муаммолари билан андармон бўлиб яшади. Аёл оламдан ўтгунича ҳам фарзандларининг рўшноликка чиққанини кўрмади...
Манзура опа билан суҳбатлашиб, негадир шу ёдимга тушди. Афсуски, жамиятимизда айрим саховатпеша инсонларни айтмаганда, кўпчилигимиз ногиронлиги бор шахслар турмушига бефарқмиз. Бойлар ҳам бир неча мартадан кейин ёрдам қўлини узади. Биз эса ўзимиздан ортмаймиз. Энг беминнат кўмакчи эса барибир давлатимиз экан. Буни кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир аҳволдаги, ногиронлиги бор инсонларни фаол ҳаётга жалб қилиш, камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар мисолида кўряпмиз. Умуман, ҳар биримизнинг тақдиримиз, турмуш шароитимиз бугун давлатимиз эътиборида эканини кўрмаслик, ҳис этмасликнинг иложи йўқ.
Юқори Чирчиқ туманидаги “Жумағули” МФЙда яшовчи Гулмира Яхшибоева хонадонига киришимиз билан бунга яна бир карра амин бўлдим. Аёлнинг турмуш ўртоғи Умид ака 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс сифатида рўйхатда туради. Бир вақтлар нотўғри муолажа сабаб танасининг бир томони фалажланиб қолган. Ҳозир анча яхши ҳаракатланади, аммо оғир иш қила олмайди. Доим кунлик енгил ишларга чиқиб юрган. Бироқ даромади яхши эмас, ўша ишларни топиш ҳам муаммо бўлган. Ногиронлик нафақаси эса дори-дармонидан ортмайди. Шу боис, қаттиқ тушкунликка тушиб қолган. 2024 йили маҳалладаги ижтимоий ходим оиланинг аҳволини ўргангач, эркакка “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида қоровул бўлиб ишлаш таклиф этилди. Шундан буён ана шу жойда ишлаб келяпти.
— Умримнинг охиригача ишсиз, қийинчиликда яшаб ўтаманми деган умидсизликка тушиб қолгандим, — дейди Умид Яхшибоев. — Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим менга иш таклиф қилиб, умидимни қайта уйғотди. Маъқул келгани, соғлиғим кўтаргани учун бажонидил рози бўлдим. Ишга кириш нафақат ойлик маош олиш, балки масъулият ҳам экан. Оилам, яқинларим олдидаги масъулият. Энди фарзандларим мактабда “отам ишсиз”, деб бошини эгмайди. Ишга киргач, тушунчам ҳам ўзгарди. Авваллари сиқилганимдан отамга, аёлимга кўп қаттиқ гапирардим. Ҳозир жамиятга қўшилдим, янги мақсадларим пайдо бўлди. Хонадонимда чорва молларимиз бор, уларни кўпайтириб, қассоблик ҳам қилмоқчиман. Уйимизнинг олдидан дўкон очиб, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш ниятимиз бор. Каттагина томорқамизда сабзавот етиштирамиз, шуни ривожлантириб, дўконда сотишни ўйлаяпмиз.
Шуларни гапира туриб, Умид ака ҳаётидан нолимаслигини айтди. Шукр қилиш яхши, аммо бу амал-тақал яшашга розилик эвазига бўлмаслиги керак. Бирданига “Чунки сиз олдин ҳам нолимагансиз, табиатингиз шунақа. Бу яхши. Лекин инсонмиз, яхши яшагимиз келади. Сиз ўз ҳаётингизда берилаётган ёрдамлар, эътиборни қанчалик сезяпсиз ўзи?” деган саволни бериб юбордим. Ака ҳам кулибгина, аммо ишонч билан “Тўғри, аввал ҳам нолимаганман, шукр қилиб яшаганмиз. Лекин ниҳоятда тушкун ҳолатда бўлганман. Ижтимоий аҳволим, доимий ишим ва даромадим йўқлигидан эзилганман. Менга берилган энг катта ёрдам — эътибор сабаб ана шу тушкунликдан чиққаним бўлди. Биламан, ойлик маошим кам эканига шама қиляпсиз. Тўғри, бу ойлик билан бойиб кетмаймиз. Аммо мана шу иш сабаб ҳаётга қарашим бутунлай ўзгарди, умидим, мақсадларим катталашди. Яшашимиз ёмон эмас, бироқ янада яхшироқ яшашга ишонч пайдо бўлди. Қолганига меҳнат қилсак, эришамиз”, деб жавоб берди.
Мен камлигига шама қилганим — ойлик маошдан жамғариб, оила ўзига скутер харид қилган экан. Қолаверса, имтиёзли кредит асосида ер ҳайдайдиган мотокультиватор ҳам берилган. Аканинг ўзи бўш вақтларида ёки ўғли ана шу техника ёрдамида қўшимча даромад топади. Яқинда иситиш мавсуми учун бир марталик моддий ёрдам сифатида 1 миллион сўм пул ҳам берилганини айтишди. Оила қишнинг бир камини тўлдирганидан хурсанд.
Ҳозир бир оз нолиса керак деган ўй билан қаҳрамонимизнинг аёли — Гулмира Яхшибоева билан ҳам суҳбатлашишга ошиқдим. Аммо аёлнинг гаплари мени янада ҳайрон қолдирди: “Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 13 йил бўлди. Янги келинлик пайтим турмуш ўртоғимни ҳар куни ишга кузатгим келарди. Бугун ана шу орзумга етдим, шукр! Қолган ниятларимизга ҳам аста-секин етяпмиз. Фарзандларимни катта қилиб олсам, ўзим ҳам мономарказда ўқиб, ишламоқчиман”.
Узатилган қўл — давлатники!
Инсон бошига қачон, қандай қийинчилик тушишини билмайди. Аммо ана шу қийинчиликни енгиб ўтиш учун сабр-матонатнинг ўзи камлик қиладигандек. Шундай вақтларда сизга узатиладиган қўл, кичик бўлса-да, қўллаб-қувватлов борлиги одамга куч беради. Агар бу ёрдамни давлат бераётган бўлса, маҳалла ҳол-аҳвол сўраб турса, оилангиз шу юртга кераклигини ҳис қилар экансиз...
Булар менинг эмас, Юқори Чирчиқ туманидаги Тинчлик маҳалласида яшовчи Комила Мансурованинг сўзлари. Аёл билан узоқ суҳбатлашдик. Ҳақиқатан, ҳаёт кутилмаган зарбалар, имтиҳонларга тўла. Комила опа бошдан ўтказганларини айтяпти-ю, мен худди фильм кўраётгандекман. Фақат бу фильмнинг қаҳрамони ёнимда ўтирибди.
— Ўзимизга тўқ, доимий даромадга эга оила эдик. 2022 йилда кутилмаганда бошимизга оғир синов тушди, — дейди Комила опа. — Қизимиз иккинчи фарзандига туғуруқ вақтида жуда оғир касалликка чалинди. Ўзи ҳам, фарзанди ҳам мия билан боғлиқ касаллик сабаб тўшакка михланиб қолди. Уни даволаб, оёққа турғазиш учун йиққан-терганимиз, бор-будимизни сотишга мажбур бўлдик. Шунчаликка етдикки, ейишга нон тополмай қолдик. Жуда қаттиқ тушкунликка тушдим. Аммо маҳаллага ёрдам сўраб чиқмадик, ўзлари уйма-уй юриб, ўрганишлар давомида аҳволимиздан хабар топди. Ишонсангиз, шундан буён ҳамма масалада ёнимизда туришибди. Бутун маҳалла, ижтимоий ходим, соғлиқни сақлаш ходимлари доим ёнимизда.
Қизим ва набирамни даволатишда жуда катта ёрдам беришди. Тошкентдаги шифокорлар туманимиз билан боғланган ҳолда ишлади. Қизимни вақтида шифохоналарга олиб боришимизга ҳам маҳалла сабаб. Қариндош-уруғлар доим ёнимизда туради-ку, аммо маҳалла кўмаги бошқача экан. Шифохонада ёнимда онам, укаларим турибди, лекин маҳалладан қўнғироқ қилиб, “Опа, сизга яна бирор ёрдам керак эмасми?” дейишганида, шифокорлар билан ҳоким ёки маҳалла раиси гаплашганида, катта ёрдамни ҳис қилдим.
Моддий аҳволимизни яхшилашимизда ҳам ижтимоий ходим доим ёнимизда бўлади. Турмуш ўртоғимга имтиёзли кредит асосида мотороллер берилган, шунинг орқасидан даромад топяпти. Ўзим олдиндан тикувчилик қилардим, қизим ва набирамнинг касаллиги сабаб цехда ишлолмадим. Мономарказда ўқиб, ўғил-қизларга дарс беришимни тавсия қилишди. Ҳозир тумандаги “Баркамол авлод” болалар марказида ўғил-қизларни ҳунармандлик ва қўл меҳнатига ўргатяпман. Маҳалланинг ижтимоий ходими яқинда менга бошқа иш таклиф қилди. Маҳалла томонидан 30 сотих ер ажратиляпти. У ерда йилига икки марта ҳосил олишни режалаштиряпмиз. Очиғи, қанча кўп ҳаракат қилганимиз сари маҳалла бизга шунча ёрдам беряпти.
Умуман, оиламиз ўта оғир кунларни бошдан ўтказди ва маҳалла ёрдамида қийинчиликлардан чиқиб келяпмиз. Молиявий аҳволимизни деярли ўнглаб олдик. Ҳозир ҳамманинг иши бор. Ўғлим мебель йўналишида ишлайди. Ногирон қизим ҳам тиббиёт йўналишида ўқиган, ҳозир малака ошириш курсида таҳсил оляпти, ишга жойлашмоқчи. Агар маҳалла ёрдам бермаганида, билмадим, бу муаммолардан қандай чиқардик. Баъзилар “Шу ёшингизда арзимаган ойликка ишлаб сизга нима зарур”, дейди. Лекин бу миннатдорлик ҳисси. Бор куч-ғайратим билан бизга кўрсатилган ғамхўрликка жавоб беришимиз керак. Ўқувчиларимга ҳам нафақат ҳунар, балки педагог сифатида ватанга муҳаббат ҳиссини уйғотаётганимдан ғурурланаман.
* * *
Ҳар гал ана шундай оилаларни кўрганимда, шукроналик ҳисси билан қайтишим ҳақида кўп айтаман. Тўғри, муаммо, қийинчиликлар ҳаммамизда ҳам бор. Ҳар биримиз қаердадир қоқиламиз, йиқиламиз. Аммо сабр билан қайта тура олиш ва йўлда давом этиш шукроналикнинг энг гўзал кўриниши бўлса керак.
Йиқилганида аллақачон давлатимиз қўл узатгани, ўз ҳимоясига олгани эса келажакка ишончимизни янада оширади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири