Мамлакатимизда бошланган Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳафталиги доирасида “Ўзбекистонда кам таъминланганликни қисқартиришдаги долзарб вазифалари: муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Э.Гадоев, БМТ томонидан ҳар бири аниқ ва манзилли вазифаларни ўз ичига олган “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари” қабул қилингани ва унинг Президентимиз Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”даги ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бирида белгиланган, аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини, харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш орқали - камбағалликни қисқартириш мақсадларига ҳамоҳанглигини қайд этиб ўтди.
Мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлари амалга ошириб келинаётгани натижасида камбағаллик бугун 12,8 фоиздан 11,4 фоизга қисқарган.
Биргина, пандемия шароитида аҳолининг муҳтож қатламини моддий, номоддий қўллаб-қувватлашни тизимли йўлга қўйиш мақсадида вазирлик ва идоралар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари қарорлари билан эҳтиёжманд оилалар рўйхатлари шакллантирилиб Барқарор ривожланиш мақсадлари ва унинг бош мақсади камбағалликни қисқартиришдаги долзарб вазифаларни таъминлаш бўйича фаол иш олиб борилаётганини таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, аҳолининг кам таъминланганлигига барҳам бериш бўйича дастурлар ва стратегияларни амалга ошириш учун ресурсларни сафарбар этиш ҳолати ва истиқболлари, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя хизматлари сифатини ошириш ва бошқа мавзулар бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.