Конференция Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, БМТ бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад, БМТ бош котиби ўринбосари Лю Чженмин ҳамда Миср, Қозоғистон, Перу, Филиппин, Жанубий Африка ва бошқа ривожланаётган мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирларидан таркиб топди.
Ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлик кун тартибида, қашшоқликни ҳар қандай шаклда йўқ қилишга устувор аҳамият бераётгани, ривожланаётган мамлакатларга, энг кам ривожланган мамлакатларга, ривожланаётган мамлакатларга, хусусан пандемия оқибатларини бартараф этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўз нутқида камбағалликни қисқартириш мамлакат Президенти томонидан белгиланган устувор вазифа эканлигини таъкидлади. Ушбу муаммонинг аҳамияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган таклифларида, шунингдек, қашшоқликни йўқ қилиш ва камбағалликни қисқартириш БМТ Бош ассамблеясининг яқинлашиб келаётган сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилашда ва ушбу масалаларга бағишланган Глобал саммитни ўтказишда ўз аксини топгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик мақсади барқарор ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш, камбағаллик даражасини кескин камайтириш эканлиги таъкидланди.
Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон бозор иқтисодиётини мустаҳкамлаш ҳамда либераллаштириш бўйича таркибий ислоҳотларга эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси делегацияси нутқида камбағалликни қисқартириш соҳасида глобал ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги, шунингдек, ушбу мамлакатнинг қашшоқликка қарши курашиш бўйича Хитой халқ Республикасининг муваффақиятли тажрибасини ролини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ривожланиш бўйича шериклик алоқаларини кенгайтириш, ««Бир макон—бир йўл»» ташаббусини ва БМТнинг 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибини амалга оширишга ҳисса қўшадиган бошқа минтақавий ва халқаро ҳамкорлик ташаббусларини қабул қилишнинг муҳимлиги тўғрисида келишиб олдилар. Учрашув доирасида, қатнашчилар ривожланаётган мамлакатлар учун янада очиқ ва инклюзив ривожланиш муҳитини яратиш, айниқса, пандемия шароитида глобал таъминот занжиридаги узилишларни бартараф этиш бозорлар очиқлигини таъминлашнинг аҳамиятига ҳам этибор қаратишди.

Хусусан, ХХР ташқи ишлар вазири ва БМТ вакиллари глобал пандемия натижасида 70-100 миллионга яқин дунё аҳолиси ўта қашшоқлик даражасига тушиб қолиши бўйича таҳдидлар мавжуд эканлигини таъкидладилар. Шу муносабат билан улар камбағалликни қисқартириш, молиявий ва техник ёрдам ролини кучайтириш юзасидан стратегик шериклик муҳимлиги ҳамда пандемия шароитида янада зарур омилга айлангани қайд этдилар.
Бундан ташқари, глобал коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган инқирозга қарши амалий чоралар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик, шунингдек, камбағалликни қисқартириш бўйича концепция ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича халқаро экспертлар билан биргаликда олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Иқтисодий барқарор ва инклюзив ўсишни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга йўналтирилган ва амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга қаратилган асосий чора-тадбирлар сифатида тақдим қилинди.
Ўзбекистон томонидан қуйидагилар таклиф қилинди:
- камбағалликни қисқартириш соҳасида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
- ХХРнинг камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибасини ўрганиш мақсадида, вазирликлар ва идоралар ходимлари учун хизмат сафарларини ташкил этиш;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига Хитойдан маслаҳатчи-эксперт жалб қилиш.
Ўз навбатида, Хитой томони ёрдам кўрсатишга ва камбағалликни қисқартириш соҳасидаги тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдириб ўтди.
Хусусан, ХХР ташқи ишлар вазири жаноб Ван Йи - «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш соҳасида муҳим натижаларга эришди, бу билан Хитой томони ўз самимий табрикларини билдиради. Биз Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизни камбағалликни қисқартириш бўйича тажриба алмашиш учун Хитойга ташриф буюришга таклиф этамиз. Ҳар бир мамлакат ўзига хос хусусиятларга эга. Ишончим комилки, ҳар бир давлат ўз мамлакатидаги вазиятга мос бўлган камбағалликни бартараф қилиш учун ўз йўлини топишга қодир" дея таъкидлади.
Видеоконференция якунида, иштирокчилар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ахборот хизмати