Бугун мамлакатимизда ана шу мақсад ўлароқ халқ фаровонлиги, аҳоли бандлиги, фуқароларнинг муносиб яшаш шароитига эга бўлишини таъминлаш асосий вазифалардан бирига айлангани боиси ҳам шунда. Бу борада яқин йилларда яратилган ва жаҳонда муқобили топилмайдиган “Маҳаллабай ишлаш” тизими алоҳида ўринга эга. Аҳолининг яшаш шароити ва мавжуд муаммолари шу тизимнинг ўзида ўрганилиб, зарур ечимлар бериляпти. Маҳаллалар юртимиздаги деярли барча давлат идоралари, нодавлат ташкилотлар ва тегишли корхоналар билан ҳамкорликда ишлаб, ҳар бир фуқаро бандлигини таъминлашга интилмоқда. Кам таъминланган оилаларга кўмаклашиш, қандайдир сабаблар билан ишсиз қолган юртдошларимиз бандлигини таъминлаш, нафақат моддий кўмак, балки доимий даромад манбаини яратиш устувор вазифалардан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 14 июль куни Президентлик лавозимига киришишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ҳам “Тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш эътиборимиз марказида бўлади”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Бунда фуқароларнинг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган.

Одамлар бандлигини таъминлашнинг йўналишлари кўп. Шулардан бири ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик, малака талаб қилмайдиган ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилишдан иборат. Буни амалга оширилаётган катта тизимнинг бир қисми, дейиш мумкин. Ва сўнгги йилларда бу йўналиш сезиларли тарзда кенгайиб бормоқда. Чунончи, малака талаб қилинмайдиган ҳақ тўланадиган жамоат ишлари ташкил қилиниши иш топишда қийналаётган аҳоли қатламлари, хусусан, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар, ишсиз хотин-қизлар, ёшлар, меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг бандлигига кўмаклашишда муҳим ўрин тутмоқда. Ойликнинг ўз вақтида берилиб, тизимда шаффофликнинг яратилгани эса муҳтож оилаларга кўмак бўляпти, одамларнинг жамоат ишларида қатнашиб, даромад топишга ишончи ортмоқда.

Чунки меҳнатига яраша ҳақ топмаган ёки туну кун ишлаб, ойлигини ўз вақтида олмаган инсоннинг ишидан кўнгли совийди. Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга ойлик иш ҳақлари тўлиқ жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириб келинмоқда. Биргина жорий йилнинг олти ойида жамғарма томонидан 54,7 миллиард сўм маблағ ойлик иш ҳақлари учун ўрнатилган тартибда молиялаштириб берилгани бунинг яққол мисоли.

Танлов ҳар кимнинг ўзида

Жамоат ишлари, деганда кўпчилик ободонлаштириш ёки шунга ўхшаш ишларни тушунади ва у ерда ишлашга рози бўлмайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бугунги кунда маҳалла, туман, шаҳарлар кесимида ҳақ тўланадиган жамоат ишлари йўналиши, тури анча кенгаймоқда. Мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, чорванасл тармоғини ривожлантириш, саноат тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаси, пахта отряд раҳбарлари, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига патронаж хизмати кўрсатиш кабилар шулар жумласидан. Маҳалла ободлиги йўлида кўчаларни ободонлаштириш, шағал ётқизиш билан шуғулланаётган фуқароларга ҳам жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаб келинмоқда.

Фуқаролар вақтинчалик жамоат ишларига ўз истак ва қизиқишлари асосида йўналтирилади. Тартиби эса оддий: вақтинча ёки доимий ишсиз фуқаро ўз ҳудудидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилади. Унга ҳақ тўланадиган бир қанча иш тури ёки тадбиркорлик йўналишлари таклиф этилади. Фуқаро ихтиёрий тарзда улардан бирини танлайди ва ишга киришади.

Жамоат ишлари ҳақида гап борганида, яқин йилларгача кўпчилик мажбурий меҳнатни тушуниб келгани ҳам рост. Аслида ҳам, жамоат ишларининг аксари турли соҳа вакилларини жалб қилиш ҳисобига амалга ошириб келинган. Аммо янги Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай турига тўлиқ барҳам берилгач, жамоат ишлари муносиб ҳақ тўланадиган тизим, аҳоли бандлигини таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Эндиликда ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида ижтимоий соҳа вакиллари эмас, балки ҳақ тўланадиган махсус ходимлар ишлаяпти. Бу борада турли давлат ташкилотлари билан ўзаро келишувлар ҳам имзоланган. Мақсад – мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва ҳар ким ўз иши билан машғул бўлишини таъминлашга қаратилган.

Жамоат ишлари жамғармасининг вазифаси нафақат ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек, одамларни тадбиркорликка йўналтириш, ўз фаолиятини кенгайтиришига кўмаклашишдан ҳам иборат. Яъни жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки ишни бошлаш учун зарур бўладиган мини техника, инвентарлар харид қилиниб, фоизсиз ижара асосида бериш йўлга қўйилган. Буларнинг ҳисобига ўтган йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига умумий қиймати 7,1 миллиард сўмлик 1 минг 234 дона асосий восита ва жиҳозни ижарага бериш орқали 1 минг 905 нафар ишсиз хотин-қиз ва ёшларнинг доимий бандлиги таъминланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида ҳам натижалар кутилганидан юқори. Бу даврда Жамғарма маблағлари ҳисобидан 28 корхонага умумий қиймати 6,2 миллиард сўмлик 790 дона асосий восита ва инвентар ижарага берилди. Улар орасида тикув машиналари, мотокультиватор, мини ускуналар бор. Ижарага берилган инвентарлар орқали ишсиз 963 фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди. Уларнинг кўпи ижтимоий рўйхатларда турган. Бу инсонларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши ортидан 417 оила камбағалликдан чиқарилгани асосий ютуқларимиздан биридир.

Ёшлар “ҳаёт мактаби”да тобланади

Мактабни тамомлаган ўғил-қизнинг олдида таълимни давом эттириш ёки бирор касб-ҳунарни эгаллаб, меҳнат бозорига кириб бориш мақсади туради. Аксарият ёшлар эса таълимнинг кейинги босқичига ўқишга киргунига қадар, айримлар мактабнинг юқори синфига ўтиб, ёзги таътилда бир муддат ишлаб туришни ҳам афзал кўради. Аммо бу ёшдаги йигит-қизларда тажриба йўқлиги сабаб ҳамма ҳам ишга олавермаслиги бор гап.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 15 февраль куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда айни шу масалага тўхталгани бежиз эмас. Боиси, аҳоли бандлигини таъминлаш деганда, ҳар бир фуқаро, жумладан, мактаб битирувчилари ҳам эътиборга олинади. Аниқроғи, битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиб, катта ҳаётга тайёрлаш ва бирйўла иш билан таъминлаш ҳозир ҳар қачонгидан долзарброқ. Шу боис, Президентимиз “Ҳаёт мактаби” дастурини амалга ошириш ташаббусини илгари сурди ва жорий йилдан ушбу тизим илк бор ишга тушди.

Бунда мактаб битирувчилари ўз ихтиёрига кўра, “маҳалладан вазирликкача” тизими орқали давлат идораларига бириктирилади. Масалан, тикувчиликка қизиқадиган қизлар текстил корхоналарида, ҳунармандлик, нонвойлик ёки исталган йўналишни танлаган йигитлар эса ўша тармоқдаги тадбиркорларга шогирд қилиб берилади. Улар корхоналарда ҳам ҳунар эгаллаб, ҳам даромад топади.

Ана шундай корхоналарга Жамоат ишлари жамғармаси томонидан ижара асосида тақдим этиладиган инвентарларнинг ижара тўловларида имтиёзлар бериляпти. Бу, албатта, ёшларни қўллаб-қувватлаш учун қаратилган. Қолаверса, корхонанинг имкониятлари қанча кенгайса, шунча кўп ёшнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшади. Бу хайрли ишга бажонидил қўшилаётган корхоналар сони ортиб бораётгани, айниқса, қувонарли.

Масалан, Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган “Vang'ozi xumo textile” МЧЖда тумандаги 12-умумтаълим мактабининг 20 нафар, Бухоро туманидаги “Begoyim moxir qo`llari” МЧЖ корхонасида 44-умумтаълим мактабининг 6 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманидаги “Montaj Silver” МЧЖда 38-умумтаьлим мактабининг 5 нафар ўқувчи қизлари уста чеварларга бириктирилиб, касб-ҳунар ўрганмоқда. Ёшлар меҳнатига яраша даромад ҳам топяпти, асосийси, бўш вақтини бекор ўтказмаяпти. Шу каби мисолларни ҳар бир ҳудуддан келтириш мумкин.

Бу ўринда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳолатлари доимий назоратда бўлади. Гап шундаки, одамларни ҳақ тўланадиган ишларда мажбурий ишлатиш ёки меҳнатидан фойдаланиб, ҳаққини бермаслик қонуний чора кўришга сабаб бўлади. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларга кўра, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш номли янги жазо жорий этилган. Бунда, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш — ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, улар иш ҳақининг 50 фоизи алимент мажбуриятлари бўйича қарзни тўлашга йўналтирилиши белгиланди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари пенсия ёшига етган, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, доимий ишга эга шахсларга, ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмаслиги ҳам алоҳида белгиланган. 

Тадбиркорга ёрдам халққа ёрдам дегани

Ҳозирги вақтда тадбиркорларнинг жаҳон бозорига чиқиши анча осонлашган. Дунё мамлакатлари билан яқин ҳамкорлик бизнес вакиллари ўртасидаги халқаро келишувлар кўламининг ортишига хизмат қиляпти. Шу боис, Жамоат ишлари жамғармаси фаолияти ҳам юртимизда чекланиб қолмасдан, хориж давлатларига чиқиб бормоқда. Чет эллик ҳамкорлар билан иш олиб бориш орқали тажриба ошириш мақсад қилинган.

Асосий ҳамкор давлатларимиздан бири эса Хитой. Шу йил июнида делегациямиз ушбу мамлакатга бориб, камбағалликни қисқартириш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиб қайтди. Ушбу тажрибани юртимизда татбиқ этиш бўйича таклифлар ҳам ишлаб чиқилган.

Халқаро фаолият доирасида амалий ҳаракатларимиз ҳам фаоллашиб боряпти. Жумладан, Жамғарма кўмагида Туркиянинг йирик компанияларидан бири бўлган “Тесмак текстил макина” компанияси ҳамда Ўзбекистоннинг “Дима тeхтил рос” МЧЖ ўртасида 140 минг долларлик инвестиция шартномаси имзоланди. Келишувга кўра, хориж компанияси томонидан ишлаб чиқарилган тўқув дастгоҳлари лизинг шартномаси асосида етказиб берилди.

Худди шундай шартнома Андижон вилояти Бўлоқбоши туманидаги “Юксак ривож қурилиш” ҳамда Избоскан туманидаги “Омина текстил” МЧЖлар билан ҳам имзоланган. Инвестиция шартномасининг умумий қиймати 300 минг доллар бўлиб, белгиланган тўқув дастгоҳлари ўз вақтида етказиб берилди. Яқин кунларда Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Ҳелен текстил” МЧЖ корхонасига ҳам Туркиядан қиймати 407 минг долларлик 10 дона тўқув дастгоҳи келтирилиши кутилмоқда.

Ўзаро ҳамкорликдан маҳаллий тадбиркорларимиз қаторида турк ҳамкорларимиз ҳам мамнун. Улар айниқса, бу лойиҳалар бизнес вакилларига кўмак сифатида ташкил этилаётганидан ҳайрон қолганини яширмади: “Мен Ўзбекистон халқининг бир-бирларини қўллаб-қувватлаши, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бериш орқали аҳолини иш билан таъминлаб, камбағалликка барҳам бериш учун астойдил бел боғлаганларидан ҳайратдаман”, дейди “Тесмак текстил макина” компанияси вакили Усмонбей Эроғлу.

Ҳақиқатан, бу лойиҳалар маҳаллий ишбилармонларимизга кўмак бериш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган. Чунончи, диёримизда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, уларнинг эркин ишлаши учун кенг шароитлар яратилса, шунча кўп одам иш билан таъминланади. Битта корхона ортидан қанча оила даромад топиши, шу орқали қозонини қайнатиши мумкин. Бундай корхоналарнинг кўплиги эса халқ фаровонлиги, ҳудудлар ривожи ва, албатта, юртимизнинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади.

Салоҳиддин САМАДОВ,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги

Жамоат ишлари жамғармаси ижрочи директори