Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Таиланднинг Чантабури вилоятидаги учрашув Пномпень уни нейтраль жойга кўчиришни талаб қилганидан кейин тўхтатилиш хавфи остида эди. Шунга қарамай, Камбоджа ҳукумати делегацияларнинг фотосуратларини эълон қилди ва ўт очишни тўхтатиш, барқарорликни тиклаш ва нормал ҳаётга тезроқ қайтишни таъминлашга қаратилган маслаҳатлашувлар бошланганини тасдиқлади.
Музокаралар шанба кунига қадар давом этади. Таиланд мудофаа вазирлиги матбуот котиби Сурасант Конгсири журналистларга Бангкок “учрашувнинг ижобий натижаларидан жуда умидвор” эканини айтди.
Аввалроқ Таиланд Пномпендан ўт очишни тўхтатишни ва чегарани миналардан тозалашда ҳамкорлик қилишни талаб қилган эди. Давом этаётган тўқнашувларга қарамай, Камбоджа ички ишлар вазирлиги бу ҳафта Таиланднинг сулҳ шартларини бажаришдаги самимийлигига оптимистик кўз билан қарашини айтди.
Можаро икки давлатнинг 800 километрлик чегараси ва чегарада жойлашган бир қанча қадимий ибодатхоналарнинг мустамлакачилик демаркацияси бўйича ҳудудий келишмовчилик туфайли юзага келган. Ҳар бир томон бир-бирини 7 декабрдан буён янгиланган жангларни қўзғатганликда ва тинч аҳолига ҳужумларда айбламоқда, деб хабар берди report.az.