Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раисининг ўринбосари Р. Сиддиқов Сурхондарё вилоятига бориб «Сувоқава» ДУКнинг Термиз шаҳар филиалига тегишли чиқинди сувларни тозалаш иншоотининг техник ва экологик ҳолатини ўрганди. 

Ўрганишлар давомида сенатор аҳоли билан учрашувлар ўтказди, уларнинг муаммо ва таклифларини эштди.

Маълум бўлишича, Термиз шахар оқова сув тозалаш иншоотининг самарадорлиги 50-55% ни ташкил этиб, синов лабораторияларнинг сўнгги кимёвий таҳлилларига асосан, оқавадаги муаллақ моддалар белгиланган меъёрдан 1,47 баробар, азотли нитрит эса 1,8 баробар ортиқ оқизилаётган экан.

Шунингдек иншоотнинг ҳаво ҳайдаш ускунасига ўрнатилган 3 та двигатель ишдан чиқиб вентиляция тизими ишламаётганлиги, ускуна суткасига ўртача 5-8 соат ишлатилаётгани аниқланди.

Ўрганишлар натижасида Термиз шахар оқова сув тозалаш ва оқова сув кўтариш иншоатида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари ва мутахассислар билан биргаликда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва уни давлат дастурига киритиш режалаштирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.