Шунда Саъди Сирожиддинов бўшаб қолган кафедра мудири ўрнини тўлдириш учун миллий кадр қидира бошлайди. Бу орада кафедра ёпилиши эҳтимоли пайдо бўлади. У даврларда кафедра ёпилса, қайта очиш учун Москвадан рухсат олиш керак бўлар, бунинг учун эса бир неча йил кетиши турган гап эди.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида юртимизда ўз соҳасида илмий мактаб яратган, жаҳон илм-фан оламида эътироф этилган алломаларимизни ҳануз фахр билан эслаймиз. Бу мавзуда сўз юритганда, албатта, математик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Саъди Сирожиддиновни  эслаб ўтмай иложи йўқ. Зотан, юксак илмий салоҳиятли олим, фақат буюк математик бўлгани учунгина эмас, юртимиз илм-фан соҳасини юксалтириш, халқимиз, миллатимиз вакилларидан малакали ва етук кадрлар тайёрлашдаги фидойилиги учун ҳам катта ҳурмат-эътибор қозонган. У олий таълимдаги педагоглик фаолияти давомида миллий кадрлар  шаъни ва қаддини кўтариш учун ҳам курашиб, катта ўзгаришларни амалга ошира билди.

Эсимда, 1965 йили 3-курсда ўқиб юрган кезимиз курсдошим Риқсивой Юсупов физика факультетнинг оптика кафедрасига ярим ставкада лаборант бўлиб ишга жойлашганини хурсанд бўлиб айтар экан: “Биласизми Мансур, ушбу кафедрада менгача бирортаям ўзбек бўлмаган. Барча домлалар русийзабон, кафедра мудири эса Ноценко деган доцент экан”, деди. Шундан сўнг факультетимиздаги бошқа кафедралар мудирлари кимлиги ҳақида фикрлаша бошладик. Радиофизикада — Любенцов, умумий физикада — Андреев, электроникада — фан номзоди, профессор Шуппе, ярим ўтказгичлар физикасида — профессор Гедеон Авакянц, астрофизикада — академик Шеглов, яна қайсинисидадир Ревзин, ядро физикада яна кимдир... Гапнинг қисқаси, бирор-бир кафедра мудири ўша пайтда ўзбек тугул қозоқ ёки татар ҳам эмас эди. Факультетимиз декани эса Б.Смирнов эди.

1966 йили 4-курсни тугаллаётган кезларимиз ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)га академик Саъди Сирожиддинов ректор этиб тайинланди. Домла келиши билан кетма-кет янгиликларга қўл ура бошлади. Жумладан, университет ходимлари учун уй ажратилишига эришди. Ўша паллада ўз уйларидан нисбатан яхшироқ квартира олишга электроника кафедраси мудири Шуппе ҳамда ярим ўтказгичлар кафедраси мудири Гедеон Авакянц даъвогарлик қилишган. Бироқ Саъди ака бунга унамайди. Натижада улар биздек олимга ён босмадинг, дея ректорга аччиқ қилиб, иккиси ҳам олдинма-кетин Ўзбекистондан кетиб қолади. Кейинчалик ҳамюртларимиздан бири Ереванга борганида Авакянц Тошкентда ўтган йилларини эслаб, ўкиниб йиғлаган экан. Шуппе эса Рязань шаҳрига кетган, бироқ у ерда ҳам эл бўлиб кетмайди...

Икки олим кетгач, ортидан шогирду издошлари ҳам бошқа юртларга жўнайди. Натижада кафедраларни бошқаришга тегишли соҳаларда фан номзоди даражасига эга мутахассис топилмай қолади. У пайтлари назарий физика билан шуғулланувчи олимларнинг алоҳида кафедраси бўлмай, ярим ўтказгичлар кафедраси штатида дарс бериб юрарди. Шунда Саъди Сирожиддинов бўшаб қолган кафедра мудири ўрнини тўлдириш учун миллий кадр қидира бошлайди. Бу орада кафедра ёпилиши эҳтимоли пайдо бўлади. У даврларда кафедра ёпилса, қайта очиш учун Москвадан рухсат олиш керак бўлар, бунинг учун эса бир неча йил кетиши турган гап эди.

Кафедрани сақлаб колиш мақсадида Нукус давлат университетидан илтимос қилиб, доцент Емберген Жақсимов бир йилга олиб келинади. У ярим ўтказгичлар кафедрасига мудир қилиб тайинланган. Шу йўл билан кафедра сақлаб қолинади.

Ректорат кафедра мудирлигига номзод Алишер Тешабоевнинг фан номзоди диссертациясини ёқлашини тезлаштиради. Ниҳоят ёш олим фан номзоди дипломини қўлига олгач, кафедра мудири этиб тайинланади.

Янги ўқув йилидан Низомий номидаги педагогика институти (ҳозирги университет) доценти Раҳматулла Маллин физика факультетида декан лавозимида иш бошлади. Сипо, салобатли  бу инсонни 5-курсда диплом ишини ёқлаётганимизда биринчи марта кўргандим. У ўз пайтида Сталин қатағонига учраган ўзбек олимларидан эди. Чамамда, Маллин унинг тахаллуси бўлган. У билимли, дадил ва журъатли бўлгани билан кўпчиликнинг назарига тушган.

 Ўшанда умумий физика кафедрасига ассистент қилиб ишга олингандим. Деканатда Раҳматулла Маллин олиб борган йиғинларда ҳам бир неча марта иштирок этганман. Ўшанда ҳам ўзларини “катта оға” деб ҳисоблайдиган айрим олимлар турли баҳона билан Маллиндан айб қидириб, унинг факультетдаги фаолиятидан норози эканлигини айтишарди.  Раҳматулла Маллин сўзга чечан, оқил, рус тилида бийрон гапира олиши сабабли эътироз билдирувчиларнинг попугини пасайтириб қўярди. Ҳолбуки, у  бирор марта ҳам ҳеч кимга пўписа қилмаган. Аксинча, оппонентларининг фикри хато бўлса, буни қатор мисоллар билан исботлаб бериш орқали адолат қарор топишига эришарди.

1969 йилга келиб, электроника кафедрасини Адҳам Одилов, радиофизикани — Ҳожимуҳамедов, умумий физикани — Ғиёс Умаров, ярим ўтказгичлар кафедрасини — Алишер Тешабоев, назарий физикани Рахматилла Маллин бошқара бошлади. Қисқаси, Саъди Ҳасановичнинг ректорлик даврида физика факультетидаги барча кафедралар мудирлигини ўзбек педагоглари  бошқара бошлади.  Ярим ўтказгичлар кафедраси иккига ажралиб, бири ярим ўтказгичлар, иккинчиси назарий физика кафедраси бўлди. Назарий физика кафедрасини Р.Маллин бошқара бошлади. Ректор юқори даражадаги илмий ишлари, педагоглик фаолияти учун олимга профессор илмий унвони берилишига эришди. Булар жуда ҳам катта ижобий ўзгаришлар эди. Вақти келиб, Алишер Тешабоевга ҳам профессор илмий унвони берилди. Ўз навбатида, профессор ҳам кафедранинг бир неча етук ёш мутахассисларини ўша даврдаги илмий марказларга аспирантурада ўқишга юбора бошлади. Бундай ҳолатлар университетнинг барча факультетларида ҳам кузатилганига мутлақо шубҳам йўқ. Умуман,  бу ижобий ўзгаришларнинг барчасига ректор бош эди.

Ўша йиллари университетга республика раҳбари Шароф Рашидов ҳам  тез-тез боргани ва ректор Саъди Сирожиддиновнинг ушбу ижобий ўзгаришларига юқори баҳо берганинини  эшитганман.

Аввалига курсдошларим Муҳаммадкабир Баҳодирхонов ҳамда Қаҳҳор Абдураҳмонов Ленинграддаги Ярим ўтказгичлар физикаси институтига жўнатилди. Улардан бироз кейин қозоқ йигити Серек Кумеков Ленинград физика-техника институтига юборилди. Серек фан доктори бўлгач, Қозоғистонга кўчиб кетди ҳамда Фанлар академияси академиги бўлди. Ўша пайтда ундан аввалроқ жўнатилган қозоқ йигити Худайберди Абдувоҳидов илмий иш олиб бораётган эди. Изланиш қилиши учун унга барча шароит яратилди.

1969 йилнинг кузида мен билан аёлимни ҳам Ленинградга юборишди. Ҳозир шулар ҳақида ўйласам, миллий кадрларни тайёрлаш учун ўша йиллардаги университет раҳбарияти нақадар ватанпарварлик, фидойилик қилганига, миллатимиз келажаги учун ёниб яшаганига тан бераман. Яшаш учун жойлашиб олган кезларимиз ярим ўтказгичлар кафедрасининг Тошкентдан диплом ҳимоясига чиққан ўндан ортик талабаси Ленинградга келди ҳамда биз турган ётоқхонадан жой олди. Кўп ўтмай, илмий ишимиз қандай бораётганидан хабар олгани Алишер Тешабоев келиб кетди. Шундай хабар олишлар тез-тез бўлиб турар ва домла бизга доим: “Сиз бу ерга диплом иши ёзиш учунгина келмагансиз, балки кейинчалик фан номзоди диссертациясини ёқлашга йўл очиш, ўзларингизга илмий раҳбар топиш учун келгансиз. Аспирантурага келганлар фақат фан номзоди бўлиш эмас, кейинчалик фан доктори бўлиш учун ҳам пойдевор қўявериши керак. Сира бўшашманглар, бир кунни ҳам бекор ўтказманглар”, дея панд-насиҳат қиларди. Домланинг ўгитлари бекор кетмади. А.Ф.Иоффе номли Физика-техника институтида юртдош олимларимиз: фан докторлари, профессорлар, академиклар бўлишди. Кўплаб фан номзодлари шу даргоҳда етишди. Шунингдек, Ўзбекситондан келган юздан ортиқ талаба ҳам ушбу институтда диплом ишини муваффақиятли ёқлаган. Бундай жараён ўша даврнинг энг етук илмий марказлари билан ҳамкорликда олиб борилди. Бу саъй-ҳаракатлар ортида ҳам Саъди Сирожиддинов турарди.

Умуман, 1956 йилдан 1982 йилгача бўлган даврни халқимизнинг миллий тикланиш, қаддини кўтаришга кучли интилиш, кучли кураш даври бўлган дегим келади. Халқимизнинг ушбу миллий тикланиш даврида, айниқса, амалини ҳам, жонини ҳам йўқотишдан қўрқмай, жонбозлик қилган олимлар — Ҳабиб Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов, Содиқ Азимов, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Пўлат Ҳабибуллаев, Восил Қобулов, Ҳамид Сулаймон, Иброҳим Мўминов, Тошмуҳаммад Ўрозбоев, Раҳматулла Маллин, Алишер Тешабоев каби фидойи олимларимизнинг хизмати катта. Уларнинг сафи жуда кенг эди. Шунинг учун ўша паллани бир оғиз жумла билан “Ўзбек зиёлиларининг уйғониш даври”, дея атаган бўлардим. Башарти, ўша уйғониш бўлмаганида эди, давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин олимлар етишмовчилигидан кўп азият чекиши турган гап эди.

Саъди Сирожиддиновнинг илмий ишлари кўп, улар асосан ўзгарувчили классик кўпҳадларнинг муҳим хоссаларига бағишланган. Олимнинг баъзи йўналишдаги тадқиқотлари 1950-йилларда Тошкент математика мактабининг янада юксалишига олиб келди. У эҳтимоллар назарияси соҳасидаги ютуқларни математик статистикада қўллади.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Саъди Сирожиддинов ва шогирдлари ўзаро боғлиқ бўлмаган ҳамда Марков занжирини ташкил қилувчи тасодифий миқдорлар ва тасодифий векторлар йиғиндиси учун лимит теоремаларга доир муҳим масалаларни ҳал қилди. Шу масалалар билан боғлиқ текис баҳолашларга оид тадқиқотлари катта татбиқий аҳамиятга эга. Олим оммавий хизмат кўрсатиш назарияси, статистиканинг турли соҳалари, стационар жараёнлар назарияси ва бошқа соҳаларда ҳам кенг кўламда тадқиқот олиб борган.

Марказий Осиё мутафаккирларининг илмий меросини ўрганишда, минтақа, хусусан, мамлакатимиз учун юқори малакали математик мутахассислар тайёрлашда академикнинг хизмати катта. Шу билан бирга, ёш математиклар мактабини ташкил этиш, шу йўналишда олимпиадалар  ўтказишга муайян ҳисса қўшган. Соҳадаги юксак хизматлари эътироф этилиб,  1966 йили Бернулли номидаги халқаро математик статистика ва эҳтимоллар назарияси жамияти (Нидерландия)нинг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Домланинг халқимиз келажаги йўлида қилган хизматлари улкан. У миллатимизга, илм-фанга жонкуяр инсон сифатида бетиним ишлаган, курашган. Саъди Сирожиддинов докторлик диссертациясини ёқлагандан сўнг устозининг тавсияси билан 1953–1956 йилларда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг механика-математика факультети профессори бўлган.

Домла буюк бўлиш бирга жуда ҳам одми, камтар инсон бўлгани хусусида халқ орасида турли гап-сўзлар юради. Айтишларича, бир куни Саъди Ҳасанович поездда Тошкентдан Москвага жўнайди. Ўттиз ёшдаги профессорга тўрт кишилик купенинг пастки қаватидан жой берилган эди. Иттифоқо, ўша купега барваста, галстук таққан, башанг кийинган олифта ўзбек йигити киради-да: “Қани, йигитча, катталарни ҳурмат қилмайсанми? Дарров тепага чиқиб, менга жойни бўшат-чи”, дейди. Саъди ака ҳеч эътирозсиз, тепадаги ўринга жойлашиб олади. Москвага етиб боришгач, ҳалиги олифта: “Қани, хайрлашиш олдидан танишиб олайлик: мен Фалончи Фалончиев, МГУ (Москва давлат университети) аспиранти”, дея Саъди ака томон қўлини узатади. Шунда домла ҳам шеригининг қўлини сиқатуриб: “Танишганимдан хурсандман, мен МГУ профессори Саъди Ҳасанович Сирожиддиновман”, дейди. Шунда ҳалиги аспирант ҳангу манг бўлиб қолади. Чунки у Москва давлат университети профессори Сирожиддинов ҳақида эшитган, лекин ўзини бирорта марта кўрмаган экан...

Мансурхон ТОИРОВ,

физика-математика фанлари

доктори, профессор