Бу ҳақда Kan давлат телерадиокомпанияси хабар берди.
Унга кўра, Исроил томони ҲАМАСга нисбатан босимни босқичма-босқич ошириш ниятида, бундан ташқари, секторга гуманитар ёрдам етказилишини тўхтатиб қўймоқчи. Исроил кейинчалик яна Ғазо аҳолисини шимолдан жанубга эвакуация қилишини эълон қилиши ва керак бўлса, Фаластин анклавига электр таъминотини бутунлай тўхтатиши мумкин. Режалаштирилган охирги чора – АҚШ томонидан етказиб берилган оғирроқ қуроллардан фойдаланган ҳолда жанговар ҳаракатларга қайтиш, деб таъкидлайди Kan.
Январь ойи ўрталарида Исроил ва ҲАМАС ҳаракати Миср, Қатар ва АҚШ воситачилигида Ғазода ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишга келишиб, у 19 январдан кучга кирган эди. Келишувни амалга оширишнинг биринчи босқичи 42 кун ичида якунланди, сектордан 33 нафар гаровга олинган Исроилга қайтарилди. Бунинг эвазига яҳудий давлати 1500 дан ортиқ фаластинликни қамоқдан озод қилди, уларнинг айримлари Фаластин ҳудудидан чиқариб юборилди.
2 март куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилиши тўхтатилгани ва барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпилганини маълум қилди. Исроил томонига кўра, бу ҲАМАС АҚШ махсус элчиси Стивен Уиткоффнинг анклавдаги ўт очишни тўхтатиш режимини узайтириш режасини қабул қилишдан бош тортгани учун қилинган. Нетаньяху агар радикаллар музокарадан бош тортишда давом этса, улар “қўшимча оқибатларга” дуч келишидан огоҳлантирди, деб хабар беради tass.ru.