Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, гендер тенгликни қарор топтиришга устувор аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг бугунги пандемия шароитида шу йўналишда амалга ошираётган қатор лойиҳалари фикримизнинг ёрқин исботидир.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги офиси томонидан умумий бюджети 400 минг АҚШ долларига тенг “СOVID-19” пандемиясидан зарар кўрган аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини биргаликликда амалга ошириш бўйича меморандум имзоланганди.
Мазкур ҳамкорлик доирасида жойларда ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш масканларида компьютер саводхонлиги, бухгалтерия, аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик ҳамда уй ҳамширалиги йўналишларида сабоқ берилади. Хусусан, Қоракўл туманидаги “Хўжалар”, Шофиркон туманидаги “Қалмоқон”, Когон туманидаги “Хўжа Якшаба” маҳаллаларида дастлабки “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани” барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Куни кеча мазкур ўқув марказларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди.
Алвон ленталар кесилиб, эзгу тилаклар айтилди
Дастлабки манзилимиз вилоятнинг энг олис ҳудуди — Қоракўл туманига бўлди. Тумандаги “Хўжалар” маҳалласи марказида бунёд этилган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани ”нинг очилиши туман аҳли учун чинакам байрамга айланиб кетди. Карнай-сурнай наволари-ю, куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди. Шундан сўнг алвон ленталар кесилиб, барча йиғилганлар мазкур масканда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
— Президентимиз раислигида 2020 йил 8 октябрда ўтказилган “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида берилган кўрсатмалар биз учун дастуриламал бўлди, — дейди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. — Янги очилган марказда 120 нафар хотин-қизни касбга тайёрлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлиги оширилиб, ижтимоий ҳимояси таъминланади. Мазкур лойиҳа доирасида ҳар бир туманда бир вақтнинг ўзида тикувчилик, аёллар сартарошлиги, пазандачилик йўналишларида 20 нафардан, IT ва бухгалтерия йўналишларида 30 нафардан хотин-қиз ҳунар ва касбий кўникмалар эгаллаш имконига эга бўлади. Вилоятимизнинг олис ҳудудларидаги аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида биз билан яқин ҳамкорлигини аямаган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг юртимиздаги офисига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келгусида ҳам ана шундай хайрли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга умид билдирамиз. Сўзим якунида барчангизни яна бир бор арафадаги байрам, шунингдек, илк маратоба фаолиятини бошлаётган хотин-қизларни янги марказ биноси билан қутлаб, унинг келгусидаги фаолиятига муваффақият тилайман.
Шундан сўнг, Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги офиси директори Пак Сун Жин хоним ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳтарама Бўриева ҳам янги барпо этилган ва ўз фаолиятини бошлаётган “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани” нинг бугунги кундаги ўрни ва аҳолининг турмушидаги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
— Турмуш ўртоғим вафот этгач бошимга тоғ қулагандай бўлди, — дейди қоракўллик Шаҳноза Давлатова. — Вояга етмаган уч болам билан ожиз қолдик. Аммо, Президентимизнинг биз каби аёлларга яратиб бераётган имкониятлари боис ҳаётга ва ўзимга бўлган ишончим ортди. Сартарошчилик касбини мукаммал ўрганиб, бугун ўзим ҳам устоз даражасида фаолият олиб боряпман. Ўқув курси очиш эса орзуим эди. Туманимиздаги янги марказнинг иш бошлаши мен учун айни муддао бўлди.
Қалмақонликлар қувончи
Шофиркон туманидаги “Қалмақон” маҳалласи янги маскан биносининг тантанали очилиш тадбирлари доирасида эса хотин-қизлар, касаначилар қўл меҳнати намуналари кўргазмалари, пазандачилик, тикувчилик, IT саводхонлиги бўйича ўтказилган маҳорат дарслари йиғилганларга бирдай манзур бўлди.
— Туманимиз хотин-қизлар учун яратилган шарт-шароит ва дўстона ҳамкорлик учун энг аввало Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг мамлакатимиздаги офиси вакилларига чексиз миннатдорлик билдирамиз. Бу маскан жуда кўплаб оилаларнинг эзгу мақсадларини юзага чиқаришда, уларнинг оғирини енгил қилишда энг яқин кўмакчи вазифасини ўтайди, — дейди Шофиркон тумани ҳокими Жамшид Шаропов.
Когон туманининг “Хўжа Якшаба" маҳалласидаги “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш маскани ”нинг " очилиши ҳам байрам шодиёнасига айланиб кетди.
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, уларни меҳнат бозоридаги талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, KOICA билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилган ушбу мўъжаз масканлар эса ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиши хусусида сўз юритди.
— Давлатларимиз ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларимиз сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётгани таҳсинга сазовор, — дейди Корея Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сун Жин. – Айниқса, ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳамизнинг юксак самара беришига ишонаман. Зеро, эзгулик йўлидаги хайрли ишлар инсонларнинг бахтли ва саодатли яшашларига замин яратаётгани қувонарлидир.
Кўҳна Бухорога уюштирилган сафаримиз давомида, инсон қачон ўз қадрига эга бўлади, деган саволга ҳам жавоб топгандай бўлдик. Албатта, жамиятда муносиб ўринга эга бўлса.
Ҳаммамизга маълумки, илгари хотин-қизлар ҳақида сўз кетганда — аёл уй бекаси, бола тарбиячиси каби бирёқлама қарашлар илгари суриларди. Ҳолбуки, инсон муайян фаолият тури билан шуғулланмас ёки бирор соҳада мукаммал билим олмас экан, у жамиятда ҳеч қачон ўз ўрнига эга бўла олмайди. Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг мукаммал таҳсил олиши, билим эгаллаши, ўз касби ва ишига эга бўлиши ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки уларнинг жамиятда қадр топиши баробарида оналик бурчларини муносиб адо этишларида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири