Республикамизда касб касалликларининг олдини олиш мақсадида икки йўналишда иш олиб борилмоқда. Булар меҳнат шароитларини мухофаза қилиш ва яхшилаш, тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш йўналишлари.
Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти мутахассислари томонидан касб касалликларининг олдини олиш, меҳнат ва даволаш реабилитацияси мақсадида 2021-2023 йилларда республиканинг кўплаб ишлаб чиқариш ташкилотлари ишчилари профилактик тиббий кўрикдан ўтказилди.
Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга эга. Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 мингдан ортиқ бемор даволанади. 33 мингдан ортиқ бемор эса амбулатор шароитида текширувдан ўтказилади. Улар зарарли ва ҳавфли омиллар таъсирида фаолият олиб борган 80 дан ортиқ асосий ишлаб чиқариш корхоналарининг ишчиларидир.
Сўнгги бир йилдаги ўтказилган тиббий кўриклар хулосалари асосида 9800 та ишчи-ходимга (98 фоиз) ишга яроқлилик экспертиза ҳулосалари берилди. Аниқланган ташхисларга кўра 42 фоиз текширилганларга зарур даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилди, 2 фоиз стационар, 4 фоиз санаторий-курортларда даволаниш учун юбориш, 4116 та ишчига шифокор назоратида бўлиш, 290 та ишчига соғлиғи холатига кўра енгил ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.
Касб касаллиги тасдиқланган беморлар Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти клиникасида диспансер назоратида туради. Улар давлат томонидан ҳимояланган беморлар гуруҳига киради ва клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитация ҳуқуқига эга.