1942 йилнинг айни ёз фаслида Сайдулла ака ва Болтажон опа хонадонига машъум уруш нафаси етди – суюкли кенжаси Мирзамаҳмудни ҳам фронтга сафарбар қилиш ҳақидаги бир парча қоғозни ташлаб кетишди. Шундоқ ҳам икки фарзандини урушга жўнатган Сайдулла ака ва Болтажон опанинг ташвишига ташвиш қўшилди. Уруш ҳеч қандай шафқатни билмайди. Ота-она ўз жигаргўшасини жангга юбормасдан қайга боради? Ноилож, бу ўғлини ҳам фронтга юборишди. Эндигина ўн олтидан ошган, ҳали мўйлаблари сабза уришга улгурмаган ва ота-она бағрининг тафтини эсидан чиқармаган Мирзамаҳмудни мажбурлаб фронтга олиб кетишди.

Дастлаб уларни Туркманистоннинг Тошовуз вилояти саҳроларида жойлашган дала ўқув майдонига олиб боришиб, жанг сир-асрорларини ўргата бошладилар. Олти ойлик ўқув машғулотларидан сўнг уларни урушнинг қайноқ нуқталаридан бири бўлган Сталинградга ташлашди. Сталинград остоналаридаги жангларда немис-фашист газандаларига қарши мардонавор курашган ёш Мирзамаҳмуд ўзбек жангчилари нималарга қодир эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Ўша пайтларда у мотоўқчилар дивизиясида пулемётчи эди. Қайсидир жангда Мирзамаҳмуд оёғидан яраланди. Яраланганидан нишона снаряд парчаси то ҳаётининг охиригача танасида қолди.

Жангдан сўнг отряддан уч аскар омон қолади ва ўрмонга яширинишади. Улардан бири менинг бобом Мирзамаҳмуд эди. Шу кўйи бир ҳафта ўрмонда қолиб кетишади. Ейишга овқат, ичишга сувлари қолмаган. Наилож, ўрмондаги дарахтларнинг илдизлари билан озиқланганларини бобом менга сўзлаб берган эди. Бир куни кечқурун бобомни сув олиб келиш учун ўрмон четидаги бир кўлмакка юборишади. Чунки уларнинг ичида энг ёши бобом бўлган. Атроф зим-зиё, ҳеч нарсани кўриб бўлмайди. Бобом кўлмакдан бошидаги каскага сув олиб келади. Ўша сувни қайнатиб, чой ичишади. Эрталаб юзларини ювиш учун кўлмакка борганларида не кўз билан кўришсинки, бир немис жангчиси жонсиз ётар эди. Дарров унинг кийимларини текшириб кўриб, ярим буханка нон топиб олишади. Нон сувда унинг ўзи каби шишиб кетган, шу нонни еб тирик қолишган экан...

Бобом менга уруш хотиралари ҳақида кўп сўзлаб берган. Ана шундай воқеалардан бири Белоруссияда бўлган. Немис аскарлари кичик қишлоқлардан бирини эгаллаб олган ва бобом хизмат қилаётган отрядга қишлоқни улардан тозалаш вазифаси юклатилган эди. Жанг узоқ давом этиб, қишлоқ немислардан батамом озод қилинган ва шу жараёнда ҳар икки томондан ҳам кўплаб жангчилар йўқотилган. Мардонавор олишувда бобом ва яна беш-олтита жангчи омон қолишган.

1945 йилда уруш тугаши арафасида бобом Берлин остоналарида бўлаётган жангларда жон олиб жон бераётган эди. Ўзининг айтишига қараганда, Рейхстагга байроқ ўрнатилиши жараёнида қатнашган.

Уруш ниҳоясига етганига қарамай, минглаб кўнгилли аскарлар қатори бобом ҳам ўз уйига қайтмай, то 1950 йилгача Германияни урушдан сўнг қайта тиклаш тадбирларида фаол иштирок этди. Айниқса, Берлин, Дрезден шаҳарлари урушдан жуда катта талафот кўрган эди. 1950 йилда бир олам таассуротлар, юрт соғинчи билан қалби жўшиб, кўкраги ордену медалларга тўлиб, жонажон диёри Наманганга қайтиб келди. Бу орада бобомнинг катта акаси Нормирза бобом ҳам эсон-омон уйга қайтади. Аммо ўртанча акаси Турсунбойга урушдан қайтиш насиб этмади.

Урушдан кейинги йиллар Ўзбекистонда ҳаёт бирмунча оғирроқ кечди. Шундай оғир шароитларда бобом ҳозирги Наманган туманидаги 26-умумтаълим мактабида география фанидан бир неча йиллар сабоқ берди. Андижон вилоятининг аввалги Бўз, ҳозирги Бўстон туманида деҳқончилик билан шуғулланди. Ҳаётининг охирги йилларини маҳалла-кўй хизматига бағишлади. 76 ёшда оламдан ўтган бобомнинг мангу хотиралари биз — авлодлари қалбида абадий қолажак.

Исломбек ҲАСАНОВ,

Жамоат хавфсизлиги университети ўқитувчиси