Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмини қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар бугун ишсиз хотин-қизлар, ёшларни иш билан бандлигини таъминлашда улар учун даромад манбаини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Каттақўрғон шаҳрида ҳам маҳаллалар кесимида ўтказилган хатловлар натижасида шакллантирилган “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарларига рўйхатга олинган ёшлар ва хотин-қизларнинг истакларидан келиб чиқиб, улар оила иқтисодини таъминлашга хизмат қиладиган ресурслар билан таъминланмоқда.

Бугун ҳам шаҳар ҳокимлигига таклиф этилган 200 дан ортиқ хотин-қизлар ва ёшлар ўзларининг даромад манбаларига эга бўлишди. Шаҳар ҳокимлиги томонидан секторлар кесимида уларнинг 66 нафарига тикув машиналари, 80 нафарига пишириқ печлари, шунингдек 27 та пайвандлаш ускунаси, 9 та қишлоқ хўжалик минитехникаси - мотокультиватор, 12 та сартарошлик ускунаси, 1 та кулолчилик, 4 та дурадгорлик, 7 та автомашиналарни ювиш, 2 та пойабзал таъмирлаш ҳамда 6 та телефон тузатиш ускуналари тақдим этилди.

Тадбирда Каттақурғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова бугун юртимизда аёлларга, хусусан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, бу борада шаҳримизда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди. Албатта, хотин-қизларимиз ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзлари учун даромад манбаини яратишлари, оилаларининг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашда, фарзандларини комил инсонлар қилиб тарбиялашда муносиб ҳиссаларини қўшишлари лозимлигини таъкидлади. Ўз навбатида, бу ғамхўрликлардан мамнун бўлган хотин-қизлар ҳам миннатдорчиликларини билдирди.

- 2 нафар фарзандим бор. Ҳеч қаерда ишламайман. “Аёллар дафтари”га рўйхатга кирганман. Ҳозирда касб-ҳунар эгаллаш учун тикувчилик бўйича ўқияпман. Бугун менга тикув машинаси берилди. Бу, албатта, келгусида ўзимни бандлигимни таъминлаш ва оиламни моддий аҳволини яхшилаш учун катта имконият бўлди, - дейди “Қўшҳовўз” маҳалласида яшовчи Азиза Нормуродова.

Бугун кўплаб каттақўрғонлик хотин-қизлар ва ёшлар ўзларининг даромад манбаларига эга бўлди. Каттақўрғон шаҳрида секторлар ва маҳаллалар кесимида хотин-қизларни муаммоларини ҳал этиш, тикувчилик, касаначилик, паррандачилик, тадбиркорлик орқали уларнинг бандлигини таъминлаш йўлидаги ишлар давом этади.