– “Қўлимизда еру осмон, имкон бизники”. Ҳар гал ҳофиз шундай куйлаганида кўзимга ёш келарди, – дейди Мажидхон. – Узоқ йиллар баландпарвоз гапирдик, лекин натижа бўлмади. Ёшлар – юрт келажаги, уларга ишонамиз, дейилди-ю умид билан боққанимизда юзлар терс бурилди. Биз эса мардикорлик учун ўзга юртларга йўл олдик.

Орзулар фурсатидан имкониятлар давригача

 Мажидхон кўп йиллар чет элда ишлади. Ҳақорат эшитди, хўрланди, лекин чидади, тинимсиз меҳнат, изланиш ва интилишда бўлди.

– Хитой ва Туркияда ишлаб юрганимда у ёқлардаги шароитни кўриб, ҳавас қилардим. Ўзимизда ҳам миллий брендларимизни яратишни орзу қилмаган пайтим бўлмаган, – дейди М.Исломов. – Айниқса, Туркиядалигимда “мен ҳам ўз корхонамни очаман, Ургут бренди билан маҳсулот ишлаб чиқараман”, деб ният қилардим. Баъзан қийналган пайтларимда “шу ҳунарни ўрганиб олсам, ўзимизга бориб ҳаммага ўргатаман, ҳеч кимдан ёрдамимни аямайман”, деб ўзимга ўзим сўз ҳам берардим. Лекин у пайтлари бунга ўзимизда на шароит, на имкон бор эди. Чунки, 2017 йилгача юртимизда тадбиркорлик қилиш учун жуда кўп ҳаракат қилганман. Ҳар сафар қоғозбозлигу, қаршиликлар сабаб тадбиркорлик орзу бўлиб қолаверди.

Бугун вазият мутлақо бошқача, интилганга толе ёр.

2017 йилда фаолиятини ижарага жой олиб, беш-ўнта тикув машинаси ва шунча ишчи билан бошлаган Мажидхон Исломов бугун “Urgutini” ва “USS” бренди остида эркаклар кўйлаклари ишлаб чиқараётган “Urgut sanoat servis” корхонаси раҳбари. Ҳозирда Ургут иқтисодий зонасида фаолият юритмоқда.

Бу ерда 50 дан ортиқ ишчи, асосан ёшлар Туркия ва Хитойдан келтирилган ускуналар ёрдамида йилига 600 минг дона эркаклар кўйлаги ишлаб чиқармоқда. Ўтган йили корхона 10,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 100 минг долларлик маҳсулот экспорт қилди. Бу йил ишлаб чиқаришни 2 миллиард сўмга, экспортни икки баробарга ошириш режалаштирилган.

– Кўплаб ёшларга шу ҳунарни ўргатдим, ҳозир улар ҳам мустақил фаолият олиб боряпти, – дейди М.Исломов. – Пайариқ, Қўшработ туманлари, Самарқанд шаҳридан келиб, ишлаб, шу ҳунарни ўрганиб кетганлар кўп. Яқинда пайариқлик шогирдимнинг отаси қўнғироқ қилиб, “биз ҳам ишлаб чиқаришни бошладик” деди ва миннатдорлик билдирди. Мана шундай пайтда қалбимда уйғонган қувонч ва фахрни сўз билан таърифлаш қийин.

“Катта куч, маънавий мадад олдим”

Жорий йил 15-16 апрель кунлари Президентимиз Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Ургут туманида ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбари бу ердаги эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатаётган корхоналар фаолияти билан танишди, тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Жумладан, Мажидхон Исломов билан ҳам.

– Мен давлатимиз раҳбари билан учрашувдан жуда катта куч, маънавий мадад олдим ва олдимга катта мақсадлар қўйдим. Президентимиз маҳсулотларимиз намойиш этилаётган жойга келиб “Сен ҳақингда эшитдим, хорижга бориб иш ўрганиб келиб, ўзимизда ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган экансан, раҳмат сенга”, деганининг ўзи мени кўкларга  чиқариб қўйди. Жуда самимий гаплашди, оталардек меҳрибонлик кўрсатди. Бизни қўллаб-қувватлаб, қандай ёрдам керак бўлса имкон яратиб беришини айтди. Мана шундай пайтда қалбимда уйғонган қувонч ва фахрни сўз билан таърифлаш қийин. Аслида, саноат зонамизда тадбиркорга қандай имтиёз ва енгиллик, имконият керак бўлса, барчаси яратилган. Бундан миннатдор бўлишимиз керак. Яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ва шундай ниятдаги ёшларга катта имтиёзлар берилиши, ёшларни ишга қабул қилган корхоналар ҳам кўп енгилликларга эга бўлиши ҳақида айтилди. Бунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. Шу учрашувдан кейин менда қатъий ишонч пайдо бўлди. Насиб қилса, корхонамиз фаолиятини кластер усулида кенгайтирамиз, – дейди ёш тадбиркор.

Маълумот учун айтиш мумкин, бугунги кунда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида қиймати 402 миллион доллардан зиёд 84 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу пайтгача  қиймати 313 миллион доллар бўлган 55 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, ҳудудда бир қатор саноат корхоналари иш бошлади ва уларда 4300 дан ортиқ киши меҳнат қиляпти. Ушбу корхоналарда газ плиталари, чарм-пойабзал, гиламлар, гигиена воситалари, электр техникаси ва қурилишда ишлатиладиган 220 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2020 йилда 1,2 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 30 миллион долларлик экспорт амалга оширилган.