Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 11 апрел куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, ҳар бир ҳудуддаги алоҳида эътиборга муҳтож бўлган ёшларга ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича янги тартиб жорий этилди.

Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда республика, вилоят, туман даражасидаги раҳбар кадрларнинг масъулияти аниқ белгилаб берилди. Ишсиз, кам даромадли, ногиронлиги бўлган, умуман, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшларга камарбаста бўлиш – умуммиллий мақсад, муқаддас бурч сифатида эътироф этилди. Бундай ёшларнинг ҳар бирига раҳбар кадрлар масъул сифатида бириктирилди, давлат уларни оталиққа олди.

Дастлаб, етакчилар маҳаллалардаги мавжуд реал вазият бўйича берган хулосага кўра, республика ишчи гуруҳи жойларда ўрганиш олиб борди, қўшимча таклифлар олинди. Шу асосда ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"да кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан вилоятимиз ҳокими Зойир Мирзаев раислигида йиғилиш ўтказилди. Ҳар бир раҳбар кадрга аниқ вазифалар, топшириқлар берилди. Ёшлар билан ишлашни янгиланаётган тизми бўйича видеоселектор шаклида амалий семинар ўтказилди.

Натижада, вилоятимизда истиқомат қилаётган 1847 нафар ёшлар вилоятнинг 51 та раҳбар кадрларига шахсан бириктирилди. Ўз навбатида, туман ва шаҳарлардаги мансабдорларни ҳам қўшиб ҳисобласак, 405 нафар раҳбарга 18 минг 667 нафар ёш бириктирилди. Шундан 2850 нафари вазирлик, идораларнинг раҳбар кадрларига бириктирилди. 

Агар бу янги тартибнинг моҳияти нима, дейилса қисқа қилиб айтган бўлардим: ёшларимиз давлатнинг қуч-қудрати, Президент сиёсати ҳамда меҳрини тўлиқ ҳис қилишига эришилади.

Хусусан, мен ҳам ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Чирчиқ шаҳридан ўзимга бириктирилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан уларнинг уйларига бориб, биргаликда муслаҳатлашаяпмиз, фарзандлари келажакда ўз ўрнини топиши учун мақбул йўл қидираяпмиз.

Шу кунларда майдонга яна янги авлод, Президентимиз таъбири билан айтганда, мамлакатимизнинг олтин фонди бўлган ёшлар кириб келмоқда. Бу ёшлар мутлақо бошқа дунё, ахборот асрининг фарзанди. Уларнинг таклиф ва ташаббуслари ҳам тезкор асримизнинг югурик ташвишларига ҳамоҳанг. ....

Касблар бошқа, орзулар миқёси, моҳияти бошқа. Асосийси, ёшларимизда юксак ватанпарварлик туйғуси жўш уриб турибди, уларнинг барчаси муҳташам келажак пойдеворига бир ғишт қўйишни орзу қилади. Биз раҳбарларнинг вазифаси эса бу йўлда елка тутиш, йўл-йўриқ кўрсатиш, қоқилган бўлса, тиргак бўлишдан иборатдир. 

Кўрсатилаётган ёрдамлар, амалий тавсиялар, албатта, ёшларга оид қонунчилигимизда мавжуд механизмлар доирасида амалга ошираляпти. Эътибор беринг, олий даражадаги муайян ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратилганда – бир яхши ният, давлатнинг орзу-умиди бир ниҳол каби юракларимизда униб, барқ урмас экан натижа бўлмайди.

Бугун Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент вилоятида ёшларга оид қонунчиликнинг бекаму кўст ижроси борасида барча раҳбарлар ўзини масъул ва дахлдор ҳисоблаб, қатъийлик, куч-ғайрат билан эртамиз эгаларини тарбия қилмоқда, ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.

Миразиз МИРСУЛТОНОВ,

Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи