Унда таълим тараққиётини таъминлаш юзасидан муҳим ва долзарб масалалар қамраб олинди. Юрт истиқболи, мамлакат келажаги, барча соҳалар ривожи мактаб таълими билан чамбарчас боғлиқ. Эртанги одимларни бугун ўсиб-улғаяётган ёшларнинг илм-маърифатли, замонавий билимларни чуқур эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли авлод бўлиб камол топиши ҳал қилади. Президентимиз нажот таълимда, тарбияда, билимда эканлигини таъкидлаб, «Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи», дея қайд этди.

Давлатимиз раҳбари мактаб таълимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб берар экан, келгуси беш йилда 1 миллион 200 минг ўқувчи ўрни яратилишини, таълим сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилишига алоҳида тўхталди. Ўқитиш методикаси, дарсликлар, партадан тортиб, мактабларнинг биносигача қайтадан кўриб чиқилиши, муаллимларга муносиб шароитларни яратиш баробарида уларнинг билим ва малакаси, дарс ўтишига талаб ҳам тубдан кучайтирилиши барча соҳалар истиқболи ва ислоҳотлар аввалида таълим-тарбияга эътибор қаратилаётганида ўз ифодасини топган. Дарҳақиқат, замонавий шарт-шароитлар, қулайлик ва имкониятлар ҳамма жабҳада муваффақиятларга асос бўлиб, фаолият самардорлигига хизмат қилади.

Шу маънода Юртбошимиз ташаббуси билан таълим-тарбия масаласига юксак аҳамият берилаётгани ҳамда «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади», деган эзгу даъват остида ёш авлод камоли йўлидаги изчил ислоҳотлар кўлами кун сайин ортаётгани Наманган вилояти халқ таълими тизими ҳаётида ҳам яққол намоён. Бу борада бунёдкорликлар янада кенг қамровга кириб, яқин йилларда вилоятда 40 та янги мактаб барпо этиш, 474 та (264 тасини капитал реконструкция, 210 тасини мукаммал таъмирлаш) илм масканини капитал реконструкция ва капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Натижада вилоятда 104 мингдан зиёд қўшимча ўқувчи ўрни яратилиб, жами ўқувчилар ўрни 512 мингтага етади. 132 та мактабда замонавий спорт зали қуриш режалаштирилган.

Бу аниқ мақсад ва режалар видеоселектор мажлисида кўтарилган масалалардан келиб чиқиб тайёрланган «Йўл харитаси»дан ўрин олди. Ватан эртасини илм-маърифатли, ҳар жиҳатдан етук, замонавий билимларни чуқур эгаллаган интеллектуал салоҳиятли мутахассислар белгилар экан, бунинг зарур омили сифатида олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни кучайтириш, жорий ўқув йилиданоқ битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш даражасини 35 фоизга етказиш, фарзандларимиз ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятнинг фаол вакилига айланиши учун умумтаълим жараёнларидаёқ уларни касб-ҳунарга йўналтиришга доир ташаббусларни юқори даражага кўтаришни ўз олдимизга муҳим вазифалар сифатида белгиладик.

Таълимда барча мезонлар сифат, самарадорлик ва натижа билан баҳоланади. Демак, ўқитувчиларнинг ўз устида мустақил ишлаши, ташаббусларга интилиб фаолият юритиши, ўқувчиларга умумтаълим фанларини чуқур ўргатиш билан бир қаторда маънавий-маърифий ишлар самардорлигини ошириш доимий диққат марказимизда туради.

Президентимиз таъкидлаганидек, янги Тараққиёт стратегияси ижросини бажаришда малакали педагог кадрлар, бошқарувчилик ва лидерлик қобилиятига эга раҳбарлар, муаллимлар ватанпарварлик руҳи билан биринчи ўринга чиқишини давр тақозо этмоқда. Биз, Наманган вилоятидаги жамики маорифчилар, халқ таълими тизими ходимлари бунинг учун бор билим-салоҳиятимиз, малака ва маҳоратимизни сафарбар қиламиз.

Рустамжон ИСРОИЛОВ,
Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи