Президентимизнинг электр таъминоти тизимини тўла ислоҳ қилиш, янгидан қуёш, шамол ҳамда иссиқлик электр станциялари бунёд этиш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда амалдаги йилда янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланганди. Янгиариқ туманида Туркиянинг “ODAS ENERJIA S” компанияси томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида бунёд этилаётган иссиқлик электр станцияси 174 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Ҳозирда қурилиши жадал давом қилаётган электр станцияси учун 105 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияси жалб қилинган.

Келаси йили вилоятнинг энг узоқ ҳудуди — Тупроқалъа туманининг Саримой қишлоғи ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қуввати 100 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси барпо этилади. Бу лойиҳанинг қиймати 100 миллион долларга тенг. Қизилқум бағрида ушбу қуёш электр станцияси қурилишига сабаб Тупроққалъа тумани ҳудудида жойлашган “Ҳазорасп” эркин-иқтисодий зонасида саноат корхоналари сони йил сайин ошиб бораётгани ва уларнинг узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш билан боғлиқ.

Келаси йили мазкур электр станциялар иш бошлайди ва 283 та маҳалла, мингдан зиёд корхоналарни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга етарли даражада электр энергиси ишлаб чиқарилади. Бу икки станция вилоятнинг электр энергиясига бўлган талабининг деярли ярмини қоплайди.                                                                              

Рўзимбой Ҳасан,

"Янги Ўзбекистон" мухбири