Хусусан, ҳудудларимизда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро станция фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.

«Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир», – деди Президентимиз.

Энг муҳими, «тоза» энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.

«Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз», – деди Президентимиз.

Аҳолига қулай шарт-шароит яратиш учун «Янги Ўзбекистон» массивлари ва бошқа ҳудудларда 800 мингдан ортиқ хонадонли, энергия тежамкор кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

IT, сунъий интеллект ва «буюмлар интернети» каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий супер компьютер кластери ва дата-марказлар сони кўпайтирилади.

Айни пайтда Саудиянинг «Дата-вольт» компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича ишларни бошлаган. Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади.

Шу боис, давлатимиз раҳбари яқин келажакдаги режаларга қисқача тўхталиб ўтди.