Учрашув давомида мамлакатимиз дипломатия миссияси раҳбари суҳбатдошга Ўзбекистоннинг ўз-ўзини англаши учун имкониятлар яратиш ва келажакда мамлакат равнақига ҳисса қўшишни ўз ичига олган ёшлар сиёсати ҳақида атрофлича сўзлаб берди. Шу ўринда томонлар келгуси йилнинг баҳорида Самарқанд шаҳрида Мусулмон ёшлари форумини ўтказиш бўйича Ўзбекистоннинг интилишини муҳокама қилдилар.
Тарик Бахитнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти томонидан йирик сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий ва бошқа тадбирларни юқори ташкилий ва асосли даражада ўтказиш бўйича халқаро марказ сифатида эътироф қозонди. У жорий йил 26 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган "Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш" халқаро конференциясидаги иштирокини мамнуният билан қайд этди.
Мазкур халқаро форумнинг аҳамиятини қайд этар экан, Тарик Бахит анжуман Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатнинг низодан кейинги тикланиши учун мазмунли, мажмуавий ва мувофиқлаштирилган ёндошувларни ишлаб чиқишга улкан ҳисса қўшганини таъкидлади.
Суҳбатдошнинг қайд этишича, анжуманда Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, Америка, Яқин Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақасининг 20 дан ортиқ давлатларидан Афғонистон бўйича махсус вакиллар, шунингдек, БМТ, ЕИ,ФАО, ЭКО каби халқаро ва минтақавий ташкилотларининг раҳбар ва мутахассислари, ИҲТ, ШҲТ, Афғонистоннинг қўшни давлатлари, жумладан, Марказий Осиёнинг барча давлатлари, Россия, АҚШ, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Бельгиянинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари ҳамда экспертлари иштирок этганини ёдга олди.
У, жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда муваффақиятли ўтказилган ШҲТ саммити якунларига ҳам юқори баҳо берди. Бош котиб ўринбосарининг таъкидлашича, Ўзбекистон тажрибасидан кўплаб мамлакатлар фойдаланиши мумкин.
Тарик Бахит ИҲТга аъзо давлатлар иштирокида Ўзбекистонда Мусулмон ёшлар форумини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлар экан, лозим бўлса уни ташкил этишда кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди.