Бош вазири ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор УМУРЗОҚОВ yuz.uz сайти мухбирига келгусида юртимизда фармацевтига соҳасида амалга ошириладиган ишлар бўйича қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 16 июль куни видеоалоқа орқали нефть-газ кимёси, электр техникаси ва фармацевтика саноатидаги янги лойиҳалар тақдимоти ҳамда ушбу тармоқларни ривожлантириш ишлари бўйича ҳисоботлар билан танишди. Йиғилишда электротехника ва фармацевтика саноатини ривожлантириш бўйича алоҳида топшириқ берилди. Хусусан, электротехника саноатининг алоҳида йўналиши сифатида электроникани ривожлантириш масаласи кун тартибига қўйилди. Топшириқларни ўз вақтида бажариш мақсадида тегишли қарор лойиҳасини тайёрлашга киришдик. Бу борада зарур ҳуқуқий-ташкилий шароитлар яратилиб, айнан шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган бир нечта эркин иқтисодий ҳудудлар ташкил этилади. 2025 йилга бориб тармоқда экспорт ҳажмини кескин ошириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур натижаларга эришишда бир қатор муаммоларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, соҳада таълим, фан, амалиёт, ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан биридир.
Фармацевтика соҳасининг ҳолатини ҳам бугунги кун талаби даражасида деб бўлмайди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган дори-дармон эҳтиёжимизни 21 фоиз қоплаяпти, холос. 79 фоиз дори-дармон четдан импорт қилинади. Бу соҳадаям таълим, ишлаб чиқариш, илм-фан тизимини уйғунлаштириб, янги ёндашув асосида кескин ўсишни таъминлаш вазифаси ўз ечимини кутмоқда.
Йиғилишда бу муаммоларнинг оқилона ечимини топиш, чет эллик инвесторлар, дунёга машҳур фармацевтика брендларини юртимиз фармацевтика саноатига жалб этиш учун офсет шартномалардан фойдаланиш топшириғи берилди. Яъни, камида 10 йилга уларнинг маҳсулотларини сотиб олиш бўйича шартнома тузилади. Бунинг эвазига уларга дори-дармонларни босқичма-босқич маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш таклиф этилади. Шу тахлит дунёдаги энг машҳур брендларнинг маҳсулотларини ўзимизда ишлаб чиқаришга эришилади.
Йиғилишда Ўзбекистон иқтисодиётида фармацевика, электротехника ва электроника, нефть-газ кимёси, пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик ва шунга ўхшаган драйвер, яъни ўсиш нуқтаси вазифасини бажарадиган тармоқларни мутлақо янги тамойил асосида ривожлантириш бўйича тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди. Уларни амалга ошириш учун барча соҳа ва тармоқларнинг салоҳияти етарли. Барчамиз баҳамжиҳат бўлиб, уюшқоқлик билан ҳаракат қилсак, албатта, кўзланган натижаларга эришамиз.