Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдуғани Сангинов жорий йилнинг март ойида Денов тумани аҳолиси билан учрашувида ҳудуддаги бир қатор таъмирталаб ички йўллар мавжудлиги, бу эса аҳоли, айниқса, таълим муассасаларига қатновчи ўқувчи ёшлар учун ноқулайликлар туғдираётгани билдирилганди.

Сенатор ташаббуси билан ўтган қисқа фурсат ичида туман маркази ҳамда қишлоқ жойларидаги 50 километрдан зиёд йўлларда бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, замонавий ҳолатга келтирилди.

— Ўйдим-чуқурлар техника ҳаракатланишига ҳам, пиёдалар, айниқса, ўқувчилар учун жуда кўп ноқулайликлар туғдирарди, — дейди «Остона» МФЙ фаоли Жуманазар Абдураимов. — Сенатор Абдуғани Сангиновнинг ёрдами билан йўлларимиз қайта таъмирланди. Эндиликда кўчаларимиз кенг ва текис бўлди. Йўловчилар қийналмайди. Ҳаммаси учун катта раҳмат!

Куни кеча тумандаги «Чағониён» маҳалласининг Алпомиш кўчаси ҳам ана шундай кўркам қиёфа касб этди. Яроқсиз ҳолатга келиб қолган йўлнинг 600 метрдан зиёд қисми текисланди ҳамда 120 кубдан ортиқ майдаланган тош (шағал) ётқизилди. Кўча сатҳи махсус техникалар ёрдамида жипслаштирилди. Натижада Алпомиш кўчаси пиёда ҳамда техникаларнинг ҳаракатланиши учун қулай манзилга айланди.

Шунингдек, «Қовунлисой» ҳамда «Чоргул» МФЙда ҳам бир километрдан зиёд йўлга, 200 кубдан ортиқ шағал ётқизилиб, таъмирланди.

Мазкур жараён август ойи охирига қадар ўн биттада маҳаллада амалга оширилади.