Унда Қўмита аъзолари, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар масъуллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қўмита мажлисида Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартиби доирасида кўриб чиқиладиган масалалар муҳокама этилди.
Сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Маълумки, кейинги пайтларда Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда бир қатор шахсларнинг мобил қурилмаларини ҳамда ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги аккаунт ёки каналларини зарарли дастур юбориш йўли билан блоклаб (тўсиб) қўйиш, маълумотларини ўчириб юбориш, ўзгартириш ёки олиб қўйиш билан қўрқитиб, пул ёки бошқа моддий манфаатдорлик талаб қилиш ҳолатлари рўй бериб келяпти.
Кибермаконда шахсларнинг фотосурати, овози ва бошқа биометрик маълумотларини махсус дастурлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Содир этилган бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиляпти.
Шу билан бирга, крипто -активларни ноқонуний айланмаси, хусусан ноқонуний майнинг фаолияти учун Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда жавобгарлик чоралари кучайтириляпти.
Сенаторлар қонун қабул қилингандан сўнг Ички ишлар вазирлиги масъуллари жойларда аҳоли, жамоатчилик учун тарғибот тадбирларини кучайтириши лозимлигига эътибор қаратди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.