Дастлабки маҳсулотлар қашқадарёлик харидорларга юборилди. Тадбиркор шу вақтга қадар ўз хонадонида мазкур фаолият билан шуғулланиб келган. Табиийки, бунинг ўзига яраша ноқулайликлари мавжуд эди. Масалан, ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан ҳосил бўлувчи табиий чанг-тўзон қишлоқ аҳолисининг эътирозига сабаб бўлаётганди.
– Туман ҳокими кичик саноат зонасидан жой таклиф қилганида аввалига бироз иккиландим, — дейди «Bek online» оилавий корхонаси раҳбари Илҳомжон Умаров. — Лекин тўғри танлов бўлган экан, бугун кенг-мўлгина майдонда фаолиятимизни бошлаб олдик. Лойиҳанинг дастлабки босқичини амалга ошириш учун 450 миллион сўм маблағ сарфладик ва натижада 10 та янги иш ўрни яратилди. Насиб қилса, келгуси йилда 1 миллиард сўм эвазига лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлаймиз ва лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўямиз. Шунда ишчиларимиз сони 20 нафарга етади.
Цехда 1 кунда 5 тонна сувли бўёқ, 10 тонна шпаклёвка, 5 тонна ротбон ва 400 килограмм грунтовка ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар, асосан, Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Хоразм ҳамда водий вилоятларига юборилади. Бундан ташқари, тадбиркор қирғизистонлик ҳамкорлар билан ҳам дастлабки келишувга эришди ва Бағдодда ишлаб чақирилган сифатли қурилиш маҳсулотларининг экспорти тез орада йўлга қўйилади, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Бағдод тумани ҳокимлиги маълумотига таяниб.