64 та кичик саноат зонаси ишга тушади
Ўтган беш йилда мамлакатимизда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди. Уларда 10 триллион сўмлик мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилган, 100 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 45 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарила бошланган. Саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда.
Ҳақиқатан, кейинги даврда ҳар бир туманга саноат кириб борди, олис ва чекка ҳудудларда янги ишлаб чиқаришлар пайдо бўлмоқда. Самарқанд вилоятининг шу пайтгача умуман саноат ишлаб чиқариши бўлмаган туманларида ҳам янги саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Президентимиз раислигида саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилишда ана шундай ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам таҳлил этилди. Ҳозиргача саноат зоналарида лойиҳаларни бошлаш учун тадбиркорлар 5 та босқичли жараёндан ўтиб, 10 турдан ортиқ ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Оқибатда ҳозирда Бухорода 10 та, Тошкент вилоятида 5 та, Самарқанд ва Фарғонада 1 тадан лойиҳа бошланмаганлиги танқид қилинди.
Вилоятимизга доир қайд этилган лойиҳа Нарпай тумани
Тепа маҳалласида ташкил қилинган кичик саноат зонасидаги “Osiyo maroqand” масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлиб, унинг амалга оширилиши паррандачилик хўжаликлари учун омухта ем ишлаб чиқаришни кўпайтиришга хизмат қилади. Лекин замонавий ускуналар жамланмасини хориждан олиб келиш муддати бироз кечикиб кетди. Кўрилган чоралар туфайли янги технологиялар тўлиқ олиб келиниб, ҳозирда монтаж қилинмоқда. Жорий йилнинг июль ойида корхона тўлиқ қувватда ишга тушади ва бу ерда ойига 125 тонна омухта ем ишлаб чиқарилиши баробарида 25 та янги иш ўрни ҳам яратилади.
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил апрель ойида Самарқандга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган учрашувда берган топшириққа кўра, жорий йилда қўшимча 64 та янги кичик саноат зонаси ташкил этилиши белгиланган эди.
Ҳозиргача 26 та кичик саноат зонасида 5228 иш ўрнига мўлжалланган қиймати 100,8 миллион долларлик 208 та лойиҳа жойлаштирилди. Уларга 330,7 гектар, шундан, 42,6 гектар ер майдонида коммуникация тармоқлари, 26,4 гектарда муҳофаза зонаси, 81,1 гектарда инвестиция лойиҳалари татбиқ этиляпти ҳамда лойиҳа жойлаштириш мумкин бўлган 200,5 гектари бўш ер майдони ташкил этади. Хусусан, Жомбой туманининг Деҳқонобод МФЙда 5,5 гектар, Тойлоқ тумани Боғизоғон МФЙда 7,30 гектар, Ургут тумани Сариқтепа МФЙда 21,50 гектар ҳамда Пайариқ тумани “Халқобод” МТПда 15,50 гектар бўш ер майдонлари янги саноат зоналарининг фаолияти йўлга қўйиляпти. Уларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун қулай имкониятлар яратилган, узлуксиз электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова тармоқлари, йўл инфратузилмалари билан таъминланган.
Бундай ишлаб чиқариш майдонларида ўтган бир йил давомида 51,8 миллион долларлик 96 та лойиҳа ишга туширилди, 2040 та янги иш ўрни яратилди. Яқингача хориждан импорт қилинаётган маҳсулотлар бугун кичик саноат зоналарида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларига экспорт ҳам қилинмоқда. Мисол учун, 2021 йилда 100 га яқин турдаги енгил саноат, электротехника, машинасозлик, кимё, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, фармецевтика, қурилиш материаллари саноатига доир 84,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда 8,2 миллион доллар экспорт қилинди. Яна 49 миллион долларлик 112 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 3 188 нафар янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Жорий йилда 64 та янги КСЗда қиймати 111,3 миллион АҚШ долларлик бўлган 742 та лойиҳани жойлаштириш натижасида 978,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қарийб 9 мингта янги иш ўрни яратилади.
Вилоятда 5 та ихтисослаштирилган кичик саноат зонаси ташкил этилди. Жумладан, Самарқанд ва Ургут туманларида чарм-пойабзал, Пахтачи ва Нурободда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда Паст Дарғом туманида мебелсозлик соҳасида кичик саноат зоналари фаолият юритмоқда.
Маълумки, Президентимиз раислигидаги йиғилишда Самарқанд вилоятида 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди. Ҳозир ана шу майдонларда тадбиркорлик субъектлари томонидан таклиф этилаётган лойиҳаларни татбиқ этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бунда инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кичик саноат зоналаридаги объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилганлиги қўл келяпти.
Буларнинг ҳисобига саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар амалдаги 5 тадан 2 тага камаяди, сарф қилинадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.
Шунингдек, эндиликда саноат зоналаридаги ерлар аукционга дирекциялар томонидан чиқарилиши белгиланяпти. Бу ҳам ишларни жадаллатиришга, янги шаффоф тизим яратилишига имкон яратади. Бинобарин, эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш, саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар ваколатлари Ташқи савдо ва нвестициялар вазирлигига ўтказилади. Ана шундай ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилиниши ҳам белгиланди.
Анвар ЮСУПОВ,
Самарқанд вилояти кичик саноат зоналари дирекцияси директори