Бугунги кунда мамлакатимизда 2 ҳамда 14 ёшгача болалари бўлган кам таъминланган оилаларга нафақа ҳамда моддий ёрдам Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги муваққат низом асосида тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, юртимизда доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Фуқаро аризани доимий ёки вақтинча яшаш жойи (прописка жойи) бўйича беради ва унга паспорт нусхаси, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини илова қилади.

Муваққат низомнинг 7-бандига мувофиқ, мазкур турдаги нафақа ва моддий ёрдам жами ойлик даромади ҳар бир аъзосига тақсимланганда, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўртача 0,527 баравари (358 007 сўм)дан ортиқ бўлмаган ҳиссада тўғри келадиган оилаларга тайинланади.

Тегишли ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Жумладан:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг муваққат низомнинг 7-бандида кўрсатилган белгиланган мезонлардан ортиқлиги;

б) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида кўчмас мулк мавжудлиги (ариза берувчи прописка қилинган жойдаги кўчмас мулк бундан мустасно);

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида икки ва ундан ортиқ автотранспорт мавжудлиги;

г) аризада тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга номувофиқлиги аниқланиши;

д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва меҳнат бўйича органларда ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги ариза сабабли рад этилади.

Ўтган йилнинг 10 сентябрида Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Н. 14 ёшгача бўлган фарзандларига нафақа тайинлашни сўраб яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган. Фуқаронинг аризаси ҳудудий пенсия жамғармаси мутахассиси томонидан белгиланган тартибда “Ягона реестр” АТ дастурига киритилган. Дастур томонидан автоматлаштирилган тарзда реал вақт режимида давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашилган.

Шунга асосан, фуқаронинг расмий даромад манбаларига эга эмаслиги ва охирги олти ой мобайнида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилмагани сабабли “Ягона реестр”АТ дастури орқали оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд деб ҳисобланиб, нафақа тайинлаш рад этилган.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ қўллашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади. Бу орқали нафақа ва моддий ёрдамлар инсон иштирокисиз тайинланиши ва тўланишини таъминлайди. Бу эса, халқимизга хизмат қилишда шаффофлик ва адолатни таъминлайди.

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати