Бундан ташқари, корхоналарининг қарздорликларини реструктуризация қилиш юзасидан кўрилган чоралар уларни молиявий соғломлаштиришга ва ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини оширишга имкон берди.
Шунга қарамай, кимё тармоғини янада ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб келинаётган эди. Хусусан, инвестициявий жозибадорликнинг пастлиги ва тармоқни ривожлантириш учун ўз маблағларининг етарли эмаслиги хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий қилиш имконини бермасди. Бунинг оқибатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотда минерал ўғитлар улушининг юқорилиги сақланиб қолаётган, маҳсулот таннархи ҳам талабга жавоб бермас эди.
Президентимизнинг 2018 йил 25 октябрдаги ”Ўзбекистон республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу каби муаммо ва тўсиқларни барҳам топтиришда катта аҳамият касб этди. Ҳужжатда, энг аввало, углеводород хомашёсини ва минерал ресурсларни чуқур қайта ишлаш асосида иқтисодиёт тармоқларида ва жаҳон бозорида талаб катта бўлган, юқори қўшилган қийматли кимё маҳсулотлари турларини кенгайтиришга, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва фаолият юритаётганларини модернизация қилишга алоҳида қаратилди. Шу асосда Қўнғирот сода заводининг калцийланган сода ишлаб чиқариши қуввати 200 минг тоннага етказилган бўлса, Тошкент вилоятида Хитойнинг “Poly Technologies” компанияси билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалиги техникалари ва автомобиллар учун шиналар, конвейр ленталари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди.
Президентимиз ташаббуси ва бевосита иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йилллиги арафасида иш бошлаган азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналари соҳа ривожига қўшимча суръат беряптии. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар жамиятда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, унинг қийматини йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади.
Тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати ҳар қандай халқаро талабга тўла мос келади. Бу, ўз навбатида, уларнинг жаҳон бозорида харидоргир ва рақобатбардошлигига ишонч ёрлиғи бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз қарори ижросининг таъминланиши натижасида тармоқ диверсификация қилиниб, янги маҳсулотлар ўзлаштириш асосида охирги 3 йилда ишлаб чиқариш 1,5 баравар, экспорт эса 2 баравага ошди. Асосийси, илгари сурункали зарар билан ишлаган бўлса, 2021 йилни 1,6 триллион сўм соф фойда билан якунладик.
Жорий йилнинг олти ойида жамиятимиз корхоналари томонидан қарийб 7 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланиб, ишлаб чиқариш 11 фоиз ўсди. 218 миллион долларлик товарлар экспорт қилинди.
Йил якунигача ишлаб чиқаришни 14 триллион сўм, экспортни 425 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун иккинчи ярим йилликда 650 минг тонна азотли, 70 минг тонна фосфорли ва 120 минг тонна калийли ўғитлар ҳамда 80 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқариш мўлжалланган.
Президентимиз кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишиши чоғида амалга оширилган ишларнинг асосий жиҳатларини таҳлил этар экан, тармоқ корхоналари самарадорлигини ошириш ва уларни трансформация қилиш бўйича тизимли ишлаш кераклигини таъкидлади. Энергияни тежаш ва маҳаллийлаштириш орқали таннархни 6 фоизгача камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Маҳсулот таннархини пасайтиришга ўта жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки, унда хомашё, энергия сарфи, иш ҳаки, ижтимоий суғурта, амортизация ажратмалари каби сарф-харажатлардан тортиб, маҳсулотни ўраш, жойлаш, етказиб бериш, сотиш билан боғлиқ бошқа чиқимлар ўз ифодасини топади. Таннарх қанча паст, сифат юқори бўлса, маҳсулот шунча харидоргир бўлади.
Кимё саноатида бундан беш-олти йил олдин маҳсулот чиқариш нархида харажатлар улуши 99,7—100 фоизни ташкил этган. Уларнинг 64 фоизи энергетика ресурсларига сарфланган. Ваҳолонки, ўша кезда хорижий корхоналарда бу кўрсаткич 25 — 30 фоиз атрофида бўлган. Агар Ўзбекистонда бир тонна аммиак ишлаб чиқаришга 1450 куб метр табиий газ ёқилса. замонавий ускуналардан фойдаланиладиган чет эл компанияларида мазкур миқдор 902 куб метрдан ошмаган. Азот ишлаб чиқариш таннархида энергия ресурсларининг улуши 70 фоиздан ҳам ошиб кетган ва унинг сарфи замонавий компаниялардагига нисбатан 1,6 марта ортиқ бўлган.
Ҳисоб-китоблар тежамкор қувватларнинг ишга туширилиши энергия сарфини 2-2,5 баравар, аммиакнинг таннархини эса 1,8 баравар пасайтириш мумкинлигини кўрсатди. Умуман, кимё саноатида энергия истеъмоли бир фоиз камайиши маҳсулот таннархини 0,6-0,8 фоиз пасайтириш имконини беради.
“Навоиазот” АЖда янги ишга туширилган азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналари соҳа ривожига қанот бахш этиши баробарида энергия тежамкорлиги билан ҳам ажралиб туради. Масалан, йилига 500 минг тонна азот кислотаси тайёрланадиган заводда электр энергияси сарфи 18 марта қисқарган. 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқариладиган иккинчи корхонада бир тонна аммиак учун энергия сарфи 2,5 марта камайди. Фақатгина ана шу иккита лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғит таннархи 30 фоизга пасаймоқда. Йилига умумий қиймати 400 миллиард сўмлик ўртача 736 миллон кВт-соат электр энергияси тежалади.
Президентимизга тақдимотда истиқболли лойиҳалар ҳам ҳар томонлама таҳлил этилди. Йил якунига қадар 400 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 9 та лойиҳа ишга туширилади. Жумладан, “Навоийазот”да метилцеллюлоза, техник газ, суюқ минерал ўғитлар, Чирчиқ кимё технопаркида кўпикли полипропилен, органик ўғитлар ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Президентимиз янги лойиҳаларни фақат хусусий инвестициялар иштирокида амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Кимё кластерларида камида 1 миллиард долларлик лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифасини қўйди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ўтган йил 27 август куни “Навоиазот” АЖда поливинилхлорид корхонасининг иккинчи босқичи қурилишига таъмал тоши қўйган эди. 400 миллион доллар қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 220 минг тоннага, каустик содани эса 165 минг тоннага етказиш имконини беради. Шу тариқа электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари саноати, маиший кимё ва бошқа соҳаларда йилига талаб юқори бўлган 210 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилда ишга тушириш мўлжалланган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан ҳозирда қиймати 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 49 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида юқори қийматли товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган 4 та технологик кимё ва газ-кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Улардан биринчиси “Навоийазот” АЖда умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 30 та лойиҳа амалга оширилади. Кластер доирасида 36 турдаги юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хусусан, кимё, чарм, мебелсозлик ва қурилиш материаллари саноати учун гидроксипропил-метил целлюлоза, полипропилен, винилацетат, акрилонитрил тола, метил хлорид, калий гидроксид, полиоксиметилен ва кальций нитрат каби маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
“Фарғонаазот” АЖ негизида ишга тушириладиган иккинчи кластерда лак-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Учинчи кластер Қорақалпоғистон Республикасида, Устюрт ҳудудида жойлаштирилади. Унда кальцийланган сода, поливинилхлорид, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади.
Тўртинчи кластер Тошкент вилоятида ташкил этилади. Унда моноаммонийфосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли минерал ўғитлар, протеин ҳамда ювиш воситалари тайёрланади.
2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан инвестиция дастурига мувофиқ, жами 88,9 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб қилинган бўлиб, шундан 70,8 миллион доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. Йил якунига қадар эса 402,7 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ва қиймати 46,3 миллион долларига тенг бўлган яна 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 397 та янги иш ўринлари яратилади.
Кимё соҳасини ривожлантириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошликни таъминлаш, тармоқни тубдан диверсификациялаш кўп жиҳатдан илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, инжиниринг, диагностика марказлари ва, асосийси, малакали кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқ. Шу жиҳатлар назарда тутилган ҳолда, Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади. У 4 та олий таълим муассасаси ва кимё бўйича замонавий илмий-тадқиқот марказини қамраб олади.
Авваллари “Ўзкимёсаноат” фақат минерал ўғит ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган. Ҳозирги кунда тайёрланаётган бошқа турдаги (органик, ноорганик, кимё реагентлари ва бошқа) кимё маҳсулотларининг тури 110 тадан ошди ҳамда жами ишлаб чиқариш ҳажмининг тўртдан бирини ташкил қилмоқда. Кимё саноатини ривожлантириш бўйича қабул қилинган стратегияни амалга оширилиши натижасида, 2030 йилда бошқа турдаги кимё маҳсулотларининг улуши 55 фоизга етади. Ҳар бир йўналишдаги лойиҳаларда маҳсулотлар сифати ва таннархининг замонавий технологиялар орқали таъминланиши эса, экспорт ҳажмини 5−6 баробар оширади, унда асосий ўринни юқори қўшилган қиймат маҳсулотлари эгаллайди.
Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ,
"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси