Ҳар бир халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлиги, маданиймаърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шу боис, мустамлакачилар бирор юртни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, уни тили, дини, тарихи, маданияти ва миллий ғуруридан жудо этишга уринган. Давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистон миллий ғояси хусусида тўхталиб, таъкидлаганидек, “Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган”.
Тарихга назар солсак, буюк маънавий қадрият саналган тил доим ҳимояга муҳтож бўлган. Хусусан, қорахонийлар даврида, араб тили илмфан тили сифатида эътироф этилган бир пайтда Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий каби алломаларимиз тилимизнинг қаддини тиклади. Кошғарий таъбири билан айтганда, икки улоқчи от сингари пойгада ўзбек тилининг араб тилидан ўзиб кетишини таъминлади.
Тилимиз Амир Темур ва темурийлар салтанатида ривожланишнинг янги, юксак поғонасига кўтарилди. Буюк мутафаккир Алишер Навоий форстожик тили бадиий адабиёт тилига айланган, иккинчи томондан, араб тили таъсири ҳамон сақланиб турган кезларда умумбашарият маданий хазинасидан муносиб ўрин олган “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Муҳокамат ул-луғатайн” каби ўлмас асарлари билан ўзбек адабий тилининг бадиий ва илмий асарлар яратиш, шунингдек, давлат ишлари, дипломатик муносабатларда фойдаланиш учун бой имкониятларга эга эканини ҳам назарий, ҳам амалий томондан исботлаб берди, унинг шуҳратини дунёга тараннум этди.
Сўз мулкининг соҳибқирони “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўзи тўғрисида гапириб, шеър ёзишни форс тилида бошлаганини айтади. Лекин тушуниш ёшига етиб, туркий тил ҳақида фикр юритиш эҳтиёжи туғилгач, унинг кўз ўнгида зебу зийнатлари сонсаноқсиз ўн саккиз минг оламдан ортиқ олам намоён бўлгани, фазилат ва етукликда чекчегараси бўлмаган тўққиз фалакдан ортиқ фалак кўргани, дур ва гуллари юлдузлардан равшанроқ хазина ва гулшанни учратгани, аммо бу оламга ҳеч кимнинг қадами етмагани ва қўли тегмагани ҳақида ёзади.
Ўзбек тили ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан рус тилига тўқнаш келди. Мустамлака тузумининг тазйиқларига қарамай, она тилини миллатнинг руҳи, миллий мерос, маънавий қадриятларнинг воситачиси сифатида кўрган, ўз ҳаётини халқимизнинг маънавий камолотига, она тилимизнинг равнақ топишига бағишлаган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари улуғ маърифатпарварларнинг номларини халқимиз доимо ҳурмат билан эслайди.
Қувончлиси, давлатимиз раҳбари 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг видеоанжуман шаклида ўтган 75сессиясида илк марта ўзбек тилида маъруза қилди. Куни кеча БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида ҳам Президентимиз Ўзбекистон томонининг ташаббус ва таклифларини она тилимизда баён қилиб берди. Бу, ўз навбатида, тилимиз тараққиёти янги босқичга қадам қўйганидан далолат беради.
Президентимизнинг нуфузли ташкилотда иккинчи бор давлат тилида чиқиш қилиши юксак халқаро минбарларда ўзбек тилида нафақат нутқ сўзлаш, балки халқаро ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, дипломатик муносабатларда давлат тилидан фойдаланиш лозимлигини намоён этади. Бир сўз билан айтганда, тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграй бошлади.
Бугунги глобаллашув даври ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданияти, азалий қадриятлари, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратишни кун тартибига қўймоқда. Шу маънода, кейинги йилларда амалга оширилаётган ишлар ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Бу, ўз навбатида, халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади.
Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган “Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори билан шоир туғилган қутлуғ 9 февраль санасини ҳар йили адабиёт ва маърифат байрами сифатида юксак даражада нишонлаш анъанаси йўлга қўйилди. Айни пайтда, мазкур қарорда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш, Алишер Навоий орденини таъсис этиш, хорижий давлатларда сақланаётган, шоир қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чораларини кўриш, алломанинг қўлёзмалари асосида шоир асарларининг мукаммал илмий нашрини тайёрлаш, Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформасини яратиш, мутафаккир асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқиш каби устувор масалалар қўйилган.
Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 4 февраль куни имзоланган “Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан ушбу фонд зиммасига Алишер Навоий ҳаёти, юксак инсонпарварлик ғоялари ва илмийадабий меросини юртимизда ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, мукаммал илмий нашрларини яратиш, уларни республикада ва чет элларда нашр этиш, шоир ижодини ўрганаётган, жумладан, хорижий давлатлардаги илмийижодий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, ҳар йили Алишер Навоий туғилган сана — 9 февраль куни халқаро конференция (симпозиум) ва “Навоийхонлик кунлари”ни ташкил этиш ва ўтказиш сингари вазифалар юклатилди. Буларнинг барчаси Навоий даҳосига, у асослаган тилга бўлган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Тўғрисини айтиш керак, қайд этилган ишлар баробарида талайгина муаммолар ҳам мавжуд. ОАВ, интернет, хусусий кўнгилочар нашрлар, телеканал ва радиоканаллар, баъзи идора ҳамда ташкилотларда давлат тили қоидаларига амал қилмаслик, қаҳвахона, тўйхона, дўконлар, турли фирмалар ва масъулияти чекланган жамиятлар, хизмат кўрсатиш шохобчаларининг чет тилида номланиши, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банкмолия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа тармоқларда давлат тилининг тўлақонли қўлланмаётгани, давлат тилида иш юритиш, ёзувни меъёрлаштириш, соҳага доир терминологик ва изоҳли луғатларни яратиш, она тилини ўқитиш, ўзбек тили шевалари борасидаги изланишларни жадаллаштириш кабилар билан боғлиқ қатор муаммолар борки, уларни бартараф қилмасдан туриб, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрда имзоланган “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги фармонида мазкур муаммоларнинг тизимли ечими кўрсатиб берилди. Фармонга мувофиқ, 20202030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Концепцияда мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шартшароитлар яратиб бериш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш сингари йўналишларнинг ўрин олиши она тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаёти ва халқаро миқёсдаги обрўэътиборини тубдан оширишга кўмаклашади. Шу билан бирга, фармонда 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш, 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш, олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага, 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш, 2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш кўзда тутилган, 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавийтерминологик, изоҳли луғат яратиш ҳам асосий йўналишлар қаторидан ўрин олган. Бир сўз билан айтганда, фармонда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрўэътиборини тубдан ошириш, унибўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, юртимиздаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шартшароитлар яратиш, тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва истиқболдаги вазифалар аниқ ифодасини топди.
2021 йил 12 январда Ўзбекистон Президенти раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҳарбий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни узвий давом эттириш, олий ҳарбий билим юртлари, лицей ва коллежлар, жумладан, “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари фаолиятини такомиллаштириш, уларда таълим олаётган ўқувчилар қалбида асрлар давомида шаклланган миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғусини ҳар томонлама кучайтириш, буюк аждодлар, жумладан, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби саркардаларнинг ҳарбий маҳоратидан кенг фойдаланиш муҳимлиги эътироф этилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига давлат тилини кенг татбиқ этиш ҳамда ҳарбий терминологияни бойитиш масалалари бўйича ишчи гуруҳ фаолияти йўлга қўйилди. Бинобарин, Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида, шунингдек, ҳарбий идора ҳамда муассасалардаги меъёрий ҳужжатлар, ички қоида, низомлар, кўргазмали қуроллар, тарғибот материалларини давлат тили талабларига мослаштириш, халқимизнинг ҳарбий мероси, тарихий ҳарбий терминларни ўрганиш, ҳарбий соҳадаги атамаларнинг ўзбек тилидаги муқобилларини топиш, янги луғатлар ва қомуслар тайёрлаш каби масалалар ҳарбий тузилмалар фаолиятида давлат тили сўз бойлигидан тўлиқ ҳамда тўғри фойдаланиш, унинг ҳарбий тил сифатидаги нуфузини ошириш имконини беради.
Дарҳақиқат, бугун “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” қадам ташлаётган, ҳар жабҳада қиладиган ишларимиз, таълимтарбия ва кадрлар сиёсати — барчаси Учинчи Ренессанс учун шарт-шароит яратишга қаратилган мамлакатимизда давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири саналади. Шунинг учун мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Чунки неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш — бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрўэътибори бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир.
Хулоса шуки, миллий маънавиятимизнинг ўзаги ҳисобланган, бугун бизнинг кимлигимизни бутун жаҳонга намойиш қилаётган бой тилимизни асрабавайлаш, тараққий эттириш, қолаверса, унинг халқаро миқёсдаги обрўсини юксалтириш, юртимиз ва хорижда ўрганиш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш, миллий ҳамда умумбашарий тушунчалар асосида ривожланган тиллар қаторига қўшиш аждодларимизнинг бой мероси, миллий ва маънавий қадриятлар умрбоқийлигини таъминлайди.
Бахтиёр АБДУШУКУРОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек филологияси факультети декани,
филология фанлари доктори, профессор