Президентимиз Шавкат Мирзиёев мутолаа ҳақида фикр билдириб, жумладан, шундай деганди: “... ҳаммамиз учун айни пайтда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган масала, яъни китобхонликни кенг ёйиш ва ёшларимизнинг китобга бўлган муҳаббатини, уларнинг маънавий иммунитетини янада оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди”.
“Китоб — билим манбаи”, деймиз. Бу исбот талаб қилмас ҳақиқат. Зеро, инсон билимни асосан китоб орқали олади, унинг тарбияси ҳам китоб ёрдамида шаклланади. Ёшларимиз бадиий адабиётларни ўқиганда, уларнинг дунёқараши кенгаяди, ҳаётга муносабати ўзгаради.
Зеро, китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, китобдан тараладиган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикр алмашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.
Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, “Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир”. Шу маънода, шаклидан қатъи назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддао.
Алишер Навоий ҳазратлари дейдиларки, “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Халқимизда китоб ўқиб, муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланишнинг аҳамиятига доир мақоллар ҳам жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бундай пурҳикмат нақлларни узоқ давом эттириш мумкин. Болаларни китоб ўқишга қизиқтиришда мактабларнинг роли беқиёс эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Мактабларда эса айни прайтда болалар учун орзиқиб кутилган ёзги таътил бошланди. Шу ўринда савол туғилади: Таътилда ҳам китоб ўқишдан тўхтаб қолмасликлари учун мактабларда қандай тадбирлар режалаштирилган?
Яхши эслаймизки, бошланғич синфдан бошлаб мактаб ёки шаҳар болалар кутубхоналарига мажбурий аъзоликка ёздириб, ёзги таътил кунлари ҳам ўқув дастурига мувофиқ синфдан ташқари ўқишлар учун адабиётлар тавсия қилинарди. Болалар ўқув йили бошланганда таътил кунлари мутолаа қилган китоблари бўйича ўзаро беллашиб, фикр алмашарди. Ўқитувчилар болалардан таътилда қандай китоб ўқиганлиги билан жиддий қизиқар эди. Ўқиган китоблари асосида баён, иншо ёздиришар, яхши ёзилган ёзма иш эгаси, албатта, рағбатлантирилар эди. Нега шу анъанани яна жонлантирмаймиз? Ушбу савол билан Яккасарой туманидаги 319-мактаб директори Саёҳатхон Тошматовага мурожаат қиламан.
– Мактабимиз жорий йилда капитал таъмирдан чиқарилди, – дейди Саёҳатхон опа. – Замонавий, қулай таълим муассасасида ўқиш бахтига муяссар бўлган ўқувчиларимизнинг шодлиги чексиз. Ўқувчиларимизга айниқса турли хил болалар адабиётлари билан бойитилган кутубхонамиз ёқди. Чунки улар энди дарсдан сўнг кенг ва ёруғ кутубхонанинг ўзида ўтириб китоб ўқишлари, ўртоқлари билан фикр алмашишлари мумкин. Мактабимизга кўплаб ҳомийлар турли номдаги бадиий китоблар совға қилиб, кутубхонамиз фондини бойитишга хизмат қилмоқда. Ўқув йили якунланиши арафасида ўқитувчилар билан келишиб, болалар ёзги таътил кунларида ўқишлари учун китоблар рўйхатини эълон қилдик. Бу тадбирга бошланғич синф ўқувчиларини ҳам жалб қилганмиз. Янги ўқув йилида эса ўқиган китоблари асосида ўз таассуротларини ёзиб берадилар. Бунда болаларнинг фақатгина китоб ўқиб, билимларини бойитиши эмас, балки тушунчаларини ёзма равишда ифодалай олиш кўникмалари ҳам шаклланади.
Тошкент вилояти Тошкент тумани 18-мактаб кутубхонасида 4 мингдан ортиқ бадиий адабиётлар мавжуд. Мактаб 2019-2020 ўқув йилида капитал таъмирланди. Кутубхона тўлиқ қайта жиҳозланди.
– Ўтган ўқув йили бошида муҳтарам юртбошимиз томонидан “Президент совғаси” сифатида 1700 дона бадиий адабиётлар совға қилинди, – дейди мактаб кутубхоначиси Нозима Шарафбоева. – “Китоблар карвони” акцияси давомида ҳам кутубхона ўзбек ва жаҳон адабиётлари дурдоналари билан бойитилди. Жорий йил февраль ойида туманимиз ҳокими Одилхон Рустамов томонидан зиё масканимизга 50 дона бадиий адабиётлар ва 1000 та электрон китоблар совға қилинди. Мактаб информатика хонасида электрон кутубхона ташкил қилинган. Мактаб кутубхонасининг фаол аъзоси биринчи ўринда мактаб директори Шоҳида Йўлдошева, кимё фани ўқитувчиси Гулчеҳра Тўрабоева, математика фани ўқитувчиси Дилфуза Мирдадаева, она тили фани ўқитувчиси Машкура Умрзоқовалар ҳисобланади. Устозлар ўқувчиларга ҳар томонлама ўрнак бўлиши, айниқса, яхши натижалар бериши ҳеч кимга сир эмас. Устозларини тез-тез кутубхоналарга ташриф буюрганига гувоҳ бўлган ўқувчилар ҳам улардан ўрнак олишга астойдил ҳаракат қиладилар, – дейди мактаб кутубхоначиси Нозима Шарафбоева.
Ҳозирги кунда мактаб кутубхонасида “Ёш китобхонлар” тўгараги фаолият юритиб келмокда. Тўгаракка мактабнинг барча ўқувчилари жалб килинган бўлиб, улар билан биргаликда китоб тақдимотлари, турли заковат ўйинлари олиб борилади. Ёзувчи шоирларнинг уй-музейларига саёҳатлар уюштирилади. Яқинда мактабимиз юқори синф ўқувчилари Адиблар хиёбонига бордилар. Ёзувчи-шоирлар ҳаёти ва ижодига оид тушунчалари янада кенгайди. Тўгарагимиз ўз фаолиятини таътил кунлари ҳам узлуксиз давом эттиришни режа қилган.
Бу сафар ҳам кутубхонага ошиқиб кириб келган ўғил-қизларни кўриб кўнглим ёришиб кетди. Ҳа, болаларимиз китобга, китобхонлик борасидаги қадим анъаналаримизга қайтмоқда. “Китобхонликда таътил бўлмайди” – бу уларнинг бугунги кундаги шиорига айланган.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
журналист