Учрашувга Жамоат хавфсизлик университети доценти Элмирза Эркаев модераторлик қилди. Шоира ёшларга ўз ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб берди. Мактаб йилларини эсларкан, адиба китоб ўқишга қизиқтиришда боболарининг роллари ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди. Ёш Фароғатга бобоси аввал муқаддас Қуръон сураларини қироат билан ёдлатиб, кейин китоб ўқишни тарғиб қилган экан.
“Шу, шу қўлимдан китоб тушмайди. Китоб ўқиш ҳаётимнинг мазмунига айланган.”, — деди адиба. Ўқувчилигида мактабда ташкил этилган “Умид” адабий тўгараги ҳаётида алоҳида ўрин тутишини ҳам айтиб ўтди.
Тўгарак раҳбари бўлган ўзбек тили ва адабиёт ўқитувчиси, 25 ёшида Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган ёзувчи ва талабчан раҳбар Темирпўлат Тиллаевни ўзгача меҳр билан эслади. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ўқиган пайтлари “Умид” тўгарагида олган сабоқлари қанчалик ёрдам бергани ва шоира бўлишида асосий ўрин тутганини ёшларга ибрат сифатида тилга олди.
Шоира ҳаётида эришган ютуқларининг барига китобни севиши сабаб бўлгани боис иштирокчиларни кўпроқ мутолаага чорлади. Суҳбат давомида Фароғат Худойқулова устозлари Ўзбекистон шоиралари Зулфия, Ҳалима Худойбердиева ва Ойдин Ҳожиевалар ижоди ва ҳаёти ҳақида кўпчилик билмайдиган маълумотларни айтиб берди.
Шунингдек шоира ўз ижодидан намуналар ҳам ўқиб берди. Бир соатга мўлжалланган тадбир роппа-роса икки соатга чўзилди. Мактаб жамоаси ва “Қорасарой” маҳалласи ёшлари бундай тадбирлар кўпроқ ва мунтазам бўлишини сўрашди. Бундан руҳланган шоира мактабга яна келишини айтди.
Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур тадбирларни ўтказишда бизга Жамоат хавфсизлиги университети қўмондонлиги яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Бунинг учун университет бошлиғи полковник М.Рустамбоев, бошлиқ ўринбосарлари подполковник М.Миракулов, полковник И.Маҳмудов ва ўқув-услубий бошқарма бошлиғи полковник М.Расулметовларга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Тўлқин Сайдалиев,
Жамоат хавфсизлиги университети
профессори, истеъфодаги подполковник.