Мамлакатимизда иқтисодий тараққиётни таъминлаш барча етакчи тармоқларни, жумладан, аграр соҳани модернизациялаш, янги техника ва тежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш таркибини тубдан янгилаш, уни ўзгартириш ва диверсификациялашни тақозо этмоқда.
Маълумки, ҳар қандай қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили сара ва сифатли уруғликка боғлиқ. Айниқса, бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигининг 50 фоизи навнинг биологик хусусиятларига, қолган ярми сифатли сара уруғликка ва парваришлаш агротехника тадбирларига боғлиқ.
Президентимизнинг 2019 йилнинг июнь ойи бошида Тошкент вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, ғалла экинлари уруғчилигини тубдан ислоҳ қилиш, бу борада илмий ташкилотлар ва агрокластерлар ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шунга асосан, ғаллачилик ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш мақсадида “Инновацион технологияларни жорий қилиш маркази” МЧЖ ташкил этилди. Унинг зиммасига уруғчилик соҳасида илмий ва амалий ишларни йшлга қўйиш, бу йўналишда маҳаллий ва хорижий илмий ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, агрокластерлар билан ҳамкорликда ғалла экинлари уруғларини етиштириш ва тайёрлаш, ем-хашак ва мойли экинлар самарадорлигини янада ошириш учун буғдой ўримидан сўнг такрорий муддатда экиладиган улътра эртапишар маккажўхори ва кунгабоқарнинг бошланғич навларини яратиш вазифаси юклатилди.
Аввалги уруғчилик тизими ўтган асрнинг 60 – йилларида лалми ерлар учун ишлаб чиқилган бўлиб, у сувли ерлар учун тўғри келмасди. Бунинг устига, элита уруғлари 6 йилда фермер хўжаликлари даласига етиб борарди. Бундай иш услубида, биринчидан, нав маънаван эскирар, удан фойдаланиш муддати эса, қисқариб кетарди. Юқори авлодли уруғларни тайёрлаш харажатлари асосан давлат бюджети маблағи ҳисобига амалга ошириларди.
Янги тизимнинг йўлга қўйилиши туфайли ушбу харажатларни камайтириш ҳисобига бошланғич уруғлик етиштириш таннархи 3-4 баробарга камайди. Элита уруғлари 3 йилда тайёрланиб, бу жараён эски тизимга нисбатан икки баробарга қисқартирилди. Бу, ўз навбатида, энг асосийси селекциячи олимларнинг фундаментал изланишлар кўламини кенгайтириш учун имкон яратади.
Шу тариқа, Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ, республикамизнинг суғориладиган майдонлари учун биринчи марта ғалла экинларининг янги, тезкор уруғчилик тизими вужудга келтирилди. Яъни, айни кунда Тошкент вилоятидаги синов-тажриба ишлари: бошланғич уруғлик (кўпайтириш питомниги) — Ўсиликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтида, суперэлита уруғлари — “Инновацион технологияларни жорий қилиш маркази” МЧЖ, элита уруғлари — “Агровер” уруғчилик кластерида, R-1 авлодли репродукция уруғлари — агрокластерларда олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоят учун етарли миқдорда (300-350 тонна) суперэлита, 4000 тонна элита, R-1 авлодли уруғлар эса 2022 йилда вилоятнинг 5 та агрокластерларида 25000 тоннага етказилади.
2020-2021 йилларда вилоятнинг суғориладиган ғалла майдонида 19 та нав экилган бўлса, 2022 йилдан бошлаб улар сони 5 тани ташкил этади. Ҳудди шундай уруғчилик тизими Андижон вилоятида ҳам жорий этилиб, ҳудуд учун етарли бўлган (3000 тонна) элита уруғлари тайёрланади.
Бугунги кунда республикамизда районлаштирилган мош навларининг 1000 дона уруғ вазни 50-55 грамни ташкил этади. Жаҳон бозорида эса йирик донли мош навларининг нархи 30-34 фоиз юқори баҳоланади. Институт олимлари томонидан Бутунжаҳон Сабзавотчилик маркази ҳамкорлигида мошнинг экспортбоп (1000 дона уруғ вазни 90-100 грамм) интенсив типидаги навлари (“Дурдона”, “Барқарор”) яратилиб, уларнинг бошланғич уруғчилик тизими шакллантирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 23 июлдаги “Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида 2020-2024 йилларда техник навли узумзорлар ва виночилик соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларини амалга ошириш, узумнинг янги навларини яратиш ва уларни экишни ташкиллаштириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилган. Айниқса, винобоп узумчиликни ривожлантиришда бренд навлар асосий ўрин тутади. Масалан, Россия ва Европа давлатларида бренд ҳисобланган винобоп узум навларининг 1 декалитри 80-100 АҚШ долларига, бренд бўлмаган навларники эса, атиги 10-20 долларга харид қилинади.
Республикамизда парваришланаётган жами 18 та узум навининг 15 таси 11,5 минг гектар майдонни эгаллайди. Атиги 3 та нав бренд ҳисобланиб, улар бўлса 2 минг гектар майдонда экилган.
Ҳозир кунда Боғдорчилик ва иссиқхоналарни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда институтнинг жаҳон коллекциясидаги Европа давлатларида бренд ҳисобланган 14 та навидан 8 тачи танлаб олиниб, биринчи марта винобоп бренд навларнинг оналик боғлари ташкил қилинди, кўчат етиштириш бошлаб юборилди. Жорий йилда танлаб олингадан навлардан 1,5, 2022 йилдан бошлаб 2 миллион дона узум кўчатини етиштириш режалаштирилган.
Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши мевали экинларга саълбий таъсир кўрсатиши натижасида ҳосилдорлик пасайиб бормоқда. Бу жараённи таҳлил қилиш ва яхшилаш мақсадида Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти Германиянинг GIZ халқарор ташкилоти билан ҳамкорликда Россия ва Европа давлатларининг асосий майдонларида (80 фоиз) етиштирилиб келинаётган 6 хил мевали экинлар (олма, нок, гилос, олўри, шафтоли, беҳи) 195 та нави интродукция қилиниб, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари тупроқ-иқлим шароитларида иссиқликка ҳамда қурғоқчиликка чидамлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Унинг натижалари биргина олманинг 30 та навидан атиги 2 таси (“Жеромайн-1” ва “Жонаголд-1”) нави иссиқликка чидамли эканини кўрсатди. Қолган 28 та навнинг 30-100 фоиз ҳосили (+570 С) иссиқ таъсирида тўкилиб, ҳосилдорлик гектар бошига 12-14 тоннани ташкил қилди.
Танлаб олинган 2 та навнинг ҳосилдорлиги 2020 йилда гектаридан 45-50 тоннадан кам бўлмади. Бу навлар пайвандтаглари (М-26, ММ-111) Ўзбекистон учун янги бўлиб, бор-йўғи 1-2 фоиз майдонни эгаллайди. Асосий майдонда эса, М-9, ММ-106 пайвандтагли навлар экилган бўлиб, Сурхондарё шароитида улар ҳосилдорлиги 18 тоннадан ошмаяпти. Кўриниб турибдики бугунги кунда пайвандтаглар селекциясини кўчайтириш олим ва мутахассислар олдидаги энг долзарб масала ҳисобланади.
Шу боис нститутда Ўзбекистонда биринчи марта тизимли равишда мевали экинларнинг иссиқликка чидамли навларни яратиш бўйича селекция ишлари бошланди.Кўриниб турибдики, бошқа белгилари бўйича ҳам стресс ҳолатларга чидамли навлар яратиш ишлари минтақалар кесимида олиб борилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳозирги кунда танлаб олинган навлардан 2021 йилда 1 миллион дона ва 2022 йилдан бошлаб эса 1,5 миллион донадан кўчатларини етиштириш режалаштирилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқорида қайд этилган Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар Президентимизнинг 2021 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2021 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига киритилган бўлиб, бу соҳада илмий ва амалий изланишлар давом эттириляпти.
Юқорида қайд этилган қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг кластер — илм-фан интеграцияси инновация ва иқтисодий ўсиш мезони эканлигини амалда тўлиқ исботлаши, муқаррар.
Амир ОМОНОВ,
“Инновация ва технологияларни жорий қилиш маркази” МЧЖнинг илмий рахбари,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор