Гинекологик, урологик ва умумий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган замонавий кўчма тиббиёт марказлари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети мутахассислари томонидан «КАМАЗ» русумли автомашина ва «ISUZU» автобуси негизида яратилди.
Тиббиёт марказларида маммологик, ультратовуш ва бошқа текширувлар учун замонавий ускуналарнинг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудудларида тор мутахассислар томонидан сифатли ва ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имконини яратади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш ва мамлакатнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда ва UzAuto бу дастурда бевосита иштирок этмоқда.
Шундай қилиб, 2021 йилнинг сентябрь ойида ISUZU автобусига асосланган мобил клиника ва Volkswagen Caddy базасида тез тиббий ёрдам машиналарининг биринчи партияси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди.

Бундан ташқари, 2020 йил июль ойида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида UzAuto томонидан Volkswagen Caddy, ISUZU D-Max ва Chevrolet Damas русумли автомашиналар базасида махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам машиналари тақдим этилди.
«UzAuto» корхоналарида ишлаб чиқарилаётган барча махсус тиббий йўналишдаги техникалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлаб келмоқда.

UzAuto ахборот хизмати