Таъкидлаш керакки, сўнги икки йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, мамлакатимизда замонавий электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилди.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишлаб чиқилган (https://my.gov.uz). Бугунги кунда Ягона портал орқали 217 та электрон давлат хизмати тақдим этилмоқда. Йил якунига эса ушбу кўрсқтқични 230гача етказиши режалаштирилган.

Ягона порталга охирги пайтларда интеграция қилинган долзарб хизматлардан бири — кўчмас мулкни ижарага бериш шартномасини солиқ органларида рўйхатдан ўтказишдир. Мазкур хизматга аҳоли томонидан талаб жуда юқори, чунки кўпчилигимиз турли ҳаётий вазиятларга, масалан, ишининг ўзгариши, ўқишга кириши, янги манзилга кўчиши ва бошқа сабаблар туфайли ижара билан боғлиқ муаммоларга дуч келамиз.

Энди жисмоний шахслар Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг янги хизмати орқали кўчмас мулкни ижарага бериш шартномасини солиқ органларида рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Хизмат тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, шартноманинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги маълумот тезкор тақдим этилади. Шартнома автоматик равишда тузилади. Шунингдек, шартнома муддати тугагач, уни бекор қилиш ҳамда қайта тузиш имконияти ҳам мавжуд. Мазкур хужжатдан фойдаланиш учун қуйидаги ҳавола орқали ўтинг: https://my.gov.uz/uz/service/376

Ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда амалга оширилятган рақамли ислоҳотларнинг бош мақсади фуқароларимизга ҳар вақт ва ҳар ҳолда сифатли ва қулай хизматларни кўрсатишдир. Ва шу тарзда электрон ҳукумат тизимини ривожлантириши рақамли ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан бири.