Фармонга кўра, кўчмас мулк объектларининг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлашнинг замонавий усуллари ва механизмларини жорий этиш ва кенг қўллаш, аҳоли ва тадбиркорларнинг иқтисодий активлари ўсиб бориши учун қулай шарт-шароит яратишнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди:
- республикадаги мавжуд 8 миллиондан ортиқ турар ва нотурар жойлар, 7 миллионга яқин ер участкаларининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш;
- кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш;
- кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва даврий равишда янгиланиб борадиган ахборот базани яратиш;
- солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш.
2025 йилдан босқичма-босқич барча кўчмас мулк объектлари уларнинг бозор нархига яқин бўлган қийматини аниқлаш мақсадида даврий равишда оммавий баҳолашдан ўтказилади.
Оммавий баҳолаш ишлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
- 2025–2026 йилларда – эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида;
- 2026–2027 йилларда – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида;
- 2027 йил ва ундан кейинги йилларда – қолган ҳудудларда.