Бу ерлардан бир замонлар Самарқанд — Балх карвон йўли ўтган. Қадимий Монас канали (Эски анҳор) ва қудуқлари бу далилнинг рост эканига исбот. Тарихий маълумотларга қараганда, Зарафшон дарёси суви Қашқадарё воҳасига асрлар давомида Монас канали ўзани бўйлаб ҳозирги Кўкдала ҳудуди орқали оққан. Бу сувдан кенг фойдаланилган, боғ-роғлар барпо этилган.

Мўғуллар истилоси даври — XIII асрда ирригация қурилмалари бузилиб, ер билан яксон этиб ташлангач, бу ерлар ташландиқ ҳолга келиб қолган. Сўлим боғлар ва ғаллазорлар қақроқ чўлларга айланган. Бу ҳайҳотдай далаларни халқ “Қораянтоқ” деб атаган. Бу ерда дарахт кўкармаган, фақат айрим жойларда янтоқ ўсган. Баланд ва қалин янтоқзорлар кеч кузда қорайиб, дашт шамолларида денгиздай чайқалиб ётган. Янтоқзорлар гуллаб, шира боғлагач, одамлар аста-секин янтоқ шакарини йиғиб олишни ўрганган ва уфққа қадар чўзилган яланглик — Қораянтоққа тағин ҳаёт қайтган. У пайтлар дашт қишлоқларида уйлар бир-биридан йироқда жойлашиб, илон изига ўхшаш эгри-бугри дала йўллари ва сўқмоқлар билан боғланган.

Йиллар ўтиб, сув таъминоти чекланган шароитда маҳаллий аҳоли аста-секин атроф-муҳитнинг табиий имкониятларига мослашди. Меҳнат ва турмуш тарзининг ўзгариши, хусусан, ички йўллар орқали алоқа ўрнатиш даштда аҳоли пункти ва хўжалик фаолиятининг маълум даражада сақланиб қолишини таъминлади.

Археологик топилмалар ва тарихий манбалар Кўкдала атрофида савдо йўллари бўлганини, Буюк ипак йўлида жойлашгани боис, работлар ва карвонсаройлар фаолият олиб борганини кўрсатади. Кўкдала даштидан ўтган стратегик аҳамиятга эга транзит савдо йўлига Шаҳрисабздан бошланган Чироқчи — Кўкдала дашт йўли туташиб кетган.

Асрлар давомида шаклланган бундай турмуш тарзи ва тарихий савдо чорраҳаси сифатидаги мавқе XIX-XX асрларга келиб ҳудудий ва маъмурий қайта ташкил этиш жараёнларини бошдан кечирди. Яқингача Кўкдала дашти тарихан Чироқчи ҳудудининг ажралмас қисми сифатида ривожланиб келди. Аҳоли сонининг муттасил ортиши, деҳқончилик ва чорвачилик кўлами кенгайиши натижасида ҳудудда янги аҳоли пунктлари пайдо бўлди. Бироқ ягона маъмурий марказга боғланган, географик жиҳатдан ниҳоятда катта майдонни эгаллаган бу ҳудудда вақт ўтиши билан бошқарув қийинчиликлари тўпланиб борди.

Хусусан, Кўкдала ҳудуди аҳолиси учун туман маркази ҳисобланган Чироқчи шаҳрига бориб-келиш катта машаққатга айланди. Айрим узоқ қишлоқлардан марказгача бўлган масофа 100 километрдан ортиб, оддий бир маъмурий ҳужжат олиш ёки тиббий хизматдан фойдаланиш учун кунлаб вақт ва ортиқча маблағ талаб қилинарди. Мактаблар ва тиббиёт муассасаларининг етишмаслиги, мавжудларининг эса эскилиги, электр энергияси, ичимлик сув ва газ таъминотидаги сурункали узилишлар аҳолининг турмуш даражасини кескин пасайтирди. Ҳудудда саноат корхоналари ва янги иш ўринларининг йўқлиги сабабли ишсизлик даражаси ортиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами кенгайди. Ягона туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар эса жуда катта майдон ва аҳолига эга ҳудудни бирдек назорат қилиш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш ва молиявий ресурсларни тенг тақсимлаш имкониятига эга эмас эди. Бундай оғир ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий инқироз йиллар давомида тўпланиб, ҳудудни замон талабларига мос равишда тубдан ислоҳ қилишни ҳаётий заруратга айлантирди.

2021 йил 11 октябрь куни Президентимиз Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари сайловолди учрашувлари давомида Қашқадарё аҳолиси билан мулоқот қилди. Мамлакатимиз етакчиси ўз нутқида туман аҳолисининг марказга ­қатнашидаги муаммолар, йўл ва инфратузилма масалалари, маъмурий хизматларнинг барча қишлоқларга бирдек етказиб берилишини таъминлаш зарурлигини қайд этди. Шу муносабат билан Чироқчи туманини иккита мустақил туманга ажратиш таклифини билдирди. Бу таклиф аҳолининг эҳтиёжлари ва ҳудуднинг келгуси тараққиёти нуқтаи назаридан ўта муҳим аҳамиятга эга эди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган бу таклиф нафақат Чироқчи аҳолиси, балки бутун мамлакат аҳли учун муҳим ўзгаришлардан бири сифатида баҳоланди. 2022 йил

2 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала расман муҳокама қилинди. Мажлисда янги ташкил этиладиган туманга Чироқчи ҳудудидан 177 минг аҳоли яшайдиган 171 минг гектар ер майдони ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, янги туман ташкил этиш масаласида ижтимоий-иқтисодий омиллар ҳам эътиборга олинди.

2022 йил 17 март куни Олий Мажлис Сенати йиғилишида Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисидаги тегишли қарор қабул қилинди. Шу кундан бошлаб Кўкдала тумани мустақил маъмурий бирлик сифатида фаолиятини бошлади. 

Яшил, кенг ва ҳосилдор дала 

Янги туман номини танлашда ҳудуднинг тарихий ва географик хусусиятлари ҳисобга олинди. “Кўкдала” номи ўзбек тилида “яшил, кенг ва ҳосилдор дала” маъносини англатади. Мазкур ном ҳудуднинг табиий бойликлари, деҳқончилик ва чорвачилик учун мос шароити, шунингдек, бу ерда яшовчи аҳолининг тарихий урф-одатларига мос келади.

Ҳудуд расман туман мақомини олгунига қадар ҳам маҳаллий аҳоли орасида ва маъмурий-ҳудудий чегараларда Кўкдала номи билан машҳур бўлган. Чироқчи тумани таркибида бўлган даврлардаёқ бу ҳудуддаги асосий қишлоқлар ва ҳудудий массивлар айнан ушбу ном билан атаб келинган. Яъни бу ном ҳудуд учун янги эмас.

— Кўкдала ҳудуди бир нечта йирик йўл чорраҳалари туташган, Чироқчи туманининг бошқа олис ҳудудларига нисбатан ­инфратузилмаси ва иқтисодий фаоллиги юқори бўлган марказий нуқта ҳисобланади, — дейди Кўкдала тумани ҳокими ­Хуррам Жўраев. — Шу боис, унинг рамзий номи сифатида Кўкдаланинг танланишида жойлашувнинг логистик қулайлиги катта роль ўйнади. Давлатимиз раҳбари 2022 йил 21 апрель куни вилоятга ташрифи чоғида Кўкдала туманини ташкил этиш ҳақида гапирганда: “Кўкдала туманини ташкил этишдан асосий мақсад бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб ­турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларимизни янги босқичга кўтаришдир”, деган эди. Ўша йили мамлакатимиз етакчиси Кўкдала туманининг маъмурий маркази Еттитом шаҳарчасида инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаси билан танишди. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этишга старт берилди.

Туман маъмуриятининг шаклланиши мустақил ва замонавий бошқарув тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадам эди. Ўтган тўрт йил давомида бу гаплар ўз исботини топди. Еттитом шаҳарчасида режалаштирилган барча маъмурий бинолар фойдаланишга топширилиб, янги Еттитом шаҳарчаси қад ростлади.

Хусусан, шаҳарчада 120 ўринли марказий шифохона ва тиббиёт бирлашмаси аҳолига кенг тармоқли хизмат кўрсатишни бошлади. Эътиборлиси, туман ҳокимлиги биноси мамлакатимизда янги тажрибанинг бошланиши бўлди. Бу ерда 38 та давлат идораси бир жойда жамланган. Бу аҳолига катта қулайлик яратмоқда. Авваллари бирор юмуш юзасидан олис масофаларни босиб, Чироқчи тумани идораларига қатнаган фуқаролар энди барча хизматларни ўзига яқин жойда оляпти. Ўтган давр мобайнида 20 дан ортиқ мактаб биноси, 60 га яқин боғча, маҳалла ­маъмурий ­бинолари қурилди. Олдин бутун ҳудудда атиги учта боғча бўлганини ҳисобга олсак, бу рақамлар жуда катта аҳамият касб этади. Бундан ташқари, туманнинг кўркига кўрк қўшган, 9000 дан ортиқ китоб захирасига эга замонавий кутубхона ва бир қанча марказларни бағрига олган маънавият маскани биноси ва спорт саройи, маданият саройи ҳамда мусиқа мактаби фойдаланишга топширилди.

* * *

Умумий майдони 5 072 квадрат метр бўлган уч қаватли AT парк биносида “MAAB Innovation” компанияси ва резиденти ҳисобланган экспортчи компания — “Unicall” офиси жойлашган. Иқтисодий салоҳиятни фаол ошириш ва аҳолини иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида AT парк туман ҳокимияти билан биргаликда қулай бизнес муҳити ва ривожланган инфраструктурани яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштирди.

Хусусан, AT парк филиалида “Zero Risk” дастурига қизиқиш билдирган компаниялар фаолиятини бошлаш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бундан ташқари, филиалнинг ҳар бир қаватида коворкинг зона мавжуд. У ерда фрилансерлар ўз лойиҳалари устида қулай шароитларда ишлаши мумкин. Кўкдала туманидаги AT парк филиалида махсус таълим синфлари ҳам ташкил этилган. Бу ерда барча хоҳловчилар сифатли AT таълими олиши ва чет тилларини ўрганиши, келгусида туманни тарк этмаган ҳолда етакчи хорижий компанияларда ишлаши мумкин. Ушбу мақсадни амалга оширишда “MAAB Innovation” аутсорсинг соҳасида халқаро бозор билан муваффақиятли фаолият олиб бораётган ўзбек AT компанияси ёрдам беради. “MAAB” маҳаллий ёшларни талаб юқори бўлган AT йўналишларида ўқитмоқда.

Ушбу ташкилотда таълим курсини муваффақиятли тамомлаган талабалар “MAAB Innovation” компаниясида кафолатланган иш ўрнига эга бўлиши ва АҚШдаги йирик AT корхоналар лойиҳаларини амалга ошириши мумкин. Кўкдала туманида йирик AT ва аутсорсинг компаниялари жойлашган, шунингдек, янги иш ўринлари яратилган. AT парк Кўкдала филиали ҳамда AT Community of Uzbekistan ҳамкорлигида кўкдалалик ёшлар учун муҳим семинарлар ўтказиб ­келинмоқда.

— Кўкдала ёшлари республика миқёсидаги нуфузли танловларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди, — дейди AT парк Кўкдала филиали менежери Омад Жўрақулов. — Хусусан, Promising AT Project IdeaThon танловида ёшларимиз ўзларининг инновацион лойиҳалари билан қатнашиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Шунингдек, AI Hackathon танловида сунъий интеллектга асосланган инновацион ечимлари билан иштирок этиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Мазкур ютуқлар AT парк Кўкдала филиалида олиб борилаётган таълим сифати, амалий лойиҳалар ва ёшларнинг салоҳияти йилдан-йилга ортиб бораётганини яққол намоён этади.

Бугунги кунда Кўкдала туманида AT парк тизимида 3 та резидент корхона фаолият юритмоқда. Ушбу резидентлар томонидан ахборот технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатилиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Шунингдек, AT парк кўмагида 3 нафар ёш фрилансер халқаро онлайн платформалар орқали хорижий буюртмачилар билан ишлаб, экспорт хизматларини йўлга қўйган. Бу эса туманда рақамли хизматлар экспортини ривожлантириш ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги муҳим натижалардан бири ҳисобланади. 

Халқаро брендга айланган тарвуз 

Бугунги кунда Кўкдала тарвузлари ўзининг эртапишарлиги, ширин таъми ва юқори сифати билан нафақат ички бозорларда, балки хорижий давлатларда ҳам катта талабга эга бўлиб бормоқда. Туманда етиштирилаётган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми йилдан-йилга ортиб, ҳудуд иқтисодий салоҳиятининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Кўкдала деҳқонлари апрель ойининг охири ва май ойининг бошларидаёқ бозорларга янги узилган тарвузларни олиб чиқмоқда. Бу ҳудудда йилнинг тўрт фаслида ҳам тарвуз узилмайди, ички ва ташқи бозорларга маҳсулот кетма-кет етказиб берилади. Деҳқонлар маҳаллий иқлим ва мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, тарвуз етиштириш ҳамда сақлашнинг сирларини ўзлаштирган. Кўкдала, Ўтамайли ва уларга ёндош маҳаллаларда қўлбола усулда тикланган оддий иссиқхоналарни кўриш мумкин. Бундай иссиқхоналар жуда оддий ва камхарж бўлиб, одатда бир мавсум учун қурилади ва кейин йиғиштириб олинади. Чунки бир жойга иккинчи йил қайта тарвуз экиш кутилган ҳосилни бермайди. Кўкдалада ёзнинг иссиқ ва қуруқ келиши, қуёш нурининг мўллиги ва сув таъминоти тарвуз етиштириш учун жуда қулай.

— Кўкдалада тарвуз органик усулда, яъни кимёвий воситалардан имкон қадар кам фойдаланилган ҳолда етиштирилади, — дейди 16 йиллик тажрибага эга миришкор Яхшимурод Қобилов. — Суғорилмайдиган лалми ерларнинг унумдорлигини сақлаш учун навбатлаб экиш тизими қўлланади. Бир йил ғалла экилган ерга келаси йили дам берилиб, кузда ёки эрта баҳорда шудгорланади. Лалми тарвузлар ширинлиги ва узоқ муддат сақланиши билан ажралиб туради. Самарқанд вилояти билан чегарадош ва адирликлар бағрида жойлашган Шўрқудуқ қишлоғи аҳолиси лалми тарвуз етиштириш ҳамда уни табиий усулда узоқ сақлаш бўйича катта тажрибага эга. Кузда йиғилган ҳосил адирликлар бағрида, 15-30 метр пастликда қазилган махсус ертўлаларда сақланади. Ҳар бир ертўланинг баландлиги 2-2,5 метр, кенглиги 3-3,5 метр, узунлиги эса 20-50 метрни ташкил этади. Ушбу жойларда ҳарорат йил давомида бир хил сақлангани боис, тарвузлар ўз таркиби ва таъмини йўқотмайди.

Кўкдала тарвузлари ички бозордан ташқари дунёнинг бир қатор мамлакатларига экспорт қилинади. 2022 йилда туманда томчилатиб суғориш технологияси асосида 10 минг гектар майдонга тарвуз экилган бўлса, ўтган йилда умумий майдон 25 минг гектарга етди. Бунинг эвазига 19 минг нафар аҳоли доимий, 21 минг нафари эса мавсумий иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида фитосанитария ва санитария хизматларини мувофиқлаштириб турувчи махсус “Тарвуз экспорти штаби” ташкил этилган. Ушбу штаб тарвуз етиштирувчилар, экспортёрларга кўмаклашишга мўлжалланган. Бугунги кунда Кўкдала, Косон, Чироқчи ва бошқа туманлардаги 679 нафар фермер ва деҳқон хўжалигига қарашли 20 минг гектардан ортиқ майдон рақамлаштирилиб, ҳар бир ер участкасининг “Дала ID” маълумотлари шакллантирилди. Бу эса маҳсулотнинг келиб чиқиш манбаи ва фитосанитар ҳолатини тўлиқ кузатиб бориш имконини яратмоқда.

Айни пайтда Қашқадарё тарвузлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Беларусь, Грузия ва Латвия каби давлатлар бозорларига экспорт қилинмоқда. Жорий мавсумда 59 минг 779 тонна тарвуз экспорт қилиниб, 22,45 миллион долларга тенг маҳсулот жаҳон бозорига чиқарилган.

Ҳудудда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ташкил этилган сув тежамкор ускуна ишлаб чиқарувчи цехлар ҳам борки, ушбу корхоналарда тарвуз майдонларида фойдаланиб, кейин чиқинди сифатида ташлаб юборилган полиэтилен материаллардан турли ўлчамдаги шланг ва қувурлар ишлаб чиқарилади. Бундай ташаббуслар нафақат сувни тежаш ва ер унумдорлигини ошириш, балки атмосфера ҳамда замин ифлосланишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади.

Шундай замонавий саноат корхоналаридан бири “S PROMAX PLAST PREMIUM” бўлиб, у 2024 йил декабрь ойида ташкил этилган. Ушбу корхона ишлаб чиқариш жараёнларида экологик хавфсизлик ва ресурслардан оқилона фойдаланишга алоҳида ­эътибор қаратмоқда. Корхонада саноат пластик чиқиндиларини қайта ишлаш тизими жорий этилган. Лойиҳа доирасида ҳар йили 900 тоннагача пластик саноат чиқиндилари қайта ишланади. Натижада илгари хориждан импорт қилинган айрим қимматбаҳо кимёвий хомашёлар ўрнини маҳаллий қайта ишланган хомашё босмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Кўкдала аллақачон харитадаги маъмурий бирлик чегарасидан чиқиб, улкан ижтимоий-иқтисодий янгиланишнинг амалий ифодасига, рамзларидан бирига айланиб бўлди. Олдин деярли барча имкониятлари чекланган ҳудуд қисқа вақт ичида замонавий қиёфа касб этиб, ривожланишнинг янги суръатини кўрсатяпти. Йўллар, мактаблар, шифохоналар, иш ўринлари, маърифатга, санъатга берилган эътибор — буларнинг барчаси халқпарвар сиёсат самарасидир. Бугунги замонавий туманлар қаторидан Кўкдала ҳам муносиб ўрин эгаллаётгани, ҳудудда ҳаёт сифатининг ўзгариб, ишбилармонлик муҳити, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилманинг шиддат билан тараққий этиб бораётгани бу ўсиш ва ўзгаришлар вақтинчалик ташаббус эмас, балки аниқ ҳисоб-китобга асосланган тизимли тараққиёт натижаси эканини кўрсатмоқда.

Азизбек ЮСУПОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири