Мамлакатимизда ҳар йили муайян соҳани ривожлантириш бўйича йил дастури қабул қилинади. Бу йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланди. Шунга биноан, Давлат дастури амалга ошириляпти. Бу йилги Давлат дастурининг кўлами ҳам, марралари ҳам олдингиларидан анча салмоқли, юксак. Буни белгиланган чора-тадбирлар ижроси учун аввалги йиллардагига нисбатан қарийб бир ярим баробардан зиёд маблағ ажратилгани ҳам кўрсатиб турибди.

2022 йилда шууримизга “Юртимизда жуда яхши ишлар қилиняпти. Биз илгари кўрмаган, эшитмаган, жозибали, янгича ҳаёт бошланяпти”, деган ўй қайта-қайта келяпти. Кўзимиз кўраётган, қулоғимиз эшитаётган ўзгаришлар бунга далолат. Уларни бир иборага жамласак, “Бўлар экан-ку!” деган хулоса келиб чиқади. Бу хулосалар янги Ўзбекистон деган нурли иборадан тараляпти. Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмади. Ҳаётимизнинг кейинги беш йилидаги ғайрат, шижоат, ташаббуслар ижроси маҳсули булар. Бугун биз сифат ўзгаришларидан келиб чиқиб, ўзимиз ҳам, хорижликлар ҳам янги Ўзбекистон деб атаётган, мафкураси янгиланаётган Ватанда яшаяпмиз. Чунки охирги беш йилда Ўзбекистон миллий ва халқаро миқёсда тамоман янги қиёфа касб этди. Мамлакатнинг жаҳоний обрўси ва мақоми янада кўтарилди.

Яна бир жиҳат одамни хурсанд қилади. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маънавиятга, ёшлар тарбиясига қаратилган мақсадлар дадил илгари сурилган. Мана, қаранг: стратегияда “жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш”, “китобсевар миллат”, “буюк аждодлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш” каби катта мақсадлар қўйилган. Стратегиянинг етти йўналишидан иккитаси бевосита маънавият, инсон капитали билан боғлиқ. Бу жуда қувонарли. Педагог олим сифатида инсон капиталига қаратилган алоҳида эътибордан қувондим. Куч олдим. Нега?

Глобаллашув, модернизация ҳаётимизга ҳар куни янги тушунчаларни олиб кираётир. Машина, ускуна, жиҳоз, технологик жараёнлар янгиланиб, замонавийлашаётир. Чунки эскирган билим, кўникма, малака — булар иқтисодий жиҳатдан эски товар. Нима қилиш керак? Демак, одам доим ўз устида ишлаши, узлуксиз билим олиб, ўз инсон капиталини бойитиб бориши даркор. Негаки, “одамнинг билим ва малакаси капиталнинг ўзига хос шаклидир”, деган эди Нобель мукофоти лауреати Теодор Шульц.

Биз буюк алломаларимизнинг илмнинг фойдаси ҳақидаги юзлаб дурдона фикрларини биламиз. Лекин илмга амал қандай бўлишини дунёда ҳеч ким Амир Темурдек аниқ ва ўз тажрибасида синаб кўриб айта олмаган бўлса керак. Мана, қаранг, Соҳибқирон бундай дейди: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард, шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”. “Билаги зўр бирни, билими зўр мингни енгади”, деган ҳикмат бор халқимизда. Мана шу ҳикматни бугун дунё олимлари инсон капитали, деб атаяпти аслида.

ХХ асрда академик С.Фишер “Инсон капитали — бу одамнинг фойда келтириш қобилиятининг ўлчови. Бунга унинг туғма қобилияти, таланти, билими ва орттирган касбий малакаси киради”, деган хулосага келди. Олимнинг фикрича, инсон капитали деганда одамларнинг сони эмас, креативлиги ва самарадорлиги тушунилади. Мана шу умуминсоний юксакликдан туриб қарасак, болаларга сифатли таълим бериш, ёшларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий етук, салоҳиятли мутахассис, ҳақиқий ватанпарвар инсон қилиб тарбиялаш ғояси замирида қанчалик залворли марралар кўзлангани кўринади.

Замонавий таълимнинг асосий мақсади жамият, давлат ва таълим олувчи шахснинг зарур эҳтиёжини қондириш, мамлакатнинг маънавий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётига хизмат қила оладиган рақобатбардош кадрларни тайёрлашдир. Кенг дунёқарашга эга, мустақил ва эркин фикрлайдиган, таълим жараёнини мақсадли моделлаштира биладиган ўқитувчи таълимнинг ёрқин истиқболини белгилаб бера олади.

Ўқув жараёнининг асосий субъекти сифатида ўқувчининг самарали таълим олиши, “оммавий маданият” таҳдидларидан сақлана билиши, ёш авлоднинг болаликдан миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбияланиши, унда юксак ғоявий идеал ва эътиқодлар шаклланиши ҳамда одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилишида ўқитувчининг ўрни катта.

Мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари ўқитувчининг янги  Ўзбекистон истиқболини белгилаб беришдаги аҳамиятини юксак баҳолади. “Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ”, дея таъкидлади. Президентимизнинг бу масалага шу қадар жиддий, куюниб ёндашаётгани бежиз эмас.

Мактаб таълимининг сифати кимга боғлиқ? Аввало, ўқитувчига. Бунинг учун у янги Ўзбекистоннинг янги ўқитувчиси бўла олиши керак. У болаларни, педагогик фаолиятни севиши, дарс ўтиш маҳоратини кун сайин эмас, соат сайин ошириб бориш устида қунт билан меҳнат қилиши, таълим-тарбиянинг замон талабларига мос бўлишига интилиши лозим. Шунингдек, меҳнатсеварлик, ҳақиқатгўйлик, одоб, некбинлик, ифодали ва ҳиссиётли нутқ, педагогик такт, ижодкорлик, ташкилотчилик, сабр, бағрикенглик, қатъият, интизом ҳар бир педагог учун ғоят зарур. Янги Ўзбекистон ўқитувчига шундай масъулиятни юкламоқда. Бу масъулият залворини биз, педагоглар қандай тушунишимиз керак?

Буни Президентимиз “Бизни ҳамиша ўйлантириб келадиган яна бир муҳим масала — бу ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, бир сўз билан айтганда, дунёқараши билан боғлиқ. Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким — ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин. Бунга ниманинг ҳисобидан эришамиз? Тарбия, тарбия ва фақат тарбия ҳисобидан”, дея уқтиради.

Афсуски, айрим ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка асосланган видеоўйинлар, маънавият ва одоб-ахлоқ меъёрларини оёқости қиладиган расм, видео ва кинолардаги ёт ғоялар ёшлар маънавиятига хавф солмоқда. Тарбия институти бу борада ожиз қолмаслиги, ўзининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиб, ишга солиши зарур. Ота-оналар ҳамда педагоглар ёшларни таҳдид солаётган ёт ғоялардан, ижтимоий тармоқлардан ҳимоялашга бевосита масъул.

Бу борада ўқитувчилар, ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй ҳушёрлик ва огоҳликни ошириб, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат айтганидек, бу дунё ҳақиқатан ҳам кураш майдонига, соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ эса бу курашнинг қуролига айланиб бораётганини чуқур англаб, маърифат асосида иш олиб бориши зарур.

Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини шакллантириш, миллий онги ва тафаккурини ривожлантириш ҳамиша демократик жамиятнинг энг асосий мақсади ва матлаби бўлиб келган. Тарбиядан мурод комил инсонни вояга етказишдир. Комилликнинг белгиси ҳақ йўлидан бориб, халққа фойда келтиришдан иборат. Инсон капитали қанча бой бўлса, одамларга шунчалик кўп фойда келтира олади.

Зеро, тарбия ва маънавият эгиз тушунчалардир. Маънавият халқимиз тарихига ҳурмат ва эътибор билан ёндашиш, озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлидаги асрий орзу-интилишларга доир ҳаё тий идеаллар, Ватан равнақи, эл-юрт осойишталиги, фаровон ҳаёт каби юксак ғояларнинг маъно-мазмунини теран англаб етишга хизмат қилади. Бундай вазифаларнинг барчаси мактаб ўқитувчиси зиммасига янгидан-янги талаблар юклайди.

Албатта, муаммо қанчалик чигал бўлмасин, унинг ечими ҳам мавжуд. Биз маънавият тарбиясининг азалий, тарихий шаклланган институтига эгамиз. Фақат унинг имкониятларини тўлиқ ўрганишимиз лозим. Жумладан, ўқувчиларни ғоявий-ахлоқий, маънавий-маърифий тарбиялашда одоб-ахлоқи ва ватанпарварлиги билан ёшларга ўрнак бўла оладиган сиймолар ҳақида маълумот берувчи, қизиқарли, болалар ёши ва дунёқарашига мос педагогик нашрларни чоп эттириш ва кенг тарғиб қилиш зарур. Айниқса, ижтимоий педагогик фаолиятни илмий асосга қўйиб, ота- оналар орасида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг тўртинчи йўналишида белгилаб берилган инсон омили ҳақида билимларни кенг тарғиб қилишимиз талаб этилади.

Президентимиз яна бир ҳақ гапни айтди: “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”. Давлатимиз раҳбари айтган ёруғ келажакни Ўзбекистон ёшлари барпо этади. Бунинг учун педагогларимиз ёш авлодда қатъий ҳаётий позиция, Ватанимиз тақдири учун юксак масъулиятни шакллантириши муҳим аҳамиятга эга. Қалбида Ватан туйғусига йўғрилган маънавият қарор топиши учун инсон қалбан ва виждонан, ақл ва қўл билан меҳнат қилиши керак. Маънавият ва ҳалол меҳнат йўқ жойда ҳеч қачон бахт-саодат бўлмайди.