“Ўзбеккўмир” АЖда Ангрен кўмир саноати корхоналарида фойдаланиладиган технологиялар, 2021-2022 йиллар қишки даврида аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништириш мақсадида ОАВ вакиллари учун медиа тур ташкил этилди.
“Ўзбеккўмир” АЖ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган бўлиб, Ўзбекистонда йирик кўмир қазиб олувчи ва етказиб берувчи корхона саналади. Бу ерда ҳар йили 4 миллион тоннадан ортиқ кўмир қазиб олинади. Қаттиқ ёқилғининг асосий истеъмолчиси электр энергияси сектори ҳисобланади, бу эса кўмир умумий истеъмолининг 85 фоизидан ортиғини ташкил қилади. Қаттиқ ёқилғига талаб, саноат, ижтимоий ва коммунал соҳа корхоналари, шунингдек, аҳоли ўртасида ҳам юқори.
Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришда ишлатиладиган табиий газ ва нефть маҳсулотлари, электр энергияси баланси таркибида кўмир улушининг ўсиши, кўмир саноатининг устувор йўналиши бўйича асосий омил ҳисобланади. “Ўзбеккўмир” АЖ кўнғир кўмирни Ангрен кўмир ҳавзасидаги “Ангрен” ва “Апартак” кўмир конларидан қазиб олади. Ангрен конларидан кўмир билан бирга йўлакац қазилмалар, жумладан, каолин ҳам қазиб олинади.
Жорий 2021 йилда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 4,45 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган (бу ўтган йилдагига нисбатан 115,1%ни ташкил қилади):
− иссиқлик электр станцияларига − 3,3 миллион тонна
− бюджет ташкилотларига − 440 минг тонна
− аҳоли учун − 940 минг тонна
− иқтисодиётнинг реал секторига − 0,1 миллион тонна ёқилғи етказиб берилади.
Айни пайтда истеъмолчиларга жўнатилаётган кўмирнинг сифатини яхшилашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада қудратли оғир кон техникаларидан унумли фойдаланиш ва замонавий тежамкор лойиҳаларни кенг жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
“Ангрен” кўмир кони “Ўзбеккўмир” АЖнинг асосий кўмир қазиб олувчи корхонаси ҳисобланади. 1949 йилда қуриб ишга туширилган ушбу конда турли йилларда бир неча бор реконструкция ва техник қайта жиҳозлаш ишлари олиб борилган. Айни пайтда конда кўмир устки қатламини очиш ва кўмир қазиб олиш жараёнида турли русумдаги қудратли экскавторлар кечаю кундуз тиним билмайди. Устки қатламдан кўчириб олинаётган тоғ жинслари ва кўмирни ташишда автомобиль, темир йўл ва конвейер транспортидан кенг фойдаланилмоқда.
“Ангрен” кўмир конида ҳозирда ковуши 5 кубометрдан 16 кубометргача бўлган турли русумдаги экскаваторлар ишлаб турибди. Тажрибали экскаватор машинисти, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиблари Абдунаби Рустамқулов, Абдунаби Хакимовлар ана шундай серунум экскаваторларни моҳирлик билан бошқариб келади.
2021 йил 5 майдан бошлаб Бюджет ташкилотлари учун кўмир етказиб бериш бошланди. Ўтган йили бу иш октябрь ойида бошланган эди. Кўмир юклашда тиғизликнинг олдини олиш мақсадида 2-конвейер линияси қуриб ишга туширилди ва ҳозирда синов ишлари ниҳоясига етказилмоқда.
Пресс тур давомида журналистлар кон техникалари ҳамда бюджет ташкилотларига кўмир юклаш жараёнлари билан танишдилар ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар.
Неъмат ДУШАЕВ,
“Ўзбеккўмир” АЖ ахборот хизмати раҳбари