Мустақил Комиссия аъзолари тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган шахслар билан суҳбатлашишди. Хусусан, бўлиб ўтган ҳолатлар ва воқеаларда жиноят содир этгани учун ҳибсга олинган Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашди, деб хабар беради Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати.

Учрашув давомида Д.Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганини  ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилди.

Д.Тажимуратовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган. Овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди.

Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлди.