Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи юз нафарга яқин кам таъминланган, имконияти чекланган, “Аёллар дафтари”,”Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимиз, мактаб-интернат тарбияланувчилари учун хайрия тадбири ўтказилди.

Жиззах давлат педагогика институти бугун вилоятнинг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги 10 та маҳалла билан яқин ҳамкорлик ишларини амалга оширмоқда. Айни кунгача  маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан яқин мулоқот йўлга қўйилди. Иқтидорли ёшлар аниқланди. Имконияти чекланган, хусусан, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари"га киритилган йигит-қизлар турли тўгаракларга жалб этилди. Ҳар бир маҳаллада битирувчи синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Олийгоҳ ҳомийликка олган мактаб битирувчилари институт профессор-ўқитувчиларининг беғараз дарслари туфайли олийгоҳларга ўқишга кирди.

Жиззах давлат педагогика институти талабалари тайёрлаган театрлаштирилган концерт дастурида элимиз эътирофидаги санъаткорларнинг куй-қўшиқ, саҳна кўринишлари меҳр-муҳаббат ва эътиборга муҳтож инсонлар қалбига илиқлик олиб кирди. Тадбир сўнгида барча иштирокчиларга байрам совғалари  улашилди.

Ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат ва шукроналик туйғуси халқимизнинг маънавий ҳаёти, миллий қадрият ва анъаналарининг ажралмас қисми бўлиб келган. “Биз турлимиз, биз тенгмиз” шиори  остида ўтказилган тадбир тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, чин инсоний фазилатларни мустаҳкамлаш, одамларни яхшилик қилишга, ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи меҳр ва оқибат байрамига айланиб кетди.