Қарорга кўра:
Филиал Ўзбекистон давлат консерваториясининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
– кадрлар тайёрлаш жараёнига соҳанинг етук ва малакали мутахассисларини жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;
– миллий мусиқа санъати соҳасида юқори малакали бакалавр ва магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб бориш салоҳиятига эга бўлган илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш;
– илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш;
– талаба ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ва халқаро грантларни жалб этган ҳолда уларнинг хорижда таълим олиши, илмий- ижодий ишлар билан шуғулланишини самарали ташкил этиш, ҳамкорликдаги концерт дастурларини мунтазам асосда йўлга қўйиш;
– кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-ижодий фаолиятни янада ривожлантириш, иқтидорли талаба ёшларни ушбу йўналишга кенг жалб этиш;
– соҳа мутахассисларини хорижий турдош олий таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, стажировка ўташларини тизимли ташкил этиш.
Филиалда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади;
Филиалга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул қилиш кўрсаткичлари ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Филиалнинг 2021/2022 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул жараёни ва ижодий имтиҳонлари Ўзбекистон давлат консерваториясида ўтказилади.