Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори генерал-майор Шухрат Узаков, Ҳарбий прокуратура масъул ходимлари, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмаси раиси Талъат Муродов, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар ва курсантлар, Академия ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тантанали тадбирни Академия бошлиғи генерал Қобул Бердиев очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида эътироф этилгани ва юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланганини ҳамда янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб берганини алоҳида таъкидлади.
Тадбир давомида Академиянинг барча курсантларидан иборат турли жамоалар ўртасидаги “Брейн-ринг” ҳуқуқий беллашуви ўтказилди. 1-босқич курсантларидан таркиб топган “Қонун посбонлари”, 2-босқич курсантларидан таркиб топган “Адолат”, 3-босқич курсантларидан таркиб топган “Лидерадо”, 4-босқич курсантларидан таркиб топган “Демократлар”, 5-босқич курсантларидан таркиб топган “Ҳуқуқшунослар” жамоалари ўртасида ҳуқуқий беллашув ўтказилди. “Тезкор савол-жавоб”, “Казус” ҳамда “Сардорлар мусобақаси” шартлари бўйича бўлиб ўтган ҳуқуқий саводхонлик беллашуви белгиланган мезонлар асосида ҳакамалар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Беллашувнинг якуний натижасига кўра, 5-босқич курсантларидан таркиб топган “Ҳуқуқшунослар” жамоаси мутлоқ ғолибликни қўлга киритдилар.
Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан ғолиб жамоалар диплом ва ташаккурномалар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Фарҳоджон Хожаев,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Академияси катта ўқитувчиси, капитан.