Ҳар қандай жамиятда эркин ва фаровон турмуш тарзи шаклланишида қонун устуворлиги «пойдевор» вазифасини бажаради. Қонун устуворлигига эришишда эса Бош қомус – Конституция асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон халқининг ана шундай эркин ва фаровон жамият барпо этиш кафолати бўлган Конституцияси бугун 29 ёшда! Тарих силсиласида 29 йил – бу ўта қисқа фурсатдир. Лекин ана шу қисқа фурсат ичида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда фаровон турмуш тарзини таъминлаш нуқтаи назаридан дунёнинг етук давлатлари Конституциялари орасида ўзининг муносиб ўрнини эгаллай олди. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эркин ва фаровон турмуш тарзига асосланган жамият барпо этиш учун зарур бўлган барча омилларни ўзида мужассамлаштирганидан далолат беради.

Эркин ва фаровон жамият тузишнинг асосий омилларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати саналади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида бўлим ажратилган бўлиб, унда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шу билан бирга уларнинг бурчлари батафсил ёритилган. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг алоҳида бўлимда муфассал берилиши билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқаро экспертларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлган.

Эркин ва фаровон жамият барпо этишнинг яна бир муҳим жиҳати инсон, унинг шаъни, қадр-қимматига бўлган юксак ҳурмат, фуқароларнинг ўзаро тенглиги, уларнинг муносиб турмуш тарзини таъминловчи ҳуқуқларига тўлиқ амал қилиниши саналади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мазкур жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, конституциямизнинг 13-моддасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият, деб эътироф этилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур ҳуқуқлар орасида маълум бир миллатнинг ўзига хос хусусиятларидан, менталитетидан келиб чиқиб шаклланган ҳуқуқлар ҳам мавжуд бўлади. Шу нуқтаи назардан дунё конституциялари таҳлил қилинганда, уларда жами 117 хил инсон ҳуқуқлари акс этгани маълум бўлган. Тадқиқотчилар олиб борган таҳлилига кўра, мазкур 117 хил инсон ҳуқуқларининг 13 таси Франция Конституциясида, 35 таси АҚШ Конституциясида, 44 таси Буюк Британиянинг Конституция мақомидаги ҳужжатида, 48 таси Германия Конституциясида, 55 таси эса Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Мазкур таҳлил Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига юқори даражада аҳамият берилиб, улар Конституция билан мустаҳкам кафолатланганидан далолат беради. Кўринадики, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига кенг ўрин берилиши замирида эркин ва фаровон жамият барпо этишдек олий мақсад мужассамлашган. Зеро, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини юксак даражада таъминлаш эркин ва фаровон жамият барпо этишда асосий омил бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Насир Ражабов,

Ўзбекистон Республикаси Жамоат

хавфсизлиги университети Тилларни

ўрганиш кафедраси профессори, ф.ф.д.(PhD), доцент