Ўтган йиллар давомида адлия, суд-ҳуқуқ, прокуратура тизимида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларни кўз олдингизга келтириб кўринг: уларнинг барчаси замирида инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг самарали механизми шаклланди. Шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳани янада демократлаштиришга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Асосий Қонунимизнинг 15-моддасида: «Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар», дея мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас.

Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашнинг галдаги шарти, бу аҳолининг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини юксалтириш билан боғлиқ.

Биз ҳар қанча мукаммал қонунлар яратмайлик, агар фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти етарлича бўлмас экан, кўзланган мақсадга эришишимиз қийин кечади. Шу маънода, Конституция ҳамда қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданиятни ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ҳамда фаолият тарзига айлантириш йўлидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз ўринлидир.

Бу борада Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан «Сўров бўйича ҳуқуқий тарғибот» лойиҳаси доирасида давлат органи ва ташкилоти ходимларининг ҳуқуқий билимлари ошириб келинмоқда. Яъни давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига конституциявий билимлар бериш баробарида уларнинг билим ва тафаккурларини синовдан ўтказиш мақсадида «Конституция ҳафталиги» эълон қилинган. Аввало, ушбу фаолиятни бошлашимизга улар билан йил бошиданоқ тасдиқлаб олинган ҳамкорликдаги Меморандумларимиз асос вазифасини ўтамоқда. Чунки ҳар қандай ҳамкорлик эришилиши кутилаётган ва қўйилган мақсадни тизимли равишда олиб боришга ундайди.

Шу маънода, ҳафталик доирасида адлия бошқармаси, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ҳамда Наманган вилоят юридик техникуми билан ҳамкорликда 20 та давлат идораларида ҳуқуқий ахборот кунлари ташкил этилиб, айни бир вақтда бу жараён қизғин давом этмоқда. Мазкур учрашувларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини махсус тест орқали синовдан ўтказиш ва баҳолашга эътибор қаратилмоқда.

Умумий таҳлиллар шуни кўсатмоқдаки, олинган тест натижаларида ходимларнинг 45 фоизи юқори, 30 фоизи ўрта ва 25 фоизи паст натижалар билан баҳоланди. Бу эса улар билан келгусида алоҳида тизимли ишлаш ва соҳа ходимларини мунтазам равишда янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини ўрганишга эҳтиёжлари борлигини аниқлашга имкон бермоқда.

Ўтаётган ҳафталикнинг аввалгиларидан фарқи, бунда хориж тажрибасининг миллий ҳуқуқ тизимимиздан асосий фарқлари ва конституция бўйича асосий фактлар билан бойитилган маълумотлар билан таништириб бориш соҳа ходимларининг қизиқишига сабаб бўлмоқда.

Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик руҳи билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланяпти. Табиийки, булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Буларнинг туб замирида Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ҳамда вазифаларни сўзсиз ижро этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлару машаққатлар ётибди.

Хайрулло СОБИРОВ,

Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.