Миллий мафкура ва маънавият ўз-ўзидан адо этилиб кетилаверадиган вазифа эмас. Ҳар қандай мамлакат тараққиётига эришиш, халқ тинчлигини сақлаш, турли ижтимоий қатлам, диний конфессиялар, миллат ва элат, жинслар ўртасида тенглик сиёсатини юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга риоя қилиш, халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонишни таъминлаш учун ҳамиша мустаҳкам, ҳар тарафлама такомиллашган, янги замон талабларига тўла жавоб берадиган мукаммал тизим яратилиши ва жамиятда миллий мафкура ва маънавият тарғиботи технологияси фаол ишлаб турмоғи зарур.
Жамиятни уч муҳим тизим – қонун, мафкура ва маънавият бошқаради. Қонунларни давлат қабул қилади. Миллий мафкура халқники ҳисобланади. Маънавият эса кўп асрлик миллий ва умуминсоний қадриятларга суянади. Бироқ бу уч тизим бир-бирини инкор этмаслиги, бир-бирига зид ғоя ёки қатъиятларни ўртага қўймаслиги, бир-бирининг фаолиятига халақит бермаслиги, аксинча, бир-бирини қўллаб-қувватлаши, тўлдириши шарт. Содда айтганда, миллий мафкура ғояларига садоқатли ва маънавияти юксак шахсдан, сўзсиз-шубҳасиз, давлат қонунларига қатъий амал қилиб яшаш ҳам талаб этилади.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида тамоман янги миллий мафкура ва маънавият тизими шакллантирилди. Модомики, халқнинг орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари, манфаатлари, қизиқишларини ифодалаб, уларни ҳимоя қилишга қаратилган ғоялар тизими (йиғиндиси, мажмуаси) “миллий ғоя”, буни ҳаётга бевосита татбиқ этиш эса “миллий мафкура” бўлса, бу – бизда бор, шаклланган, ишлаяпти ва такомиллашиб боряпти ҳам.
1994 йилнинг 23 апрелида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташкил этилди. 1999 йили Республика Маънавият ва маърифат кенгаши тузилди. Унга ҳозирги пайтда мамлакат Президенти раислик қилади. Минтақа ва ҳудуднинг биринчи раҳбари – ўша минтақавий ва ҳудудий Маънавият ва маърифат кенгаши раиси. Мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус таълим, олий таълим тизимида миллий мафкура ва маънавият асослари, у билан боғлиқ таълим-тарбия тизими мавжуд. Оммавий ахборот воситалари, маданият ташкилотлари, адабиёт ва санъат моҳият эътибори билан бевосита миллий мафкура ва маънавият тарғибига хизмат қилади.
Аммо ҳаёт ҳар куни, ҳар соатда жамият олдига янги-янги, хилма-хил, баъзан ҳатто кутилмаган масала қўяди ва у оқилона ечим кутади. Оқилона ечим эса халқнинг орзу-интилишлари, мақсад-муддаолари, манфаатлари, қизиқишларидан келиб чиқиши, энг муҳими, унга асло зид келмаслиги керак. Демак, миллий мафкура ҳам, бунга боғлиқ ҳолда маънавият ҳам тинимсиз равишда замонга мос хулоса ва позицияни талаб этади. Миллий мафкура ва маънавият соҳасининг мураккаблиги ҳам ана шунда.
Фикр ва ғоя майдони ҳамиша иккига бўлинади. Жамиятда эзгу ғоялар ёнида бузғунчи ғоялар ҳам юраверади. Халқ мақолида доноларча айтилганидек, эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Элак-ку тутиб бўлмас, бироқ бу икки бир-бирига зид ғоялар тинимсиз тўқнаш келаверадиган жамиятда фуқаро унисига ишонсинми ё бунисигами? Бу ёғи – энди оғир масала, ҳатто ўта мураккаб жараён. Чунки ҳар кимнинг ихтиёри ўзида-да. Шундай экан, ҳамманинг ҳам айнан эзгу ғоялар тарафдори бўлишига ким кафолат беради? Энг ёмони, тарқатилаётган ҳар қандай фикр, хабар, ғоя ёки мафкура орқасида турган манфаатдор кучлар бор.
Кейинги йилларда ижтимоий тармоқлар кутилмаган даражада кучайиб кетди. Бугун интернетга ўрганган одамни бир кун ундан узиб қўйинг, қани, нима бўлади? Оламни бошига кўтаради. Яшириб нима қилдик, ҳозирги замонда одам боласининг, катта зарурат бўлмаса, бир кун ҳам овқат емай, суюқлик ичмай яшашини тасаввур қилиб бўлмагани сингари қўлида замонавий телефони ё компьютери бор кишиларнинг ижтимоий тармоқларсиз бир кунини ўтказишини ҳам ақлга сиғдириб бўлмай қолди.
Мафкура ва маънавиятнинг биз юқорида санаган тизимларида-ку муайян даражада “элак” мавжуд. Эҳтимол, уларнинг эзгу ғоялар тарғиботи билан шуғулланишини таъминлаш, фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш, қайсидир маънода ишини тартибга солишга эришиш мумкиндир. Лекин ижтимоий тармоқлар орқали тинимсиз, ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқа, ҳар сонияда Ўзбекистон халқининг онг-тафаккури ва қалбини эгаллашга қаратилган бузғунчи ғояларга қарши қандай кураш олиб борамиз?
Бугун бу миллий мафкура ва маънавият ишини мустақилликнинг дастлабки чорак асридагидан кўра тамоман бошқа даража ва технологиялар асосида олиб боришни тақозо этяпти. Шундай экан, кимларгадир эски бўлиб туюладиган доно гапни қайта-қайта такрорлашдан асло чарчамаймиз: фикрга қарши – фикр, ғояга қарши – ғоя, жаҳолатга қарши – маърифат билан жавоб қайтаришга мажбурмиз. Ҳаётнинг ўзи шуни талаб қилади. Зарурат шуни тақозо этади.
Кўнгилда бир таҳлика мавжуд: кейинги йилларда ҳозирги 30 ёшгача бўлган аҳолимизнинг онг-тафаккурини шакллантиришда кўп нарсани бой бериб қўймадикмикин? Бугун баъзиларга қўйиб берсангиз, ҳатто “миллий мафкура”, “маънавият” каби тушунчаларни “эскирган”, борингки, “аҳамиятсиз” деб билади. Бу тушунчалар бир қадар киноя, сарказм мавзусига айланганини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Бу саволга чиройли сўзлар билан, икки оғизгина қилиб ёки дабдурустдан жавоб қайтаришнинг ҳеч иложи йўқ.
Шунинг учун аввал бугун бизга айнан нималар кўпроқ таҳдид солаётганини бир карра назардан ўтказишга тўғри келади.
Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини нишонлаётган пайтимизда ҳам эски даврни қўмсаш хавфи мавжуд. Ҳолбуки, икки жиҳатдан шўро даврини оқлашга асло ҳаққимиз йўқ. Биринчидан, биз мустамлака эдик. Ўтмишда бўлсин, ҳозир бўлсин, келажакда бўлсин, мустамлакачиликни асло-асло оқлаб ҳам, қўмсаб ҳам, тарғиб қилиб ҳам бўлмайди. Бу – занжирбанд шернинг озод этилганидан кейин яна ўша темир боғичини соғинишидай гап. Иккинчидан, коммунистик мафкура, таъбир жоиз бўлса, 74 йил инсоният жамияти устида сиёсий эксперимент ўтказди. Бойлар мулкини қурол билан тортиб олиб, ишчи ва деҳқонга бериш ғояси билан давлат мулкига айлантирди. Инсоннинг ички табиатига зид, сунъий “социализм” деган бир ижтимоий тузум қурди. Одамларни келажакда қурилажак “коммунизм” деган утопик бир жамият ваъдаси билан алдади. Ҳолбуки, халқаро меъёрлар сиёсий эксперимент у ёқда турсин, ҳатто айрим даволаш усуллари бўйича одамлар устида эксперимент ўтказишни ҳам тақиқлайди. Бу сиёсий эксперимент ўзини мутлақо оқламади: социализмни илк бор жорий этган давлатнинг ўзи ундан биринчилардан бўлиб воз кечди.
Сўнгги йилларда жамиятимизда вазият ўзгариб, янгиланиб кетди. Албатта, миллий мафкура ва маънавият борасида ноанъанавий ёндашувлар керак. Бироқ мафкуравий ва маънавий-маърифий соҳада усул бирламчи эмас. Тарғиботда одамга фикрий таъсир ўтказишнинг ҳар қандай, яъни чексиз усул ва услубларидан фойдаланавериш, миллий мафкура ва маънавият тарғиботида анъанавий усулларни ҳам, замонавий усулларни ҳам бирдай қўллаш керак.
Баъзан ижтимоий-маънавий муҳитни аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномалар асосида аниқламоқчи бўламиз. Албатта, ҳеч ким бунга қарши эмас. Аммо, ишонингки, бундай сўровномалар йўли асл манзарани тўлиқ тасаввур қилиш имконини бермайди. Биринчидан, сўровномада муайян саволларгина берилади, холос. Иккинчидан, бунда барибир аҳолининг жуда-жуда оз қатламигина қамраб олинади. Учинчидан, бизда ҳозирча бундай пайтларда одамларимиз юрагидаги чинакам, асл муносабатини ифодалашдан кўра, кўпроқ бошқалар нима деяётганига қараб иш кўришга мойилроқ.
Агар икки киши сўзлашаётган ҳар қандай макон мафкура полигони бўлса, миллий мафкура ва маънавият ҳолатини аниқлаштиришнинг жуда кўп тармоқларга эга комплекс тизими ишлаши зарур. Миллий мафкура ва маънавият масаласини, ҳаётдан, борингки, сиёсат ва иқтисодиётдан айри, фақат ахлоқ-одоб, маърифат, маданият, адабиёт, санъатдангина иборат, деб тушунадиганлар жиддий хато қилади.
Ҳақиқат фикрий курашда ойдинлашади. Шундай экан, бугун жамиятга таҳдид солаётган ёт ғоялар айнан нималардан иборат? Кимлар бу ғоялар орқасида турибди? Аҳолининг айнан қайси тоифаси ёт ғоялар таъсирига осон тушиб қоляпти? Қандай сабаб ва омилларга кўра, бу тоифа одамлар фикран оғяпти? Бу ҳолатларнинг жиддий ижтимоий-иқтисодий сабаблари нималардан иборат?
Бугун ахборот майдонида Ўзбекистонимизда ошкора ё пинҳона тарзда давлат ва халқ ўртасини бузишга қаратилган қаттиқ кураш кетяпти. Бундан кўз юмишнинг асло имкони йўқ. Шу мақсадда душманларимиз ижтимоий тармоқлардан жуда унумли фойдаланмоқда. Халқ онгида шундай тасаввур уйғотиляптики, гўё давлат идораларида ишлаётганларнинг кўпчилиги – ўғри, каззоб, порахўр эмиш. Астағфируллоҳ!.. Гўёки давлат идоралари ходимларининг фаолияти фақат мамлакат бойликларини ўзлаштириш, халқни талашдангина иборат бўлиб қолган. Ҳолбуки, мустақиллик байрамида нимани нишонлаймиз ўзи? Айнан давлатга эга бўлганимизними? Ахир, давлат халқнинг энг катта бойлиги эмасми?
Бир нарсага аниқлик киритиб олайлик: давлатни қоралаш – бошқа, давлат идоралари ходимлари фаолиятидан норозилик – тамоман бошқа нарса. Ёт ғоялар тарғиботчилари аҳолининг катта қисми ана шу икки нозик тушунчани фарқлаб ололмаслигидан фойдаланиб, давлат идоралари ходимлари фаолиятини танқид қилиш орқали зимдан давлатнинг ўзига зарба бериб, фуқароларни ўз миллий давлатига қарши қайрашни кўзда тутяпти. Ноқонуний фаолияти билан халқнинг ўз миллий давлатига ишончини йўқотишига сабаб бўлаётган ходимлар йўқ эмас, албатта. Аммо давлат уларнинг касрига қолмаслиги керак.
Баъзи профессионал журналистлар ҳам: “Оммавий ахборот воситаларининг асосий вазифаси – халқнинг дардини давлатга айтиш”, деганига кўп гувоҳ бўламиз. Нима, оммавий ахборот воситалари давлат сиёсатини халққа етказиш билан шуғулланмаслиги керакми? Аммо айрим оммавий ахборот воситаларининг фақат давлат сиёсатини тарғиб қилиш билангина шуғулланиб қолаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Ёки “халқ дардини давлатга етказаман”, деган ақида билан билиб-билмай давлат сиёсатига бефарқ ёки қарши тарғиботга ўтиб кетилишига йўл қўйиб бўлмайди. Ҳар қандай танқид прагматик бўлиши керак. Давлат сиёсатининг айрим жиҳатлари ҳақида асосли тарзда мулоҳаза билдириш маданияти шаклланиши зарур.
Ижтимоий тармоқларда давлат, Конституция, қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга очиқдан-очиқ провакацион муносабатлар бўляпти-ю, ҳеч ким бунга расмий, асосли, мантиқли, профессионал даражада жавоб қайтармаяпти. Бир хато факт, қараш, ғоя инкор этилмас экан, халқ уни шундайича қабул қилмайди, деб ким кафолат беради?
Мафкура борасида эса мавзу ёки масаланинг катта-кичиги бўлмайди.
Аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, табиатига кўра, кенг омма фикран оғишга мойилроқ бўлади. Душман шундан фойдаланади. Демак, ғоявий-мафкуравий, маънавий-маърифий жиҳатдан халқни тўғри йўлга етаклаш шу соҳаларга масъул зиёлиларнинг бирламчи вазифасидир. Ҳозирги мураккаб мафкуравий ва маънавий вазият илғор зиёлиларимизнинг ниҳоятда фаоллашишини тақозо этади. Зиёлиларни фаоллаштиришнинг тарихда минг карра синалган биттагина асосий йўли бор. Бу – улар фаолиятини моддий манфаатдорлик асосига қуриш. Масалан, агар оммавий ахборот воситалари яхши қалам ҳақи тўласа, ишонаверинг, ижод аҳли, сўзсиз, фаоллашади. Битта локомотив кўплаб вагонларни тортгани сингари мунавварлармиз ҳам мамлакат аҳлини тўғри йўлга бошлаши керак.
Шу йилнинг 30 апрелида мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий ҳодиса юз берди: референдумда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди. У 1 майдан кучга кирди. Энди Бош қонунимизни омма орасида кенг тарғиб этишимиз керак. Бироқ Конституция тарғиботини нопрофессионал даражаларга тушириб қўйишнинг фойдасидан кўра зиёни кўп. Бу одамларни бездиради. Истайсизми-йўқми, ишга ёлғон аралашади. Ҳаққонийлик ва самимийлик ўрнини юзакилик, ясамачилик, ялтир-юлтирчилик, “ура-ура”чилик ва сохтакорлик эгаллайди.
Амалда Конституция ва қонунларни билмаган фуқаролар фақат ва фақат раҳбарлари топшириғини бажаради, холос. Бу топшириқларнинг қонунийми ёки қонунга зидми экани билан мутлақо қизиқмайди. Чунки билмайди-да. Аҳолининг онгсизлиги ҳамма замон ва маконларда ҳам бир ҳовуч одамларга жуда-жуда қўл келади, бу тоталитаризм, монополизм, авторитаризм, диктатура, бюрократия ва башариятни орқага тортадиган яна қанчадан-қанча иллатларнинг сойига сув қуяди.
Фуқаронинг Конституцияни билмаслиги охир-оқибат унинг зиёнига ишлайди. Чунки у айнан билмагани учун ўзига берилган ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланмайди. Тараққиёт қонунларда белгиланган асосда юз бериши керак. Бўлмаса, бошбошдоқлик авж олиши, яъни давлат ҳам чегарадан чиқиши, халқ ҳам давлатга бўйсунмай қўйиши мумкин.
Конституцияни янгилашдан кўзланган бош мақсад – тараққиёт ва яна тараққиёт. Нима қилсак қилайликки, мамлакатимиз имкон қадар тезроқ илғорлар сафидан ўрин олсин.
Тараққий этмасак, бўлмайди. Ахир, иқтисодий кўрсаткичлар бўйича айрим ён қўшниларимиздан ҳам йиллар орқада қолдик-да. Бунинг ҳам объектив, ҳам субъектив сабаблари бор, албатта. Марказий Осиё умумаҳолисининг тенг ярми Ўзбекистонимизда истиқомат қилади. Лекин бизда ҳудуд озроқ, аҳоли кўп. Бизнинг юкимиз жуда оғир. Ўзимизнинг хос муаммоларимиз ҳам ошиб-тошиб ётибди.
Бироқ мамлакат жадал ривожланиш босқичига кирганини кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан ушлаб, сезиб турибмиз. Кейинги йилларда пойтахтимизнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳудудида 1 миллион аҳоли учун янги уй-жойлар бунёд этилди. Бу – катта бир шаҳар, деган гап. Ана шу кўп қаватли янги иморатлар орасидан ерусти метроси ўтказилди. Унда юрсангиз, ўзингизни бошқа бир шаҳардадек ҳис қиласиз.
Бизда қандай маданият, қанақа юксак тамаддун равнақ топган, аждодларимиз башарият умумтараққиётига қандай улкан ҳисса қўшган! Ўша халқнинг авлоди сифатида ривожланишга ҳар биримиз қўлимиздан келгани қадар ҳисса қўшишимиз зарур. Шунинг учун янгиланган Конституция давлатнинг гарданига ҳам, халқнинг бўйнига ҳам янги-янги вазифалар юклайди. Энди шуни оғишмай амалга ошириш шарт бўлади.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими