Шундай тадбирлардан бири жорий йил 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида бўлиб ўтди. Унда Марказий банкнинг марказий аппарати ва ҳудудий бош бошқармалари, тасарруфидаги ташкилотларнинг барча ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров сўзга чиқиб, Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар юзасидан батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, Конституцияга ўзгартишлар «инсон -жамият -давлат» принципига асосланган бўлиб, миллий конституциявий ўзликни акс эттиради ва амалдаги Конституциямизнинг барча бўлимларига туб ўзгартишлар киритишни назарда тутади.
Шунингдек, сенатор томонидан пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг бошқа турлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмаслиги Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилаётганлиги қайд этиб ўтилди.
Муҳокамалар жараёнида тадбир қатнашчилари Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, шунингдек, ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Учрашув якунида қўмита раиси мамлакатимиз тараққиёти ва келажаги юртдошларимизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокига боғлиқлиги, келгуси равнақимиз учун муҳим аҳамият касб этишини ҳис қилган ҳолда барчани мазкур жараёнда бефарқ бўлмасликка чақирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.