Айниқса, бугун ривожланиш, глобаллашув жараёнлари амалга оширилар экан, халқ, жамият ва давлатнинг тутган йўли, танлаган мақсади ва ғоялари бунга ҳамоҳанг ҳолда даврий ислоҳотларни тақозо қилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳам бундан мустасно эмас.
Шуни тан олган ҳолда, ҳозирги кунга қадар Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни эътироф этиш баробарида, кун сайин ўзгариб, янги қонунлар қабул қилинаётганлиги ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги сабабли ҳам Конституциямизни ислоҳ қиладиган давр етилиб келди, дея айта оламиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини белгилаб берувчи бобида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги, суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши (37-модда), ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгалиги ҳамда иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланиши (38-модда), шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида давлатнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини амалга оширишдаги кафолатлари (58-модда) мустаҳкамланган.
Аммо фуқаролар меҳнат ҳуқуқларининг ҳимояси Конституция ва қонунлар даражасида кафолатланган бўлишига қарамасдан, яқин даврларга қадар, ҳаттоки давлат органларининг масъуллари томонидан ҳам юқорида кўрсатилган деярлик барча масалалар бўйича қонун талаблари бузилишларига йўл қўйиб келинганлигидан хабаримиз бор.
Бугунги кунда кўрилган кескин чоралар натижасида жамиятда мажбурий меҳнат ва бир қатор бошқа кўринишдаги шу каби иллатларнинг салмоғи анча пасайган бўлса-да, бироқ суд ва ваколатли органларга бўлаётган мурожаатларнинг камаймаганлиги, бу йўналишда янада таъсирли ҳуқуқий механизм ва чораларни қўллаш зарурлигидан далолат бермоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш конституциявий ислоҳотларнинг муҳим мақсади эканлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас.
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳасининг айнан фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқига оид масалаларига эътибор қаратсак, мамлакатимиз зиёлилари ва бошқа вакилларининг ушбу жараёнларга бефарқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, Конституциянинг 37-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра, ҳар кимга муносиб меҳнат қилиш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ва адолатли ҳақ олиш ҳуқуқи кафолатланаётганлиги билан бирга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши кераклигини белгилаб қўйилаётганлиги, инқилобий ўзгаришлардан ҳисобланиб, ушбу таҳрирни шу ҳолича сақлаб қолиш муҳимдир.
Шунингдек, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш (асоссиз равишда рад этиш тарзида ўзгартирилса, мақсадга мувофиқ бўларди), ишдан бўшатиш (...ва ишдан бўшашга мажбурлаш мазмунида берилса, янада аниқроқ ифода қилинган бўларди) ва уларнинг иш ҳақини камайтиришнинг тақиқланаётганлиги ҳам оила ва турмушдаги мавжуд кўплаб ижтимоий муаммоларни (оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилишлар ва ҳоказо) бартараф этишга, албатта ижобий таъсирини кўрсатади.
Бундан ташқари, таътиллар билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларнинг Асосий қонундан ўрин олаётганлиги ҳам таҳсинга сазовардир. Жумладан, ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга (фикримизча, бу ерда бола парваришлаш билан боғлиқ бўлган даврда ҳам ҳақ тўланадиган таътил берилиши назарда тутилиши зарур) ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқишнинг (фарзандликка олиш билан боғлиқ ушбу жумлани лойиҳадан чиқариб ташлаш масаласини кўриб чиқиш керак. Чунки, болани фарзандликка олинишининг ўзи аёлга таътил ва шу билан боғлиқ бошқа барча ҳуқуқларни тақдим этади. Матндан эса гўёки болани фарзандликка олиш давригагина аёлнинг таътил олиш ҳуқуқи тушунилади) конституциявий ҳуқуқига эга бўлади. 38-моддада таклиф қилинаётган норманинг дам олиш ва байрам кунлари билан боғлиқ қисми аниқ очиб берилмаганлиги сабабли, ушбу мавҳумликни қайта таҳрирлаш зарурлиги кўринади.
Юқорида келтирилган конституциявий ислоҳотларнинг айрим намуналаридан кўриниб турибдики, мазкур ислоҳотлар аввало халқнинг манфаати йўлида хизмат қилади. Давлатнинг фуқаролари олдидаги масъулиятини оширади. Шу боис, мамлакатимизда кечаётган конституциявий ўзгаришлар барчамиздан янада фаолроқ бўлиш, ўз таклиф ва фикр-мулоҳозаларимиз билан мазкур тарихий жараённинг иштирокчисига айланиш зарурлигини тақоза этмоқда. Шундай экан, юртимиз келажаги ва мамлакатимиз тараққиёти учун четда турмайлик.
Хайриддин Файзиев,
Юристлар малакасини ошириш
маркази кафедра мудири вазифасини бажарувчи