Бугунги Тараққиёт стратегиясининг мақсадларини амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифа бўлиб турибди. Яқинда икки йирик партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий Тикланиш” демократик партияси томонидан конституциявий ислоҳотлар ўтказиш масаласи кун тартибига олиб чиқилиши ҳам бежиз эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституцияни янгилашдек стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама бамаслаҳат ҳолда қарор қабул қилиниши хақида фикр билдирар экан, шу ўринда жаҳондаги илғор тажрибаларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва таҳлилий хулосалардан кейингина аниқ қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Хўш, ушбу масала ривожланган давлатларда қандай бўлган экан? Уларнинг баъзиларини кўриб чиқсак.

Умуман олганда, хорижий конституциявий ўзгаришлар таҳлиллари шуни кўрсатадики, кўпчилик конституцияга киритилган ўзгаришлар бу жамиятдаги экология, қадриятларнинг камситилиши, миллатлараро тотувлик муаммолари, хавфсизлик, инсон қадри ҳамда умуминсоний қадриятларни юқори қўйиш каби йўналишлардаги талаблар асосида ўзгартиришлар киритилган.

Масалан, Словакия Республикаси хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада фуқароларнинг хуқуқ ва бурчлари масаласида 1992 йилдаги Конституциясининг 17-моддасига 2015 йилда “террорчиликда гумон қилинган шахсларни полиция 96 соатгача (олдин 48 соат эди) ушлаб қолиши белгиланди”. Ёки Францияда 2015 йилда террорчилик ҳаракатлар сабабли миллатни ҳимоя қилувчи конституциявий қоида киритилди.

2019 йилда Чилида ҳам халқ фуқаролик позициясини намоён қилиб, 1980 йилда кабул қилинган Конституциясига ўзгартиришлар киритишга эриша олди. Шу тариқа, 2020 йил 25 октябрда Чилида референдум бўлиб ўтди, 2022 йилда эса қоидалар амалга оша бошлади. Бу сиёсий жараёнлар Чилининг фуқаролик жамияти ривожланишида катта воқеа бўлди.

Ёки Малайзия Конституциясини олайлик. Давлат Конституцияси 1957 йилда қабул қилинган бўлиб, унга 1963 йил биринчи маротаба, жами 42 маротаба ўзгартириш киритилган экан. Улар асосан фуқаролик бурчи ва ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, депутатлар қасамёди, сенаторларни сайлаш ва тайинлаш тартиби каби масалаларга қаратилган.

Ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Бундай ўзгаришлар бизнинг Конституциямиздан ҳам ўрин олиши ўта долзарб.

Хулосада айтиш керакки, янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайди. Бугунги шиддатли давр замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳаси тайёрланиши, албатта, халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлар эди.

Феруза Ўсарова,

ЎзРФА ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари

бўйича мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори в.б.,

сиёсий фанлар номзоди, доцент.