Унда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламентининг Конституциявий ислоҳотлардаги иштироки муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВнинг ролини ошириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилувчи янги қонунларни ишлаб чиқиш ва амалдагиларига замон талабларига мос равишда қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Бош Қомусимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштириш давр тақозоси эканлиги, унда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни акс эттириш борасида бошланган тарихий ишлар алоҳида айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар бу борада зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи конституциявий маконни янада такомиллаштириш эҳтиёжини кун тартибига қўймоқда.

Давра суҳбатида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари томонидан Конституцияни такомиллаштириш бўйича бир қатор фикр-мулоҳазалар ўртага ташланиб, таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.