Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.
Семинарни ўтказишдан мақсад кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатиш соҳасида давлат ва жамият ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини уйғунлаштириш, илғор хорижий тажрибалар, миллий-меъморий ечимларни оммалаштиришдан иборат.
Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда кўп хонадонли уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, ундан тегишли равишда фойдаланиш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ўз навбатида, соҳада эришилган ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Хусусан, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларга янгича бошқарув тизимини татбиқ этиш мақсадида Россия, Германия, Хитой, Корея, Грузия, Украина, Беларусь, Татаристон, Қозоғистон ва бошқа бир қатор хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилди.
Шундан келиб чиқиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан ҳудудларда Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармалари ташкил этилди. Мазкур жамғармаларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда маблағи ажратилмоқда. Бу эса, оғир аҳволдаги ширкатларнинг ўз фаолиятини тиклашда муҳим омил бўлмоқда.
Семинарда депутатлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Германия Федератив Республикасининг «DENA» энергетика агентлиги билан ҳамкорликда кўп квартирали уйларда энергия тежамкорлик ва энергия йўқотишларини камайтиришга қаратилган лойиҳаларнинг амалга оширилаётганини эътироф этдилар.
Тадбирда кўп қаватли уй-жойларга коммунал хизмат кўрсатишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таклиф ва тавсияларга бой бўлган тадбирда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.