Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим агентлигида Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари – Мактабгача таълим агентлиги директори Агриппина Василевна Шиннинг Пучон университети Президенти жаноб Хан Чонг Сок бошчилигидаги Корея делегацияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда мактабгача таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Пучон университети фаолияти билан боғлиқ кенг кўламли ташкилий масалалар муҳокама қилинди.
Жаноб Хан ўзининг кириш нутқида Корея томони мактабгача таълим соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда салоҳиятни оширишга интилаётганини алоҳида таъкидлади, шунингдек, Пучон университетининг сўнгги ютуқлари ва ривожланиш истиқболлари ҳақида қисқача маълумот берди. Мактабгача таълим агентлиги раҳбариятига Ўзбекистон-Корея муносабатларини ривожлантиришга қўшган бебаҳо ҳиссаси ва Тошкент шаҳридаги Пучон Университетини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Шу билан бирга, Корея делегацияси раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлиги ва жиддий эътибори остида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий натижаларига юқори баҳо берди.
Учрашув доирасида жаноб Хан Тошкент шаҳридаги Пучон университетини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди, шу жумладан:
– бошқарувчи кадрлар тайёрлаш факултети ва бошланғич синф ўқитувчиларини тайёрлаш факултетининг очилиши;
– Мактабгача таълим тизимига тегишли ва республика, вилоят марказларида жойлашган 14 та педагогика коллежи негизида Пучон университетининг минтақавий бўлинмаларининг очилиши;
– педагог кадрларнинг узлуксиз касбий ўсиши ва малакасини оширишни таъминлаш;
– корейс мутахассисларини тегишли дастурлар ва методик қўлланмаларни ишлаб чиқишга жалб қилиш орқали таълимнинг юқори сифатда бўлишини таъминлаш;
– инновацион ўқитиш усулларини жорий этиш;
– университет томонидан амалга оширилаётган таълим жараёнини оширишга қаратилган дастурлар мониторинги ва таҳлилини кучайтириш;
– истиқболли ва иқтидорли талабалар иштирокида мустақил тайёргарлик кўриш ва менторлик гуруҳларини ташкил этишга қаратилган қўшимча дастурларни ишлаб чиқиш орқали талабаларнинг потенциал билимларини ошириш.
Томонлар Корея томонининг инновацион таклифларини Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизими эҳтиёжларига мослаштириш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлиги тўғрисида келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг таълим масалаларига эътибори ортиб бораётган бир шароитда Корея томони ушбу соҳада белгиланган мақсад ва вазифаларни самарали амалга оширишда республикага ҳар томонлама кўмак бериши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашув якунига кўра, томонлар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим агентлиги ва Пучон университети ўртасида мактабгача таълим соҳасида фаол мулоқотни таъминлаш учун мунтазам икки томонлама учрашувлар ўтказиш амалиётини давом эттириш тўғрисида ўзаро келишувга эришдилар.