Бир ойдан бери фаолият юритаётган ушбу лабораторияни Жанубий Кореянинг мазкур ОТМ ўқитувчи-профессорлар таркиби вакиллари, ҳамда уларнинг қўл остида тегишли таълим олган маҳаллий мутахассислар бошқаради ва унда вахта усулида ишлайди.
Профессор Сеунг Юн (Seung Joo, Yoon) тушунтириб берганидек, мазкур лаборатория COVID-19 касаллигини ташхислаш мақсадида PCR тестини ўтказишга ихтисослашган. Уни ташкил этиш зарурати Ўзбекистон фуқароларининг Корея Республикасига кетиши, жумладан, меҳнат миграцияси доирасида йўл олиши туфайли пайдо бўлган. Пандемия шароитида Кореяга боришнинг муҳим шарти сифатида Ўзбекистондан учишдан 48 соат аввал COVID-19га топширилган тестнинг манфий чиқиши саналади.
Тошкент шаҳрида Корея лабораторияси очилгунга қадар Кореяга Ўзбекистондан қўлида манфий тест натижаси билан учиб борганларнинг деярли ярми Сеулдаги тестдан ўтганда коронавирус инфекцияси юқтиргани маълум бўлган. Бу лаборатория ишлашни бошлаши билан Кореяга учиб бораётган ўзбекистонликларнинг COVID билан боғлиқ муаммосига чек қўйилди.
Бу ҳар иккала томон учун ҳам жуда муҳимдир. Чунки Кореяга учиб борганларда агар инфекция аниқланса, улар ё Кореяда ўз ҳисобидан икки ҳафта давомида даволаниши керак бўлган. Бу 5 минг доллар атрофида харажат деган сўз. Ёки Ўзбекистонга қайтиб кетиши керак бўлган. Бу ҳам ўз ҳисобидан, албатта.
Миллий палата таклифига мувофиқ, Кореялик шифокорлар Ўзбекистоннинг COVID-19га тест ўтказадиган бошқа лаборатория мутахассисларини мазкур лаборатория тажрибасига асосан ўқитишга тайёр, деб хабар беради Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати.