Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжу шаҳридаги ваколатхонаси, мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси вакиллари «Hyundai Heavy Industries» компаниясининг Мокпо шаҳридаги «Hyundai samo» кемасозлик заводида бўлиб, у ерда меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан учрашув ўтказди.
«Hyundai Heavy Industries» дунёдаги энг йирик кемасозлик компанияси ҳисобланади. У айни пайтда дунёнинг 500 та йирик компания рейтингида 355-ўрин ва саноат ускуналари соҳасида 4-ўринни эгаллаган. Ушбу компаниянинг Мокпо шаҳрида жойлашган заводларидаги ўзбек ишчиларининг сони қарийб 300 нафарни ташкил этади.
Учрашув доирасида ушбу минтақада ишлаётган ва таҳсил олаётган юртдошларимиз билан давра суҳбати ташкил этилди. Уларга Ўзбекистоннинг янги қабул қилинган сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар, сайловларнинг янги меъёр ва тартиб-қоидалар асосида ташкил этилиши ҳақида маълумотлар берилди.
Учрашув давомида ушбу компания томонидан ўзбекистонлик мигрантлар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан иш ва яшаш жойлари ўрганилиб, уларнинг пандемия даврида таътилга бориб келиш тартиби, бир йилга узайтирилган виза ҳақидаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Шунингдек, Чежу шаҳридаги «TG – Tegukongopsa» пластик маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида ишлаётган бир гуруҳ юртдошларимиз билан учрашув ўтказилди.
«TG – Tegukongopsa» ўзбекистонлик ишчи мигрантларни доимий равишда шартнома асосида ишга таклиф қилиб келаётган корхоналардан бири ҳисобланади.
Ушбу корхонада кўп йиллардан бери ишлаётган юртдошларимизга анъанага кўра, Ваколатхона томонидан «Намунали ва содиқ ходим» ташаккурномаси, корхона раҳбарига ўзбекистонлик фуқароларни қўллаб-қувватлаётгани учун ташаккурнома ва совғалар тақдим этилди, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.